Ёзги трансферлар мавсумида Остон Ўрунов яна Россия матбуотида энг кўп тилга олинадиган, муҳокама, мунозара, таҳлил ва танқид қилинадиган футболчига айланадиган кўринади.
Маълумки, “Спартак” ўзбекистонлик ярим ҳимоячини асосий таркибга киритмади, уни трансфер қилмоқчи бўлган “Рубин” ва “ Уфа”дан бу клублар кўтара олмайдиган даражада трансфер суммасини талаб қилди, охир-оқибат 20 ёшли легионер иккинчи жамоада Россия Миллий футбол лигасида тўп тепиши лозимлигини уқтирди. Остон мавсумга тайёрланиш учун “Спартак-2”га жўнатилди.
Қизиқ, бир йил муқаддам Россия премьер-лигасининг барча етакчи клублари орзусига айланган ва ҳатто, Германиянинг “Герта”си қизиқиш билдираётгани айтилган истеъдодли ёш футболчи орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан ҳеч кимга керак бўлмай қолди.
Россия матбуотининг ёзишича, Остон Ўруновга янги таклиф тушди. Ўзбек футболчисини Венгриянинг энг қудратли клуби “Ференцварош” аввал ижарага олиб, кейин унинг трансфер ҳуқуқини тўлиқ сотиб олиш таклифи билан чиққан.
Бироқ, Остон Ўрунов бу чорловни рад этди. Таъкидланишича, ҳамюртимизни Будапешт шаҳри шарафини ҳимоя қилаётган клуб вакиллари ваъда қилган маош миқдори умуман қониқтирмаган экан.
Шу ўринда, “Ференцварош” жамоаси ҳақида қисқача маълумот бериб ўтишни маъқул топдик. 1899 йили ташкил этилган бу клуб Европада анча машҳур. Будапештликлар 32 марта мамлакат чемпионалигини қўлга киритиб, бу борада яққол рекордчи ҳисобланади. Кубок баҳсларида ҳам 23 марта бош совринга эга чиқиб, рекорд ўрнатган.
Хуллас, Остонга Венгриянинг етакчи клуби берган таклиф ёқмади. Бу томондан “Спартак” хўжайини Леонид Федуннинг рафиқаси Зарема Салихова клубни судга тортган собиқ бош директор Шамиль Газизовнинг “юзини” очиб ташлаш учун турли гап-сўзларни матбуотга олиб чиқмоқда. Жумладан, Зарема Шамиль Газизовга зарба беришда Остон Ўрунов трансферини ҳам тинч қўймаяпти.
Зарема ҳамюртимиз маош масаласида “Ференцварош”га ўтмаганидан кейин бу мавзуга ҳам ўзининг антиқа муносабатини билдирди.
- Тахминимча, бу футболчи аслида қанча маош олишини ҳам билмайди. Унинг маошини Шамиль Газизовнинг пластик картасига ўтказишса керак. Унга кўпи билан ўн фоизи қолади, қолганини “отаси” олади. “Ўғил”нинг қорни тўқ, усти бут, машинаси бор ва “Спартак”да уни яхши боқишади, “отаси” хабар олиб туради.
Лекин Ўруновни биринчи жамоага қўшиб бўлмайди. Шамиль Газизов у орқали жамоанинг тактик схемаларини билиб олиб, рақибларга тарқатиб юбориши мумкин. Пул эвазига, албатта. Нега у 20-30 миллион еврога тортадиган салоҳиятли футболчини ташлаб қўйди? Унинг карьерасини ривожлантиришга ҳаракат қилмаяпти-ку, - деди Зарема Салихова.
Таъкидлаш жоизки, Остон Ўрунов “Спартак”га янги ўтган пайтда журналистлар ундан маоши ҳақида сўраган эди. Ўшанда футболчимиз пулни отаси олиши ва ўзига етарли даражада маблағ қолдиришини айтганди. Зарема Салихова эса бу гапдан ўз манфаати йўлида фойдаланиб, Шамилдан аламини олишга ҳаракат қилмоқда.
Хуллас, Остон Ўрунов мавзуси ҳали бери тинадиганга ўхшамайди. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Киев: Трамп инаугурациясигача «тинчлик режалари» ҳақидаги гаплар асоссиз
Самарқандда вояга етмаган қизни зўрлаганликда гумонланиб 8 киши ушланди
Кўкрак бези саратони сабаблари, белгилари ҳамда уни даволаш