Фото: sports.uz
“Пахтакор” клуби ёзги трансфер ойнаси вақтида сербиялик ҳужумчи Боян Матич билан шартнома имзолади. “Шерлар” ҳужум чизиғидаги рақобатни кучайтириш мақсадида анчагача олдинги чизиқда гол ура оладиган футболчини изладилар. Охир-оқибат Сербия томонларда тўп сураётган Боян Матич номзоди “Пахтакор” вакилларига маъқул келди.
14-турда амалдаги чемпион “Насаф” билан куч синашди. Ушбу ўйин тақдирини айнан Матич томонидан киритилган ягона гол ҳал этиб қўйди. Шу тариқа, “Пахтакор”нинг сербиялик янги ҳужумчиси чемпионатимизда ўзининг голлари ҳисобини ҳам очди. Куни кеча Sports.uz мухбири Матич билан боғланди. Аввало “Насаф”га қарши ўйиндаги ғалаба билан уни табрикладик.
- Қутлов учун катта раҳмат. Менинг голим ғалаба келтирди, аммо бу бутун жамоанинг ютуғидир. Биз жуда яхши ўйнадик. Тўпга имкон туғилган заҳоти эга чиқишга ҳаракат қилдик. “Насаф” майдонда жуда яхши кўринди. Бироқ ўйинни назорат қилдик ва мантиқий якун тариқасида уни ғалаба билан безадик. Муваффақият қозонганимиздан хурсандман. Бутун жамоа бунга муносиб эканлигини исботлади. Барчага катта раҳмат, - деди Матич.
Агар аҳамият берган бўлсангиз, “Пахтакор”нинг “Насаф”га қарши ўйинидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида “Шерлар” бош мураббийи Питер Хюистра жамоанинг янги ҳужумчиси Боян Матич ҳақида фикр билдириб, унинг ягона голи ўйин тақдирини ҳал қилгани ёқимли бўлгани ҳақида гапириб, сербиялик футболчи шаънига илиқ сўзларни айтди. Бунга жавобан Матич қуйидагиларни айтди.
- Мураббий сени мақтаётганини эшитиш жуда ҳам ёқимли. Мени бу ерга келган дастлабки кунимданоқ жуда илиқ қарши олганларидан миннатдорман. Айтиш мумкин бўлса, бу жамоада ўзимни худди уйдагидек эркин ҳис қиляпман. Бу ерда ҳамма нарса менга жуда ёқади.
Матич учун фаолиятида янги саҳифа очилди. Бу футболчи табиийки, илк бор Ўзбекистон чемпионатида тўп суришни бошлади. “Пахтакор” унинг учун навбатдаги янги клубига айланди. Сербиялик легионер ўзининг янги жамоаси ҳақида қандай фикрдалигини билдирди.
- Аввало, “Пахтакор” катта жамоадир. У ҳақли равишда ўзбек футболининг байроқдор клуби ҳисобланади. Мен бу ерга соврин ва унвонларни ютиш учун ҳамда Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этиш мақсадида келганман. “Пахтакор”дан таклиф келиб тушган маҳалда умуман ўйланиб ўтирмадим ва дарҳол розилигимни берганман.
“Пахтакор”нинг янги легионери бўлгани боис ҳам унга жамоага ва муҳитга мослашиши осон кечмаслиги табиий. Матич клубга кўникишида кўпроқ ким ёрдам бераётганини айтди.
- Ҳаммадан кўра, Драган Черан менга кўпроқ ёрдам берди. Айнан у мени клубда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бундан ташқари, мураббийим, унинг штабидаги ёрдамчилар ва бутун жамоа аъзолари мени жуда илиқ қабул қилганларидан бошим кўкка етган. Уларнинг ҳаммаси бу ерда ўзимни уйдагидек ҳис қилишим учун катта ёрдам берган. Буни эътироф қилиб ўтмаслик ноинсофлик бўларди. Мен бу ерда ўзимни жуда яхши қабул қилганлари учун ҳам чексиз даражада бахтиёрман. Бу клуб худди бутун бошли оилага ўхшаб, ҳамма бир-бири учун қайғуради. Айниқса, мен сингари четдан келган футболчилар учун мана шундай муҳитни ва муносабатни ҳис қилиш жуда муҳим аҳамият касб этади.
Боян Матич – унинг исми ва фамилиясида дунё футболида анча машҳур бўлган футболчилар борлигини яхши биласиз. “Пахтакор” Матични қўлга киритганини эшитишимиз биланоқ унинг биринчи навбатда фамилияси эътиборимизни тортди. Чунки “Манчестер Юнайтед”да ўйнаётган Неманья Матич билан фамилиядош. Боян билан гаплашган чоғимизда ундан ўша номдор Матич билан қариндошчилиги борми ва фаолиятида қайси таниқли футболчилар билан бирга тўп сурганига ҳам қизиқдик.
- Мен Неманья Матичнинг қариндоши эмасман. Шунчаки, бизнинг фамилиямиз бир хил холос. Мен жуда кўплаб мураббийлар қўл остида шуғулланганман. Бундан ташқари, четда турли миллат футболчилари, шулар жумласидан сербиялик бўлган юртдошларим билан ҳам ўйнаганман. Бундай дўстларим жуда кўп. Улардан айнан кимнидир ажратиб кўрсатиш мен учун жуда машаққатли иш бўларди.
Айтганча, бу ўйинчи “Пахтакор” билан узоқ муддатли эмас, балки беш ойлик шартнома имзолади холос. Қизиқ, сербиялик бундай қисқа фурсат ичида нимага улгуриши мумкин?
- Мен беш ойга мўлжалланган шартнома тузганман холос. Гарчи, клуб билан тузган шартномам қисқа муддатга тенг бўлса-да, шу вақт оралиғида ўзимдаги бор куч ва маҳоратимни кўрсатган ҳолда “Пахтакор”да яна бир бор соврин ёки унвонга эга чиқишида ёрдам беришни хоҳлайман. Мавсум охирида “Пахтакор”да қолиш ё қолмаслигим маълум бўлади. Юқорида айтганимдек, бу ерда ўзимни бахтиёр ҳис қилганим боис кейинчалик ҳам “Пахтакор”да қолишни истайман.
Бу ерда ўйнаган кўплаб дўстларим борлигини тасдиқлайман. Улар менга ўзбек футболининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўзлаб беришган. Шу ерда тўп сурган ҳолда улар томонидан айтилган гаплар жуда ўринли эканлигини амалда кўряпман. Чемпионат савияси ҳақиқатан ҳам жуда яхши ва айтиш мумкин бўлса, юқори. Ушбу биринчиликда асосий урғу ўзим ёқтирган ҳужумкор футболга мослашган. Шундай усулда тўп суриш мен учун жуда ёқади.
Боян Матич Тошкентга “Пахтакор”нинг собиқ футболчиси Боян Миладинович билан бирга келди. Шу боис футболчи Миладиновичнинг ўзига қандай алоқаси борлиги ва “Пахтакор” таклифи ҳақида илк бор эшитганида қандай хаёлга боргани ҳақида гапирди.
- Бу ерга келганимга ҳали кўп бўлмади. Шу боис ҳамма билан яқиндан танишишга, муҳитга тўла-тўкис мослашишга улгурдим, дея олмайман. Бунинг учун камида бир неча ҳафта керак бўлади. Ҳа, мен бу ерга Боян Миладинович билан келдим. У менинг агентим ҳисобланади. Клубга ҳужумчи керак эди. Ўз навбатида Миладинович “Пахтакор”га мени таклиф қилди. “Пахтакор”дан хизматим учун таклиф келиб тушган заҳотиёқ ўйланиб ўтирмадим ва дарҳол розилик бердим.
Мен бу клубнинг ҳар доим ўз олдига катта мақсадларини қўйиб келишидан хабардорман. Шу боисдан ҳам таклифни қабул қилиш чоғида ҳеч қандай иккиланиш бўлмади. Мухлисларга шуни айтмоқчиманки, “Пахтакор” учун ўзим иштирок этадиган барча ўйинларда майдонга тушишни ва ғалабаларга эришиши йўлида бор кучимни ишга солишга тайёрлигимни айтмоқчиман. Уларни яна стадионда тезроқ кўришни сабрсизлик билан кутиб қоламан.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
Россия Курск вилоятидаги ҳудудларини қайтариб олишга 50 минг ҳарбий тўплади
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Украина ҚК бош қўмондони: “Фронтдаги вазият мураккаб ва кескинлашиши мумкин”
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин