3 017
Ойбек Қиличев: "Ҳатто Моуриньо келса ҳам футболчилар майдонда "ёниб" ўйнамаса мураббий ҳеч нима қила олмайди"
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Саудия Арабистонига қарши ўйинида қайд этган натижаси туфайли хафсаламиз пир бўлди. Биз ишонган жамоанинг қўлидан ҳеч нима келмади.
Ўйин ҳақида ортиқча гапириб ўтирмаймиз. Ҳамма ўз хулосасига эга бўлди. Мазкур беллашув туфайли тушкун кайфиятга берилдик. Лекин олдиндан режалаштириб қўйганимиздек, терма жамоамизнинг саудияликларга қарши ўйини борасида ўша беллашув тугаганидан сўнг, ярим тун бўлишига қарамай, дарҳол россиялик мутахассис билан мулоқотга киришдик.
Шу пайт кутилмаганда телефоним жиринглаб қолди. Бу “Қизилқум” етакчиси Ойбек Қиличев эди. У ҳам биз каби мағлубиятдан қаттиқ сиқилган ва кайфиятсиз ҳолатда эди. Шундай бўлса ҳам учрашув ҳақида ўзининг фикр ва мулоҳазаларини билдиришни лозим топди ва шундай деди:
- Футболчиларга ишонч билдирилдими, демак улар ҳам майдонда ўз кучини кўрсатиши керакми? Бўлмаса, терма жамоада нима қилиб юрибсан? Мана, бошқалар ўйнаяпти-ку! Ҳамма мураббий, мураббий деб гапиряпти. Лекин майдондаги футболчилар-чи?
Уларга ишониб майдонга туширдими, энди ишончни ҳам оқлашсин-да! Миллий терма жамоага чақирилган ҳамма футболчи ўйнашга ҳар томонлама тайёр бўлиши керак. Вадим Абрамовни ҳам қўлидан нима келсин, у футболчиларга ишонди ва майдонга туширди. Ҳеч бўлмаганда дурангга ҳам кучи етмади...Майдонга тушгач, ишончни оқлаш шарт, бу ерда баҳона кетмайди.
Майдонда 11 га 11 ўйналади. Йигитлар Ўзбекистон шаънини муносиб ҳимоя қилиши керак-ку! Ахир уларни ортларида Ўзбекистон халқи турибди. Шунинг учун футболчилар “ёниб” ўйнамайдими? Миллий терма жамоа учун ўйнаяптими, жонини жабборга бериб ўйнаш керак. Ахир рақиб ҳам биз билан тенг-ку, улар майдонда 13-14 нафар эмас. Жамоамиз ҳақиқий кучини кўрсатиб рақибни ютса бўларди. Ҳадеб мураббийни айблайвермаслик керак. У ўша ўйинчиларга ишонч билдирдими, бўлди ўша ишончни оқлаш лозим. Майдонда бир-иккита футболчи жон куйдиргани билан иш битмайди. Бутун жамоа бирлашиши ва ғалаба учун курашиши шарт. Афсуски, бизникиларда қўрқув бор. Агар қўрқишса футбол ўйнашни ҳожати йўқ.
Оддий мисол, Тожикистоннинг ўйинини қаранг ёки “Истиқлол”ни олайлик, бу клуб Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида нималар қилди?! Уларнинг футболчилари ғалаба учун ўйнаяпти ва курашяпти. Бизни ўйинчилар нима қиляпти? Бундай таркибга ҳатто Моуриньони олиб келсангиз, агар футболчилар ўйнамаса мураббий ҳам ҳеч нима қила олмайди. Футболчиларни ўзида бўлмаса натижа кутишни кераги йўқ. Барча айб мураббийда эмас, ўйинчилар ҳам айбни ўзидан қидириши керак. Араблар биздан анча кучайиб кетди. Ваҳоланки, биз шу пайтгача араблардан кучайган бўлишимиз керак эди. Ҳатто, Японияни ҳам ютганмиз. Бундай мағлубиятлар бизга тўғри келмайди.
Кўряпсиз, оддий-оддий хатолар бўлди. Ўзимизга-ўзимиз муаммолар қилдик. Якунда хатолар голга сабаб бўляпти. Жамоа ўзига ишониши жуда муҳим. Хатолардан тўғри хулоса чиқарилмади. Айтяпман-ку, футболчиларимиз қўрқиб ўйнашди, ўзларига бўлган ишонч йўқ эди. Тўпни тезроқ шеригимга узатсам ва хато қилмасам, деган хаёл билан ўйнашди.
Тўғри, тактикага ҳам боғлиқ. Футболчиларни жой-жойига қўйиш керак. Бундай вазиятда Америка кашф қилиш шарт эмас. Шунчаки, ким қайси позицияга мослашган бўлса, ўз жойида ўйнатиш лозим. Майли, мураббий футболчиларни ўша позицияларга ишонч билдириб қўйгандир. Фақат буни оқлаш керак. Йўқса, ўйинчи мен бу ерда ўйнай олмайман, ўз позициямга қўйинг деб айтмайдими? Мураббий ҳар бир чизиқда футболчиларга алоҳида вазифалар юклайди ва шунга қараб майдонга туширади. Шундай экан, ўйинчилар ўзига билдирилган ишончни оқлашлари талаб қилинади. Кўряпсиз-ку, ҳеч нима ўхшамади, ҳужумларимиз ҳам. Дарвозага аниқ зарба тепа олишмади. Кўп футболчилар терма жамоага нима учун келишади, тушуниб бўлмайди, - дея сўзини якунлади, футболчи.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб борингCtrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Шолц «тез орада» Путин билан гаплашишга тайёрлигини маълум қилди
Трамп АҚШ бош прокурори лавозимига конгрессмен Гетц номзодини илгари сурди
Реваншда ғалаба қозониш учун Тайсон Фьюрига нима керак?
1 декабрдан ичимлик ва оқова сув учун тўлов фақат электрон шаклда амалга оширилади