22:02 / 15.08.2021
6 134

Шомуродов гол урган ўйиндан кейин Моуриньо нима деди?

Шомуродов гол урган ўйиндан кейин Моуриньо нима деди?
“Рома” уй стадиони ҳисобланган “Олимпико” аренасидаги ўртоқлик учрашувида Марокашнинг “Ража Касабланка” жамоасини 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ушбу баҳсда ҳисобни Элдор Шомуродов очди. Ҳамюртимиз иккинчи бўлимда арманистонлик Генрих Мхитаряннинг голига ҳам ассистентлик қилди.

Римликлар бош мураббийи Жозе Моуриньо ушбу баҳсдан сўнг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида фикрлари билан ўртоқлашди.
- Уйдаги биринчи кун. Ўз уйинг барибир ўзгача. “Рома” фанатларининг чексиз меҳрини ҳис қилиш ажойиб туйғу берди. Бундан буёғига ҳақиқий футбол бошланади ва биз буни интизорлик билан кутяпмиз, - деб ёзди португалиялик мутахассис Интаграмдаги саҳифасига.

“Рома” 2021-2022 йилги мавсумнинг биринчи расмий учрашувини 19 август куни сафарда ўтказади. Шу куни Рим клуби УЕФА Конверенциялар лигаси плей-офф босқичидаги биринчи ўйинда Туркиянинг “Трабзонспор” жамоаси меҳмони бўлади.

Элдор Шомуродов “Рома”даги расмий дебютини ўша учрашувда нишонлаши кутилмоқда.
“Рома” ва “Трабзонспор”нинг жавоб баҳси 26 август куни Римда бўлади.

Жозе Моуриньо шогирдлари Италия чемпионати А Сериясидаги биринчи учрашувини 22 август куни ўз майдонида “Фиорентина” футболчиларига қарши ўтказишини ҳам маълумот сифатида айтиб ўтиш лозим.

Таъкидлаш жоизки, португалиялик мутахассис Италия футболида ўз ўрнига эга бўлган “Рома” клубини жорий йилнинг май ойида қабул қилиб олди. Пойтахт клуби раҳбарияти ўша вақт ишсиз юрган тажрибали мутахассис билан 2024 йилнинг ёзига шартнома имзолади.

Жозе Моуриньо олдига жамоани Европа Чемпионлар лигасига олиб чиқиш вазифаси қўйилган. Машҳур мураббийга Италия футболи бегона эмас. Жозе 2008-2010 йиллар давомида “Интер” жамоасини муваффақиятли бошқарган. У миланликларни икки бор кетма-кет Италия чемпионига айлантирган. Моуриньо қўл остида “Интер” мамлакат кубоги ва Суперкубогини ўзиники қилган. Шунингдек, УЕФА Чемпионлар лигасининг бош совринини қўлга киритди.

Бундан ташқари, Жозе Моуриньо фаолияти давомида бош мураббий сифатида “Порту”ни икки бор, “Челси”ни уч маротаба, “Реал”ни бир марта мамлакат чемпиони қилган. У “Порту”ни Европа Чемпионлар лигаси ва УЕФА кубогида ғалаба сари етаклаган.

Португалиялик мутахассис “Манчестер Юнайтед”ни бошқарган даврда бу жамоани Европа лигасининг бош совринини олишига катта ҳисса қўшди. Моуриньо бу клублардан ташқари, ўз юртида “Бенфика” ва “Унион Лейрия” жамоаларини ҳам бошқарган.

Унинг охирги иш жойи “Тоттенхэм” клуби бўлди. Бироқ, “Тоттенхэм”ни 2019 йилда қабул қилиб олган мураббий ўзига хос характери туфайли жамоанинг етакчи футболчилари билан чиқиша олмагани ва оқибатда, жамоанинг натижалари пасайиб кетгани боис ўтган мавсум якунланиши арафасида истеъфога чиқарилди.

Айтиш жоизки, А Сериядаги легионеримиз Элдор Шомуродовнинг “Рома”га трансфер қилинишида Жозе Моуриньонинг фикри ҳам муҳим аҳамият касб этди. Португалиялик мутахассис ўз жамоасида тезкор, меҳнаткаш, жамоадошларига хавфли вазият яратиб бера оладиган, ҳимояга ёрдамлашадиган ва гол уришни уддалайдиган ҳужумчи бўлишига алоҳида эътибор қаратади. Европа футболини таҳлил қилувчи мутахассислар Жозе Моуриньо қўл остида Элдор Шомуродовнинг ўйини янада очилишини таъкидламоқда.

Буни Шомуродовнинг ўзи ҳам исботлай бошлади. Ҳамюртимиз “Рома”да тўлиқ бўлмаган иккита учрашувда майдонга тушиб, жамоасининг тўртта голида бевосита иштирок этди, “Бетис” ва “Ража Касабланка” дарвозаларини ишғол қилиб, Моуриньо ишончини оқламоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродов гол урган ўйиндан кейин Моуриньо нима деди?