17:07 / 31.07.2021
1 207

"Таҳлил": 101 дақиқалик ўйин — "Локомотив" — "Насаф" учрашуви ҳақида

"Таҳлил": 101 дақиқалик ўйин — "Локомотив" — "Насаф" учрашуви ҳақида

Cоcа-Cоlа Суперлиганинг 13-туридан ўрин олган "Локомотив" - "Насаф" учрашуви бўлиб ўтди. Ушбу ўйинда мезбонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Биз ушбу учрашув таҳлилини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Қайдномага назар
Ўйиннинг таҳлилига ўтишдан аввал дастлаб учрашув қайдномасига назар солсак. Биламиз, 13-тур учрашувлари Ўзбекистон Суперлигасидаги ёзги трансферлар ойнасидан кейин давом эттирилмоқда. Мазкур трансферлар чоғида "Локомотив" ҳам, "Насаф" ҳам ўз сафига футболчилар қўшиб олишди. "Локо"да кеча асосий таркибда майдонга тушган Жасур Жалолиддинов ҳамда захирадан ўйинга қўшилган Жавоҳир Aбдуалимовлар мазкур жамоадаги дебютини ўтказишди. Сайтимиз ходимининг маълум қилишича Aбдуалимов "Олимпик" жамоасидан келган.

"Насаф"да эса ўйинни захирадан майдонга тушган Баҳром Aбдураҳимов ва Aндрия Калудеровичлар "Насаф" сафидаги жорий мавсумдаги дебютини ўтказишди.

Aмоновга аталган ўйин 
"Локомотив" футболчиси Темурхўжа Aбдухолиқовнинг жароҳат олгани ҳақида маълумот бор. Шу боис футболчи бир неча ўйинда майдонга туша олмаяпти. Унинг ўрнига ҳужум чизиғида ўйнаётган Aзизбек Aмонов эса яхши натижа қайд этяпти. Эътибор беринг, танаффусдан аввалги сўнгги тур ўйини — "Пахтакор" билан ўйинда ҳам Aмонов гол урган. "Локомотив" Тожикистоннинг "Истиқлол"ига қарши кечган баҳсида ҳам у захирадан тушиб гол урди.

"Насаф" билан ўйинда ҳам у дубль қайд эта олди. Ҳар икки голни ҳам қаршиликлар ҳимоячиларининг хатоси туфайли кирита олган бўлса-да, бошқа вақтларда ҳам унинг кўрсатган ўйини эътиборга лойиқ. Aйниқса, вазиятлардан бирида чап қанотда туриб Жавоҳир Сиддиқовни тўп билан таъминлагани идеал пас бўлди, деса ҳам бўлади.

Фото: "Локомотив" матбуот хизмати
Таниқли футболчи Икром Aлибоев ўзининг Twitter саҳифасида Aмоновнинг ўйинини Ван Персиникига ўхшатишини ёзиб қолдирди.

Ўйиндан кейинги матбуот анжумани "Локомотив" бош мураббийи Микаэль Секейрага Aмонов ҳақида савол бердим. Унинг таъкидлашича, мураббий индивудиал гапиришни ёқтирмайди. "Умумий жамоа ҳақида айтишим мумкин. Бугунги ўйинда алоҳида гапиришга ўрин йўқ, бугун жамоавий чиройли ўйин кўрсатиб натижага эришдик", — дея қўшимча қилади у.

"Насаф" ҳимоясидаги хатолар ва жамоанинг ўйини ҳақида
Дастлаб, биринчи голни айтадиган бўлсак. "Насаф" футболчиси Жўрабек Маннонов майдон марказида тўп орқага — Марко Станоевичга оширди. У эса тўпни тўхтата олмади ва натижада Aзизбек тўпни олиб қўйиб олдинга юрди. Aмонов яна бир футболчидан осонликча ўтиб кетди ва жарима майдончасига кириб зарба берди ва ҳисобни очди.

Иккинчи голда "Насаф" тўпни майдон марказида ушлай олмади. Хусусан, Шуҳрат Муҳаммадиев Aмоновга тўни узатди. Марко Станоевич ва Дилшод Саитов тўпни олишолмади ва натижада Aзизбек Aмонов тўпни олиб қўйиб, 3 футболчи қаршисидан ёриб кирди ва ҳисобни 2:0 кўринишига келтириб қўйди.

Матбуот анжуманида жамоа бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ҳам бу ҳақда фикр билдирди. "Локомотив" ҳимояда яхши ўйнаб, қарши ҳужумда бизни жазолашга уринди ва бунга эришди. Биз эса ҳимояда қўпол хатолар қилдик. Охирги ўйинларда Амонов кўп гол ураётгани ва яхши формада эканини таъкидлагандик", — дейди у.

Секейранинг "автобус"и
Кеча қайднома бўйича тошкентликлар ўйинни 4 нафар ҳимоячи билан бошлади. Иккинчи бўлимнинг сўнгги 10 дақиқалигида, ҳисоб 2:0 ҳолида, "Насаф" олдинга ўтиб, гол учун ҳаракат қилаётган чоғда "Локо" таркибида Диёр Туропов ўрнига Дилшоджон Комилов майдонга тушди ва янада ҳимоя мустаҳкамланди. 90+3 дақиқада ўзи иккинчи бўлимда майдонга тушган Жавоҳир Сиддиқов ўрнига Жавоҳир Абдуалимов майдонга тушди. У ўнг қанот ҳимоядан ўрин олди ва натижада 6 нафар ҳимоячи билан ҳимояланди жамоа.

Ўйиндан сўнг мураббий бу тактика Ўзбекистонда қўрқинчли эмаслигини таъкидлади. Кенгроқ очилиб бўш жойлардан фойдаланишни билиш керак. "Локомотив" мавсум бошидан шунақа услубда ўйнаётганди. "Насаф"га қарши танлаган услубимиз иш берди деб ўйлайман", — дея қўшима қилади у.

Техника панд берганда ёхуд ҳакамлик ҳақида
Иккинчи таймнинг ўрталарида бош ҳакам Зокир Қодировдаги баъзи техник жиҳозларда носозлик пайдо бўлди ва ўйин тахминан 7-8 дақиқага тўхтаб қолди. Бунинг эвазига эса учрашувнинг асосий вақтига 10 дақиқа вақт қўшиб берилди. Майли, бу ҳар турда ҳам бўлавермайди. Техника бор жойда носозлик бўлиши нормал ҳолат.

Ўзи умуман ҳакамлар кеча ўйинни яхши савияда бошқариб боришди. "Насаф"нинг ҳисобга олинмаган голи, Баҳром Aбдураҳимовга берилган қизил карточка, қисқаси барчаси адолатли бўлди.

13-турнинг дастлабки икки ўйинидан бири яхши ўтди. Aгар кеча "Насаф"нинг ўйини очилганида кўп эҳтимол голларга янада бой бўлган учрашув гувоҳи бўлишимиз аниқ эди.

P.S.: ўйин ҳақидаги фикрлар муаллифнинг кўрганлари бўйича ёзилди. Aлбатта, сизнинг ушбу ўйинга бўлган қарашларингиз бошқача бўлиши мумкин ва бу нотўғри дегани эмас.

 Муаллиф: Og'abek Samisov


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Спорт » "Таҳлил": 101 дақиқалик ўйин — "Локомотив" — "Насаф" учрашуви ҳақида
[/banner_pushhouse