23:20 / 05.08.2021
2 725

Жалолов Торресни яна нокаут қила оладими? Финал олдидан боксчиларнинг услубига назар ташлаймиз


Баҳодир Жалоловнинг финалдаги рақиби маълум бўлгач, унинг имкониятларини тўлиқ чамалаб олишга қарор қилдим. Деярли ярим кун давомида Торрес Ричард иштирокидаги жангларни кўриб чиқдим. Хулосаларимни сизлар билан ўртоқлашмоқчиман.

Рақибнинг устунлик томонлари

Биринчи навбатда кучли босим уюштиради. Ўз вазнидаги аксарият боксчилардан бўй ва қўлнинг узунлиги борасида орқада қолгани учун бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Торрес имкон қадар яқин масофада ишлабгина қолмай, оёқ ҳаракатлари орқали рингда енгил ҳаракатланади. У ўз камчиликлари ва устунликларидан келиб чиқиб жанг қилишга мажбур.

Торрес иштирокидаги жангларни кўрар эканман, биринчи навбатда масофани қисқартириб чап қўлда ҳук зарбасини қойилмақом ижро этиши эътиборимни тортди. Aйнан шу зарба унинг аллақачон “фишка”сига айланиб улгурди. Қозоғистонлик боксчи - Камшибек Конкабаев ҳам айнан шундай зарба сабабли нокдаун ҳолатига тушиб қолгани сўзимизга исбот бўлади.

AҚШ вакилини биргина чап қўл зарбасига суянган ҳолда рингга кўтарилади демоқчи эмасман. У канатларга сиқилган ҳолда яқин масофада кучли зарбаларни икки қўлда ҳам йўллашга қодир. Боз устига, кардио борасида ҳам яхши тайёргарликка эга. Бу унга бутун жанг давомида темпни юқори нотада ушлаб туриши ва баланд бўйли рақибларини чарчатишида қўл келади. Шунингдек, у қарши ҳужумда зарбага тутилмаслик учун бошини бироз эгган ҳолда ҳужумга кириб боради.

Эътибор қилган бўлсангиз, Конкабаев ҳам 2-раунд охирида босимга дош бера олмади. Енгилаётганини сезгани боис, очиқ боксга ўтиб кетди. Бу эса, Торрес учун айни муддао! У яқин масофада ўзини “сувда юрган балиқ”дек ҳис қилади. Уни бежизга “танк”ка қиёслашмайди. Ричард рингда оёқ ҳаракатларига таянган ҳолда рақс тушишдан кўра, фақат олдинга қадам ташлашни афзал кўради. Бундан ташқари, иккилик зарбаларига кўпроқ мурожаат этади. Бу оғир вазн тоифаси бўлгани боис, лакипанч эҳтимоли юқори.

Унинг бокс тушиш услуби ҳаваскорларникидан кўра, профессионалларникига яқинроқ. Торрес очко тақдим этувчи енгил аниқ зарбалардан кўра, рақибни мувозанатдан чиқаришга қодир иккилик зарбаларни афзал кўради. Бу омил жорий олимпиадада унга жуда қўл келмоқда. Умуман олганда, финалга хос ва мос боксчи.

Баҳодирга жангда нима қўл келиши мумкин?

“Big Uzbek” бу финал учун йиллар давомида тайёрланди. Aввалига Осиё, кейин жаҳон биринчилиги олтин медалларини ватанимизга олиб келди. Энди улар орасида Олимпиада чемпионлик титули ҳам пайдо бўлиши мумкин. Бунинг учун юртдошимизда барча имкониятлар мавжуд.

Рақиби - Торреснинг имкониятларига баҳо берар эканмиз, Жалоловнинг қўлидан нималар келиши борасига ҳам тўхталиб ўтишимиз шарт. Биринчи навбатда Баҳодирнинг бўйи рақибидан 12 см баландроқ. Қўлларининг узунлиги борасида ҳам фарқ ҳамюртимиз фойдасига. Бу омил финалда Жалолов ўзи учун рақиби яқинлаша олмайдиган зонада туриб ҳам бемалол зарбалар йўллашига имкон яратади.

Тўғри, Ричард енгил ҳаракатлар билан масофани қисқартиришга ва ўзи учун қулай бўлган яқин масофада жангни олиб боришга уринади, бироқ Баҳодир ўз жеблари билан воқеалар ривожини бошқариб туриши мумкин. Қўлларнинг нисбатан калтароқлиги боис, Торрес имкон қадар тезлик билан Жалоловга босиб уюштиришга уриниши турган гап. Бу вазиятда Жалолов шунчаки оёқ ҳаракатлари билан рақиб босимини енгиб ўтишга ва қарши ҳужумда “жазолаш” имконига эга.

Бундан ташқари, Ричард Жуниор ҳимояда муаммоларга эга. У асосан очиқ боксда ва зарбалар алмашинувида яхши ишлайди. Жалолов мураббийлари томонидан берилган кўрсатмаларни тўғри бажарса, тактик жиҳатдан рақибидан бир бош баланд бокс намойиши эта олади. Сабаби, у ҳимояда ҳам ҳужумда ҳам бирдек яхши ишлай олишини кўрсатиб берди. Ричард бундай имкониятга эга эмас. Унинг бокс услуби фақат олдинга қадам, босим ва кучли зарбаларга қурилган.

Шунингдек, финалда ҳамюртимизга қўл келиши мумкин бўлган энг катта омиллардан бири унинг рақибидан анча тажрибалироқ эканлигида. Торрес 22 ёшда. Бу унинг фаолиятидаги илк катта мусобақа финали. Жалолов бунга қадар, ҳаваскор боксдаги деярли барча катта мусобақалар финалида рингга кўтарилган. Ҳал қилувчи 3 раундда тажриба биринчи планга кўтарилса, Торрес амалдаги жаҳон чемпионини олдида ожиз қолади.

Бугунги Баҳодир Жалолов ўзининг юқори спорт формасига кўтарилган. Ҳам тактик ҳам жисмонан “қўшган” ҳамюртимиз Токио олтин медалига эга чиқиш учун қулай имкониятга эга. Бундан 2 йил аввал улар ўртасидаги тўқнашув ёдингиздами?

2019 йил Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтказган жаҳон биринчилиги чорак финалида Баҳодир Торресни чап қўл билан тўғридан йўллаган зарбаси билан чуқур нокаутга учратган эди. Ўтган вақт мобайнида финалчиларда яхшигина ўсиш кузатилди.

Финал жуда ҳаяжонли ўтиши аниқ. Шундай бўлсада, бу жанг олдидан Жалоловнинг имкониятлари рақибиникидан бир мунча баландроқдек туюлмоқда. Рақибга ҳурматни сақлаган ҳолда, айтиш жоизки Баҳодир финалда ғалаба қозониш учун жуда яхши имкониятга эга.

Финал жанги:

Воқеалар ривожидан илгарилаб кетиш яхши эмас, бироқ имкониятлардан келиб чиқиб Баҳодирни финалдаги фаворит деб кўрсатиш мумкин. Жалолов AҚШ вакилини ўз жеблари ва оёқ ҳаракатлари билан бошқариши, вазиятни ўз назоратида ушлаб туриши мумкин. Жалолов шунчаки, ўз ишини бехато бажарса бўлгани. Яқин масофада ишлашга имкон қолдирмаслиги ва техникасини ишга солиши шарт.

Энг муҳими шундаки, руҳий устунлик Баҳодир томонида. У бу рақиб билан аввал тўқнаш келган ва мағлубиятга учратган. Бу услубдаги боксчилар билан ишлаш бобидаги Баҳодирнинг улкан тажрибаси рингда қўл келиши турган гап. Тўғри, жангдан олдин тахмин қилиш ноўрин. Ҳар ҳолда оғир вазндаги боксчилар ўртасида тўқнашувларда биргина аниқ зарба ҳаммасини ҳал этиб қўйиши мумкин. Умид қиламизки, ўша зарбани ҳамюртимиз йўллайди. Яқинлашиб келаётган финал олдидан Баҳодир Жалоловга омад ёр бўлишини тилаб қоламиз!

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Жалолов Торресни яна нокаут қила оладими? Финал олдидан боксчиларнинг услубига назар ташлаймиз