22:06 / 16.06.2021
4 073

Азиз Ҳайдаров: «Менга қолса, Абрамовни анча олдин олиб ташлаган бўлардим»


Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) терма жамоалар маркази директори Азиз Ҳайдаров терма жамоанинг Саудия Арабистонига йирик ҳисобда мағлубиятга учрагани ҳақида «Championat.asia» нашрига ўз фикрларини билдирди.

"Ўйинни ҳамма кўрди. Биз учун ҳам, раҳбарият учун ҳам битта тизимда ўйнаб келинган таркибнинг мураббий томонидан учрашувга икки кун қолганида ўзгартирилгани янгилик бўлди. Тўғрироғи, ўйинга танланган режа ўзини оқламади деб айтиш мумкин. Яна йигитларнинг ўз позициясига қўйилмаганини қўшимча қилиш мумкин. Футболчилар жуда қисқа муддат ичида бунга кўника олмади. Ўйлайманки, ёш ўйинчилар ва ишлаб турган мураббийлар бундан тўғри хулоса чиқаради.

Менинг шахсий фикримга келадиган бўлсак, дастлабки икки ўйин биз учун ҳақиқий «тревога» бўлди. Охирги учрашувда эса ўзбек футболининг қаерда эканлиги кўриниб қолди. Мен буни анчадан бери гапириб келаман, ўзбек футболи ўзидан-ўзи бу даражага тушиб қолгани йўқ. Футболимизни так-туги билан ҳамма нарсадан тозалашимиз керак.Чуқурликка тушиб бўлдик, энди ундан кўтарилиш керак. Ўйлашимча, бу ҳаммамиз учун дарс бўлди, футболга тегишли бўлган ҳаммага.

Энди буёғига бизни Осиё чемпионатлари саралаш ўйинлари кутиб турибди. Яқинда Тошкентга етиб келдик, ҳозирча нима бўлиши аниқ эмас. Эртага (17 июнь) конгресс бўлиб ўтади. Бизнинг тақдиримиз ҳам шунда ҳал бўлади.

Абрамов истеъфога чиқариладими? Тўғрисини айтсам, менга қўйиб беришганида уни бугун эмас, анча олдин олиб ташлаган бўлардим. Вақт кам бўлгани учун таваккал қилинмади ва унга имконият берилди. Абрамов билан кўп бирга ишлаганмиз. Лекин очиғини айтаман, ҳозирги куннинг талаблари бўйича бошқа мураббий қидиришимиз керак. Уни яхши ёки ёмон демайман. Кеча ҳамма ютқазди, ўзбек халқи ютқазди. Футболчиларни ҳақоратламасликларини сўраб қолардим, чунки улар келажагимиз, бошқа ўйинчилар қалашиб ётганида ҳам майли эди. Биз олдин уларга яхши шароит яратиб бериб, кейин натижа талаб қилишимиз керак.

Нима бўлганда ҳам ишлашда давом этишимиз лозим. ЎФАдаги ходимлардан тортиб то футболчи ва мураббийларга қадар ҳалоллик ва чин кўнгилдан меҳнат қилиш зарур", - деди ЎФА терма жамоалар маркази директори Азиз Ҳайдаров.

Шунингдек, Ҳайдаров маҳаллий мураббийлардан кимлар терма жамоа талабига жавоб бериши ҳақидаги саволга ҳам ўз фикрлари билан бўлишди. «Айни пайтда менга иш услуби ёқадиган мураббийлар — Рўзиқул Бердиев ва Тимур Кападзе. Кападзе бошқарувидаги ёш »Олимпик« жамоаси ҳозирда яхши ўйин кўрсатмоқда, лекин бу унинг терма жамоа мураббийи бўлади дегани эмас. Ҳаммасини раҳбарлар ҳал қилади», — дейди Ҳайдаров.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида илк марта Жаҳон Чемпионатлари саралаши доирасида сўнгги, 3-босқичга чиқа олмади. Мазкур ўйинда Вадим Абрамов шогирдларига кейинги босқичга чиқиш учун дуранг натижа ҳам кифоя қиларди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Азиз Ҳайдаров: «Менга қолса, Абрамовни анча олдин олиб ташлаган бўлардим»