3 205
"Таркибда 11 нафар Одил Аҳмедов бўлганида жаҳон чемпионатига чиқардик, ..." - Тимур Кападзе футболимиз ҳақида
Бугунги кунда юртимиздаги энг истеъдодли ва мухлису, мутахассисларнинг эътиборига тушган мураббий сифатида Тимур Кападзе десак адашмаймиз. У “Олимпик” клубидаги иши орқали ҳам яхши таассурот қолдиряпти.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийлиги учун айнан Кападзенинг ҳам номзоди бўлиши мумкинлиги бўйича гап-сўзларни эшитяпмиз. Кападзе Sports.uz сайти учун “Олимпик”даги вазифаси, кейинги режалар, миллий терма жамоа бош мураббийлиги ва Одил Аҳмедов ҳақида ўз муносабатини билдирди.
“Мураббийга натижасига қараб баҳо берилади”
- Мураббий қандай қилиб ўзини кўрсата олиши мумкин? Асосан иши ва натижаси билан, гапи билан эмас. Бошқалар ишига, натижасига, жамоасининг ўйинига қараб мураббийга баҳо беради. Мураббийлик бизнинг ишимиз. Бу осон иш эмас, қийин. Ҳар 4-5 кунда ўйин. Бугун ўйнадикми, дарҳол навбатдагисига тайёргарлик бошланади. Деярли дам олишга вақт йўқ. Ҳар бир ўйинга тайёргарлик ва ундаги натижа анча кучни талаб қилади. Ўтган беллашувни унутиб, олдинда турган баҳсга янада жиддий ҳозирланиш, камчилик ва хатоларни тўғрилаши зарур бўлади. Айниқса, футболчиларни руҳий ва жисмоний жиҳатдан ҳам тайёрлаб бориш керак. Ушбу жараён йил мобайнида давом этиб келади. Лекин ишлайдиган ва ҳаракатдан тўхтамайдиган мураббий нимагадир эришади.
“Бизга вазифа берилдими, буни ёруғ юз билан бажаришимиз керак”
- Биласиз, “Олимпик” жамоасини бошқаряпман. Олдимизда Олимпиада саралаш мусобақаси ва Осиё чемпионати бор. Бундай катта мусобақаларга муносиб тайёргарлик кўришдек вазифа ҳам турибди. Футболчиларни тайёрлаш осон иш эмас. Биз ўйинчиларимизни нафақат Олимпиадага, балки миллий терма жамоага ҳам етказиб беришимиз керак, айниқса бу келажак учун фойдали. Кейинги жаҳон чемпионати саралаш босқичигача қўл остимиздаги йигитлар вояга етган ва тажрибалари ҳам ортган бўлади. Олимпия терма жамоамизнинг манфаатини ўйлаган ҳолатда ҳаракатдаман. “Олимпик” клубидаги ёшларни кучайтириш учун ҳам ҳаракат қиляпмиз. Агар бу ёшдаги футболчиларимиз қанча кўп бўлса, жамоамиз ҳам шунга яраша кучли бўлиб бораверади.
Футболда ҳар ҳил ҳолат бўлади, кимдадир жароҳат, яна кимдир яхши спорт формасида бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам ихтиёримда қанча кўп кадр бўлса, бундан фақат терма жамоамиз ютади. Бу йўлда ишлаяпмиз. Бизга вазифа берилдими, буни ёруғ юз билан бажаришимиз керак. Қўлимдан келганича максимал даражада натижа кўрсатмагунча тўхтамаймиз. Ўзимдан ҳам буни доим талаб қиламан. Биринчи ўринни олиш учун нима қилиш керак бўлса, ҳаммасини бажаришга тайёрман.
“Танқидлар орасида ҳақ гаплар ҳам, ноҳақ гаплар ҳам бор”
- Миллий терма жамоага келсак, бу ҳаммасидан устун туради. Унинг ютуғи ёки мағлубияти бутун футболимизга баҳо беради. Айниқса, натижалар футбол ичидаги инсонларга ҳам таъсир қилади. Мағлубиятдан кейин ёқимсиз гаплар бўляпти. Танқидларнинг орасида ҳақ гаплар ҳам, ноҳақ гаплар ҳам бор. Бу биз учун оғир. Агар миллий терма жамоа ютса бизда ҳам кайфият яхши бўлади. Энг муҳими бундан мухлисларимиз хурсанд бўлишади.
“Менимча, ҳар бир мураббий ва футболчи миллий терма учун тайёр туриши керак”
- Энди миллий терма жамоа бош мураббийлигига тўхталсам, албатта мен ҳозирги кунда “Олимпик” клуби бош мураббийиман. Олдимизда катта вазифалар турибди ва бу йўлда ҳаракатдаман. Лекин раҳбарият ва мутахассислар миллий терма жамоа бош мураббийлиги учун менга тўхталишса, миллий терма жамоа мен учун ҳар доим устун турган. Қўлимдан келганича бош жамоамизнинг манфаати учун ҳаракат қиламан. Лекин ўйлайманки, яхши мураббийлар бор, ўзимизда ҳам кучли мутахассислар бор.
Албатта, раҳбарият қанақа мураббий зарурлиги борасида чуқур ўрганиб чиқишади ва ҳар тарафлама кўриб чиққач, қайсидир мутахассисни танлашади. Балки бу хориждан ҳам бўлиши мумкин. Бизнинг менталитетимизга, филасофиямизга мос тушадиган мураббий бўлса янада яхши. Футболимизнинг ўсишига ва миллий терма жамоамизнинг натижаларига ҳиссасини қўша оладиган кучли мураббий келса, буни қўллаб-қувватлайман. Футболчиларимиз ҳақида танқидий гаплар бўляпти, аммо ўйинчиларимиз ёмон эмас. Айниқса, ҳозирги замонавий футболда мураббийнинг роли катта.
Футболчиларга тўғри кўрсатма бериш керак ва уларни тўғри ўйнатиш лозим. Максимал даражада футболчиларнинг потенциалидан фойдалана олиш муҳим. Яна қайтараман: ҳар доим миллий терма жамоа манфаати устун туради. Мен эса бош жамоамизга ёрдам бериш учун ҳар доим тайёрман. Менимча, ҳар бир мураббий ва футболчи бунга доим тайёр турмоғи даркор. Раҳбарият ҳам номзодларни танлаб, мураббийларнинг ишини ўрганади, таҳлил қилади.
“Одилнинг бундан кейин ҳам футболимизга фойдаси тегади”
- Тўғрими ёки нотўғрими, бу Одил Аҳмедовнинг ўз қарори. Менимча, бу қарорга бир кунда келмаган. Одил терма жамоамиз ва футболимиз учун кўп нарса қилган. Аммо бундан кейин ҳам у футболимиз учун кўп нарса қилади. Албатта, Аҳмедовнинг терма жамоадаги фаолиятини якунлагани ёқимсиз. Одилнинг миллий терма жамоамиз билан жаҳон чемпионатида иштирок этиб, сўнг чиройли тарзда хайрлашишини хоҳлардик. Лекин ҳамма нарса ҳам унга боғлиқ эмас. Балки таркибимизда 11 нафар Одил Аҳмедов бўлганида жаҳон чемпионатига чиқардик. Ҳаёт давом этади. Аҳмедов бу қарорни ҳар томонлама ўйлаб кейин чиқарган. Барибир у футболда қолади. Ўзининг академияси ҳам бор. Футболимизга ҳисса қўшишда давом этади. Бу борада уни қўллаб-қувватлашга ва ёрдам беришга тайёрмиз. Одилга раҳмат айтаман. Кейинги фаолиятида ҳам унга омад тилайман.
“Ҳеч кимга керак бўлмаган мураббий бизга ҳам керак эмас”
- Ҳозир кўпчилик Эктор Куперни эслаяпти. Бугунги пайтда энг харидоргир мураббийни олиб келиш керак, ҳеч кимга керак бўлмаган мураббий бизга ҳам керак эмас. Купер деймизу, ҳа, у олдин яхши ишлаган, натижалари ҳам ижобий чиққан. Лекин охирги 10-15 йилини олсак, жамоалардан-жамоаларга кўчиб юрган. Агар кучли бўлса, ҳар доим харидори чиқади. Бу мураббийни ёмонлаш фикридан йироқман. Фақат статистикасига ҳам қараш керак. Хориждан олиб келганга яраша талаб кучли бўлган ва натижа кўрсата оладиган мутахассисни олиб келиш лозим. Айнан шундай танлов бизга ҳам фойдали бўлади.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб борингCtrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
АҚШда Трамп сиёсатидан қочмоқчи бўлганларга 4 йиллик саёҳат таклиф қилинди
Нодирбек Абдусатторов Ҳиндистондаги мусобақада пешқадам бўлиб турибди
Филмлар, қўшиқлар ва сериаллар «маънавий экспертизадан» ўтказилади
Чет эл валюталарининг ўзбек сўмига нисбатан янги қийматлари эълон қилинди