20:30 / 20.06.2021
3 813

«Европада ўйнай оладиган ўзбек футболчилари кўп» – Элдор Шомуродовнинг агенти Қаҳҳор Мўминов билан катта интервью


Шомуродовнинг Италияга трансфери қандай амалга ошди? Унга қайси клублар қизиқмоқда? Шу ва бошқа ўзбек футболчилари ҳақида Элдор Шомуродовнинг агенти Қаҳҳор Мўминов билан суҳбат уюштирдик.

– Бугунги суҳбатимизнинг асосий қисми, табиийки, Элдор Шомуродов ҳақида бўлади. Лекин мухлисларга сиз қандай агентликка кириб келганингиз, ProSports Management агентлигида қандай иш бошлаганингиз ҳам қизиқ. Айтинг-чи, футболга қандай келиб қолгансиз?
– Мен Самарқандда туғилганман. Онам россиялик. Унинг саломатлигида муаммо пайдо бўлгач, иқлимни ўзгартиришни таклиф қилишган. У СамДУга ҳужжат топшириб, филология факультетини тамомлаган. Кейин туризм соҳасида ишлаган. У Ўзбекистон тарихини яхши кўради ва у ҳақда гапиришни яхши кўради. Айнан Самарқандда онам отам билан танишган.

Болалигимда Самарқанддаги «Динамо» футбол мактабида шуғулланганман. 17 ёшимда Москвага ўқишга кетдим. 2000 йиллар бошида Герман Ткаченко билан танишдим. Унинг раҳбарлигида «Русал» номли йирик алюмин компаниясида ишладим. Кейинчалик Герман Владимирович футбол билан шуғуллана бошлади ва «Крилья Советов» клуби президенти бўлди. Бизнинг корхонада нафақат футбол агентлиги, балки клуб фаолият механизмини ташкил этиш тажрибаси ҳам бор. Ўшанда ProSports Management «Крилья Советов»даги фаолият билан бирга Роберто Карлос, Самуэль Это'О каби юлдузларнинг «Анжи»га келишида ҳам қатнашган.

– Элдор Шомуродов билан қандай танишгансиз?
– Унга эътибор беришимизни ўша вақтда Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи бўлган Самвел Бабаян тавсия қилган. Самвел ака бизнинг директор Герман Ткаченко билан анча вақтдан буён яхши дўст. Ўзаро суҳбатлардан бирида Самвел ака Ўзбекистонда 20 ёшли яхши футболчи борлиги ва у келажакда катта ўйинчи бўлиши мумкинлигини таъкидлаган. У вақтда Элдорни кўпчилик танимасди.

Биз ўзбек футболчилари билан анча олдин ишлай бошлаганмиз. «Крилья»да ишлаган вақтимизда Марат Бикмаев ушбу клуб сафида пайдо бўлганди. Кейин PsoSports Management «Анжи»га Одил Аҳмедовга эътибор қаратишни сўради. Ўшанда Одил Москва «Динамо»сига ўтишига бир баxя қолганда, Герман Ткаченко уни «Анжи»га олиб кетганди. Одил «Анжи»да етакчи бўлиб, кейин «Краснодар»га яхши трансфер қилинди. Компаниямиз билан унинг «Шанҳай СИПГ» клубига трансфер қилинишида ҳам қатнашганмиз.

Уни ўша вақтдаги жамоа бош мураббийи Андре Виллаш-Боаш таклиф қилганди. У Герман билан суҳбатда Аҳмедовнинг ўйинлари ёқиши ҳақида бир неча марта айтган. Виллаш-Боаш унга humble and professional (одобли ва профессионал) деб таъриф берган. Биз ўзбек футболчиларини хорижда таърифлаганда айнан мана шу иборани ишлатамиз. Хуллас, Бабаян бизни таништиргач, Элдорнинг оиласи билан кўришиб, гаплашдик. Шу тариқа, ҳамкорлигимиз бошланиб кетди.

– Шомуродов Италияга агентларнинг ёрдами билан кетди дейдиганлар ҳам топилади, айниқса, Россияда. Буни қандай изоҳлайсиз?
– Компаниямизнинг энг кўринадиган ерида шундай ёзув туради: «Биз фақат бир нарсани – футбол ўйнашни билмаймиз, лекин майдонда яхши ўйнашлари учун ҳамма нарсани қиламиз». Элдор бугунги натижаларига ўз истеъдоди билан эришди. Агентлар футболчиларга ҳар хил масалаларда ёрдам беришади, лекин майдонда агентлар эмас, футболчилар ўйнайди. Элдорнинг Европага кетишига биргаликда эришдик. Балки биз уни дунёга очгандирмиз, шунчаки тўғри ривожланиш йўлини танладик ва у порлади.

– Тўғри ривожланиш йўли деганда нимани назарда тутяпсиз?
– Элдорни ҳали миллий жамоанинг асосий футболчиси бўлмаганида ҳам унга араб клублари ва Хитойдан таклифлар бўлган. Бироқ у фаолиятини Европада давом эттиришни хоҳлаб, Ғарбдан жамоа топишимизни сўради. Бироқ биз унга Европага кўприк вазифасини бажариши учун Россия чемпионатини таклиф қилдик. Бу ерда у юқори даражали ўйинга мослашиши, тез қарор қабул қилиш ва албатта, чет тилини ўрганиши, бир сўз билан айтганда, катта чемпионатларга тайёрланиши мумкин эди.

Элдорга ҳатто Россиядаги катта жамоаларни таклиф қилмадик, чунки катта босим ва рақобат сабаб чўкиб қолишини истамадик. Бизда «Ростов» варианти пайдо бўлди. У ерда эса рақобатчи ҳужумчилар кўп эди. Масалан, Сигурдарссон ва яна бир исландиялик ҳужумчи. Элдор «Ростов»да рақобат жиддий бўлишига қарамай, курашди ва жамоада қолди. Бу учун уни алоҳида олқишлаш керак.

Яна бир нарсани айтмасам бўлмайди: Россияда ҳам, Италияда ҳам Элдорнинг одобли ва меҳнатсевар эканини таъкидлашади. Шу вақтда Андре Виллаш-Боашнинг айтганлари эсга тушади. Мен хорижликларга Ўзбекистонда ҳар иккинчи одам шунақа эканини айтаман. Улар учун бундай характерли инсонларни учратиш ноодатий ҳол. Бемалол айтишим мумкинки, Элдорнинг тарбияси унинг фаолиятига ижобий таъсир кўрсатиб келмоқда.

«Ростов»да унга бошида осон бўлмади, бироқ қийин ҳолатга тушганига қарамай, тил ўрганди, шаҳарга мослашди, кейин аста-секин яхши футбол ўйнай бошлади. У ёнида Ионов, Ерёменко каби катта футболчилар ўйнаётганини тўғри ҳис қилди. Агар инсон ўз меҳнати билангина нимагадир эришиши мумкин бўлса, мен бу борада бемалол Элдорни мисол қилиб келтираман. Афғонистон чегарасидаги қишлоқдан чиққан йигитчани бугун Италия кўчаларида таниб, у билан суратга тушишмоқда.

– Ҳозир ўзбек футболчиларига эътибор қандай деб ўйлайсиз?
– Биласизми, аввал ўзбек футболчиларига беэътибор қарашарди, ҳозир бундай эмас. Биринчидан, Одил Аҳмедов Россия ва Осиёда ўзбек футболчиларининг кучини кўрсатди, Элдор эса Европада буни исботламоқда. Мендан ўзбек футболининг ютуғи нимада экани ҳақида сўрашади. Мен эса давлат футболга эътибор бераётгани, шаҳар, туман марказларида стадионлар қураётганини айтаман. Масалан, Олмалиқ кичик шаҳар, лекин у ерда қандай чиройли стадион қурилган.

Ўзбек футболига «Пахтакор», «Бунёдкор», «Машъал», «Насаф» академиялари кўп нарса берди деб ўйлайман. Ҳозирда Андижон ва Фарғонадан ҳам яхши йигитлар чиқмоқда. Шунингдек, «Олимпик» жамоасида олимпиа жамоаси йигитларини тўплаб, уларни Про-Лигада ўйнатиш ҳам ажойиб лойиҳа бўлган. Россияда ҳам шунақа қилмоқчи бўлишган, лекин амалга ошира олишмаганди.

– Элдорнинг Италияга трансфери қандай амалга ошди? Чиндан унинг ўрнига Балотеллини олишлари мумкинмиди?
– Унинг А Серияга трансфери нафақат ўзбек футболи учун, балки Россия футболи учун ҳам муҳим воқелик бўлди. Ўша вақтда пандемия сабаб трансферларнинг ўзи жуда кам бўлганди. «Женоа»дагиларга Балотеллини сотиб олишни жиддий таклиф қилишаётган, улар агенти билан Генуяга бориб ҳужжатларни имзолашни кутаётган бўлган. Бош мураббий Маран эса кўпроқ Элдорни олишни хоҳлаган. Шундай бўлса-да, бироз кеч қолганимизда, у Балотеллини олишга мажбур бўларди. Ўша вақтда «Женоа» чипталарни кечиктирган, ҳали чегара масаласи ҳал қилинмаганди. Шунда Герман Владимирович самолёт ижарага олди ва биз тезда Генуяга учдик.

– Балотеллининг агенти Мино Райола эканини инобатга олсак, сиз энг машҳур агентлардан бири Райолани ортда қолдирган экансиз-да?
– Шунақа (кулади).

– «Ювентус»нинг қизиқиши ҳақида гапириб беринг.
– Биз амалга ошмаган трансферларни таҳлил қилмаймиз, лекин шуни айтишим мумкинки, «Ювентус»нинг қизиқиши рост эди ва бу фақат ОАВда чиққан миш-миш эмасди. Жанлука Ди Марцио Элдорнинг трансфери баҳоси 15 миллион евро эканини айтди. Бу эса Элдор бир йилда ўз қийматини икки баравар ошириб олди дегани. Ҳозир А Серияда ҳам лигага мослашган, стабил гол урадиган ҳужумчини топиш қийин. Элдор эса тилни ўргана бошлади, кўп югуради, голлар урмоқда. Шу сабаб унга қизиқишлари табиий.

– Охирги вақтларда «Рома»нинг қизиқиши ҳақида кўп гапиришмоқда. Ахир Моуриньо унинг ўйинларини стадионда кўрганди.
– Бу клубнинг қизиқиши қанчалик жиддий эканини билмайман, лекин Моуриньо Элдорни шахсан таниши рост. Айтганча, интернетда уларнинг бирга тушган суратини кўргандирсиз, уни мен олганман. Ўшанда Жозе Элдорнинг ўйини ҳақида яхши гаплар айтган.

– Биз сизни Элдор Шомуродовнинг агенти сифатида биламиз, бироқ 14 йилдан буён шу соҳадаман деяпсиз, яна қандай машҳур футболчилар билан ишлагансиз?
– Мен эмас, компаниямиз ишлаган. Мижозлар бевосита ProSports Management компанияси билан ишлайди. Бизда ҳамма компания учун ишлайди. Масалан, мен таътилда вақтим Элдорга нимадир керак бўлса, унга бошқа вакилимиз ёрдам бериши мумкин. Машҳур футболчилар ҳақида гапирадиган бўлсам, энди фаолиятимни бошлаганда, Қозоғистоннинг «Локомотив» клубида Егор Титов ва Андрей Тихонов билан ишладим. Бу жуда ажойиб бўлган, чунки яқин-яқингача бу футболчиларнинг ўйинларидан завқланиб юргандим. Кейин Сергей Семак, Андрей Каряка, Игорь Семшов, Сергей Игнашевич, Фёдор Смолов, Олег Шатов каби футболчилар билан ишладик.

Энди кўпчилик Ўзбекистонда яхши футболчилар кўп эканини билади ва шу сабаб биз ҳам ProSports'нинг Евросиё лойиҳасини йўлга қўймоқчимиз. Биз аллақачон яхши футболчилар билан ишлашни бошладик. Масалан, Иброҳимхалил Йўлдошев, Ҳожимат Эркинов. Улар аллақачон Ўзбекистон миллий жамоасида ўйнамоқда. Бизнинг энг ёш мижозларимиздан бири Аббос Файзуллаев ҳисобланади. У «Пахтакор» ўринбосарларида ўйнайди. Бу исмни эслаб қолишингизни маслаҳат бераман, у жуда ақлли футболчи, тўғриси, буни машғулотлар билан шакллантириб бўлмайди.

– Аббос ОЧЛ баҳсида «Пахтакор» сафида захирадан майдонга тушди. У билан бирга бир қатор яхши футболчилар ҳам дебют қилишди. Шунда «Пахтакор»нинг охирги турга келиб имкониятни йўқотгани яхши бўлган экан деб қолдим, чунки шундай бўлмаганда, бу йигитлар майдонга тушмаслиги мумкин эди.
– Ҳа, ҳар қандай инқироз нимадир учун имконият бўлади. Масалан, рус футболида иқтисодий инқироз юзага келиб, Халк, Вицел каби футболчилар кета бошлаганида, янги ёш рус футболчилари порлаб чиқа бошлади. Чунки уларга имконият беришга мажбур бўлишди. Ўша вақтда Россия олимпиа жамоасидаги йигитларни кўпчилик танимасди, ҳозир эса ёш рус йигитлар яхши жамоада ўйнамоқда.

– Яна қайси ўзбек футболчилари билан ишлаяпсиз?
– «Олимпик» футболчиси Алишер Одилов, «Нефтчи»даги Руслан Розиев ва Улуғбек Ҳошимов. Улар ҳам олимпиа жамоасида ўйнайди. Энг ёш мижозимиз эса Миркомил Абдураззоқов. У «Пахтакор» ўринбосарлари сафида марказий ҳимояда ўйнайди.

– Ўқувчиларга тушунтириб берсангиз, агент билан ишлаш тизими қандай йўлга қўйилади? Футболчилар сиз билан ишлагани учун уларга пул тўлайсизларми?
– Компаниямиз ташкил топганидан буён ҳали бирор футболчига пул тўламаганмиз, бу тўғри эмас. Биз ўзига тинч футболчилар билан ҳам, ёрдамга муҳтож ёш футболчилар билан ҳам ишлаяпмиз. Уларга оддий масалада ёрдам керак бўлиши мумкин. Баъзан бу ёрдам шунчаки маслаҳат, ҳаволаниб кетмасликка чорлов бўлиши мумкин. Асосийси, профессионал хизмат кўрсатиш. Баъзида шартномага кўра кўп пул олмайдиган ёш футболчиларимиз учун стипендия ташкил этишимиз мумкин. Бироқ ҳеч кимга шунчаки биз билан ишлагани учун пул тўламаймиз.

Россияда ёш футболчиларнинг ўзини тутишида ўзгариш кузатилади, бироқ ўзбек футболчиларида бу борада муаммо камроқ. Масалан, кеча Ҳожимат Эркиновнинг дадаси, акаси билан кўришиб, гувоҳ бўлдимки, унга қўшимча назоратнинг кераги ҳам йўқ. Биз футболчининг трансферидан ёки яхши шартномага эга бўлишидан пул ишлашимиз мумкин, холос. Шу сабаб мижозларимизнинг карьерасида доимий ўсиш бўлишидан манфаатдормиз.

Бизнинг ишда инсон омили энг муҳими, ахир ҳамма нарса ҳам пул билан боғлиқ эмас-ку. Узоқ йил ишлаган футболчиларимиз билан оилавий дўст бўлиб кетганмиз. Биз аввало футболчини ҳурмат қилишимиз керак. Агентни пул учун танлаш керак эмас. Мендеш ўз вақтида Роналдуга у билан ишлаши учун «Феррари» совға қилгани ҳақида афсона эшитганман. Лекин Мендеш ўшанда «Спортинг»да ўйнаб юрган йигитча ҳозирги Роналдуга айланишини билмаган-ку? Шунчаки улар бирга айланиб юришганда Роналду ўша машинани ёқтириб қолган ва эртасига уни уйи олдида кўрган. Бу шунчаки совға бўлган.

Агентнинг вазифасига келадиган бўлсак, биз аввало футболчига юридик хизмат кўрсатамиз, унга профессионал маслаҳат берамиз. Ўқийдиган йигитлар бўлса, ўқишида ёрдам берамиз.

– Россия ва Ўзбекистондаги мижозларингизни таққослай оласизми?
– Россияда кўпчилик ота-оналар фарзандлари Россияда қолишини хоҳлайди. Чунки у ерда клублар яхши маош тўлайди. Ўзбекистонда эса кўпчилик четга кетишни истайди. Чунки бу ерда фақат «Пахтакор» Европа даражасида маош тўлаши мумкин. Шунингдек, футболчиларнинг ўзи ҳам четда ўйнашни истайди. Масалан, Машарипов яхши маош олса ҳам янги майдонларни забт этишни истаб кетди.

– Айтганча, сиз Машарипов билан ҳам ишлаганингиз ҳақида эшитдик, бу гап ростми?
– Ҳа, у билан ишлашимиз мумкин эди. Шартнома имзолаганда уни Россия ёки Европа клубига ўтказиш бўйича келишгандик. Лекин футболчининг ўзига Саудиядан тушган таклиф маъқул келган. Нима бўлганда ҳам, Жалолиддинга омад тилайман, у кучли футболчи.

– Сиз Остон Ўрунов билан ҳам ишлайсизми?
– Ҳа деса ҳам бўлади, йўқ деса ҳам. Биз, нима десам бўлади, ҳудудий миқёсда ишлаймиз. Остонга «Спартак»дан ташқари ЦСКА ва «Рубин» ҳам жиддий қизиққанди. Айниқса, унинг ўйинлари Леонид Слуцкийга жуда маъқул келганди. Биз унинг ЦСКАга ўтишини истагандик, лекин бизни эшитишмади. «Спартак»да Шамил Газизов ўйнаётганди ва Остон ўша ерга ўтиб кетди.

– Беларусда ўйнаётган йигитларимиз, Яхшибоев ҳақида нима дея оласиз?
– У билан ишламаганман, лекин зўр футболчи эканини айта оламан. Ҳозир Польша чемпионатида ўйнай бошлади. «Легия» жуда яхши жамоа. Унинг фаолиятида агентларнинг яхши ишлаганини ҳам эътироф этиш керак. Чунки трансфер босқичма-босқич амалга оширилди ва футболчи Польшага Беларусь орқали йўл олди.

Агентларнинг ёмон иши сифатида Жасур Жалолиддиновнинг трансферини келтиришим мумкин. Масалан, биз Ўзбекистон миллий жамоасининг асосий таркибида ўйнаётган кучли Шомуродовни «Ростов»га ўтказдик. Лекин ҳали жуда ёш Жалолиддиновни «Локомотив»га ўтказишди. Биз ҳам Элдорни Россиянинг топ клубларига ўтказишимиз мумкин эди, лекин у ўсиш даражасини сакраб ўтишини истамадик.

Жалолиддинов «Локомотив»га ўтганида Николич қайси футболчиларни олиш кераклигини айтиб бўлган, жамоада легионерлар лимити тўлганди. Агентлар буни билган ҳолда йигитчани «Локомотив»га юбориб, пул ҳам ишлаб олишди. Кейин эса футболчи Ўзбекистонга қайтиб келди. Шу ўринда, ота-оналарга айтмоқчиманки, фарзандингизга олтин тоғларни ваъда қилишса, етти ўлчаб, бир кесинг.

– Ўзбек клубларида легионерларни олиб келиб, улар кетгач, жарима тўлаш ҳолати кўп кузатилади. Шундай ҳолатлардан қочиш учун нима қилиш керак?
– Клублар бошида яхши юрист учун пул тўлашдан қочиб шундай ҳолатга тушиб қолиши мумкин. Менимча, сиз айтаётган ҳолатда шунчаки шартномада ёзилган суммани тўлаб беришади. Шу сабаб шартномани имзолашдан аввал яхшилаб ўқиб чиқиш керак. Биз масалан, ҳар бир трансферни рўйхатдан ўтказишдан аввал халқаро тажрибага эга юридик компаниялар билан ишлаймиз.

Ўткир Жалолхонов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Европада ўйнай оладиган ўзбек футболчилари кўп» – Элдор Шомуродовнинг агенти Қаҳҳор Мўминов билан катта интервью