Архив титкилаётганимда Сами Ал Жабернинг қитъамиз футболи ҳақида 2014 йилда айтган фикрлари эътиборимни тортди.
Саудия Арабистони футболининг афсонаси шундай дейди: "Осиёда футбол ривожланмоқдами? Тўғрисини айтсам, бу борада бир нарса дейиш қийин. Қитъада кучли жамоалар бор, лекин уларни Европа клублари билан солиштира олмайман. Осиё футболида ҳам катта пуллар айланаётганини инкор этмайман, лекин муаммо шундаки, бу пуллар доим ҳам футбол ривожи учун сарфланмаяпти. Натижада яхши ўйинчилар етишиб чиқаётгани йўқ, борлари ҳам учинчи дунё футболини ўйнашмоқда".
Афсуски, орадан 7 йил ўтган бўлса-да, юқоридаги фикрлар долзарблигини йўқотмаган. Хусусан, ўзбек футболида. Миллий биринчилигимизни, қуйи дивизионларни кузатганлар тасдиқлашади: бизда аксар жамоаларнинг ўйин услуби 1 хил ва ўзгармас. Яъни, 2015 йилда қанотдан олдинга ўтиб, тўпни жарима майдонига ошириш асосида ўйнаган мураббийлар ҳамон ўз услубидан воз кечолмаяпти.
Маълумот учун, бу услуб Европа томонларда тўқсонинчи йилларнинг аввалида урфдан қолган эди. Янги асрнинг бошида асосий эътибор "14-ҳудуд"га қаратилгани туфайли классик 4-4-2'нинг ўрнини ромбсимон шаклдаги 4-4-2 тактик схемаси эгаллади.
Бу услубнинг муваффақият қозонишига асосий сабабчи сифатида 14-ҳудудда мукаммал ўйин кўрсатган Зинедин Зидан кўрсатилади ва у барча даврларнинг ушбу чизиқда ўйнаган энг яхши футболчиси сифатида эътироф қилинади. Кейинроқ мазкур нуқтада Лео Мессини яширин форвард ситифада ўйната бошлаган Пеп Гвардиола бутун қитъани тиз чўктирди. "Бавария" ва немис футболининг 2013-2014 йиллардаги муваффақиятини таҳлил қилган экспертлар Томас Мюллер ва Ўзилнинг 14-ҳудуддаги бетакрор ҳаракатларини алоҳида эътироф қилади.
Футбол кун сайин ўзгариб боряпти. 2014 йилдан кейин 14-ҳудуд ўз аҳамиятини йўқота бошлади. Шу туфайли "соф ўнинчи рақамлар"га эҳтиёж пасайиши натижасида Месут Ўзил, Уэсли Снейдер ва Зидан сингари футболчилар камайиб кетди. Бу фикрга қўшилмасангиз, айни пайтда ҳужумчи ортида ўйнаётган 10 нафар топ-футболчини санаб беринг.
Асримизнинг 2-декадасида футбол тенденциялари майдон маркази ва иккала қанот оралиғидаги "half-space" → ўрта ҳудудга эътибор кучайтиришни талаб қилди.
Бу даврда еврофутболда инқилоб ясаган "Реал"нинг муваффақиятларида айнан мазкур ҳудуддаги назоратни тўла қўлга ола биладиган Тони Кроос ва Лука Модричнинг ўрни беқиёс. Эътибор қилсангиз, охирги йилларда Месут Ўзил сингари 14-ҳудуд соҳибларининг мавқейи пасайиб, уларнинг ўрнини Кевин Де Брюйне, Поль Погба, Марко Верратти ва Жоржиньо Вейналдум сингари "half-space"да жавлон ураётган йигитлар эгаллади. Бу тенденция қанот вингерларини ҳам ўрта ҳудудга силжитиб, форвардга айлантирди. Бир пайтлар жарима майдонига узатмаларни амалга ошириш учун чап қанотда чапақай ярим ҳимоячилар ўйнарди. Энди мураббийлар жарима майдони ичига тўп узатиш вазифасини қанот ҳимоячилари зиммасига юклаб, вингерлардан рақиб дарвозаси томон ҳаракатланиш, қулай имкон пайдо бўлиши билан зарба беришни талаб қиляпти.
Хуллас, бугун майдон четида турадиган мураббий гроссмейстердан кўпроқ ўйлашга, замон руҳига мослашишга мажбур. Акс ҳолда, модерн футбол уларни бир лаҳзада чиқитга чиқариб қўяди. Мисол учун, 10 йил муқаддам дунёнинг энг кучли мураббийи ҳисобланган Жозе Моуринью қайсарлик билан ўз услубидан воз кечмагани туфайли гранд клублар даражасидан анча пастга шўнғиди.
Бизда эса ҳамон қанотдан олдинга ўтиб марказга ошириладиган узатмалар тренддалиги ҳақида айтдик. Маълумот учун, Европа бундай услубдан воз кечганига 20 йилдан ошди. Ўзбекистонда бу типдаги футболнинг ҳамон сақланиб қолаётганига сабаб сифатида мураббийларнинг уқувсизлиги (тажрибасизлик эмас, айнан уқувсизлик!)ни кўрсатиш мумкин.
Ўзбекистон Суперлигасида фаолият юритаётган мутахассислардан қай бири хорижда малака ошириб келганини эслай оласиз? Ўз услубини ихтиро қилган кимнидир биласизми? Чет элда қандайдир ютуққа эришган ҳамюртимиз борми? Умуман ортда қолган 30 йил давомида жиллақурса 1 нафар чинакам мутахассис етишиб чиқдими?
Йўқ!
Шу туфайли бугун баъзи жамоаларнинг ўз ўйин услуби йўқ, борлари ҳам замонавий футболга мос келмайди. Суперлигада фаол ўйин вақти 45 дақиқага чиқмайдиган баҳслар тиқилиб ётибди. Демак, Сами Ал Жабернинг юқоридаги фикри ҳамон долзарб экан: "Ўзбекистонда ҳали ҳам 3-дунё футболини ўйнашмоқда".
Хуллас, бу борадаги хатолар етарлича. Тез орада мамлакатимизда мураббийларни тайёрлаш жараёни қандай амалга оширилаётгани ва соҳадаги камчиликлар тўғрисида материал эълон қиламиз. Бугунги гапларни эса анонс сифатида қабул қилинг.
Муаллиф: Faxriddin Ro'ziyev
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
АҚШда Трамп сиёсатидан қочмоқчи бўлганларга 4 йиллик саёҳат таклиф қилинди
Нодирбек Абдусатторов Ҳиндистондаги мусобақада пешқадам бўлиб турибди
Филмлар, қўшиқлар ва сериаллар «маънавий экспертизадан» ўтказилади
Чет эл валюталарининг ўзбек сўмига нисбатан янги қийматлари эълон қилинди