20:20 / 17.08.2021
2 998

Шомуродов зўрми ёки Абрахам ёхуд Моуриньони кимга имкон беради?

Шомуродов зўрми ёки Абрахам ёхуд Моуриньони кимга имкон беради?
“Рома”нинг мавсумолди трансферлари кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда. Жозе Моуриньо Рим клубини қабул қилиб олганидан кейин таркибни кучайтира бошлади. Янги мавсум бошланиши олдидан португалиялик мураббий жамоага дарвозабон Руй Патрисиу, ҳимоячилар Рожер Ибаньес, Брайан Рейнольдс, Матиас Вина ва ҳужумчи Элдор Шомуродовни олди.

Энди “Рома” яна бир трансферни расман эълон қилди ва “Челси”нинг истеъдодли ҳужумчиси Тэмми Абрахам “Рома” шарафини ҳимоя қиладиган бўлди. Айни пайтда кўплаб мутахассислар Жозе Моуриньо жамоасида асосий ҳужумчи ким бўлишини муҳокама қилмоқда. Умуман олиб қараганда, ҳар икки ҳужумчининг бир-биридан устун томонлари етарли.

Трансфер суммаси асосий таркибга кафолатми?
“Рома” Элдор Шомуродов учун 20 миллион еврога яқин маблағ сарфлади ва ўзбек футболчисига йилига 2 миллион евро маош берадиган бўлди. Тэмми Абрахам эса, римликларга 40 миллион еврога тушди ва маоши ҳам шунга яраша беш миллион еврони ташкил қилмоқда. Бу “Рома” даражасидаги клуб учун катта трансфер ва катта маош ҳисобланади.

Молиявий нуқтаи назардан Абрахамнинг таркибдаги жойи кафолатланган. Чунки клуб қимматбаҳо ўйинчини захирада сақлаб ўтиришдан манфаат кўрмайди. Агар Жозе майдонда иккита ҳужумчи билан ҳаракат қиладиган бўлса, иккинчи жойга Шомуродов асосий даъвогар. Жамоада “Реал”дан ижарага олинган Борха Майораль борлигини ҳам унутмаслик керак.

Ўйин сифати бўйича устунлик Элдор Шомуродовда!
Ўйин борасида кўпчилик Шомуродовнинг имкониятларини кенгроқ баҳоламоқда. Бу борада ҳамюртимизнинг англиялик футболчидан устун томонлари қуйидагича: Элдор ўтган мавсумнинг иккинчи ярмини юқори савияда ўтказди ва ёзги ўртоқлик учрашувларида ҳам тўпурарлик маҳоратини намойиш қилмоқда. Абрахам эса, ўтган мавсумнинг иккинчи қисмида ўзини кўрсата олмади ва жароҳати ҳам вазиятни чуқурлаштириб, “Челси”даги жойини йўқотди.

Элдор Шомуродов “Женоа”га ўтганидан кейин ярим йил давомида А Серияга мослашиб олди. Тэмми ҳали Италия футболига кўникиши, итальянчани ўрганиши ва маҳаллий шароитга мослашиши керак. Бу эса вақт талаб қиладиган масала.

Шу омилларни ҳисобга олган ҳолда ўйинчи сифатида Элдорнинг фойдаси кўпроқ тегади.

Истеъдод устунми ёки меҳнаткашлик?
Салоҳият бобида Тэмми Абрахам устун. Англиялик чарм тўп устаси туғма талант, Элдордан уч ёшга кичик ва анчадан бери Европанинг энг истеъдодли ҳужумчилари қаторида тилга олинади. Шомуродовнинг йўли бироз бошқача. Элдор ҳар қандай маррага меҳнат билан эришиш тимсоли. Ўзбек ҳужумчиси тинимсиз меҳнат, ўз устида ишлаш ва машаққатли машғулотлар эвазига ўсишга эришаётгани кўп бор тан олинган.

“Рома”даги мавсум “Истеъдод устунми ёки меҳнаткашлик?”, деган саволга жавоб топиб бериши керак.

Тўпурарлик маҳорати
Рақиб дарвозасига кўп гол уриш масаласида ҳам устунлик Абрахам томонида. У жуда кўп гол уриши мумкин. “Астон Вилла”да ўйнаган пайтда 40 учрашувда 26 та гол уришга эришган. Шомуродовда тўп киритишда барқарорлик етишмайди. “Ростов”да кетма-кет гол ура бошлаганидан кейин бир неча ой рақиб дарвозасига йўл топа олмади. “Женоа”га ўтганидан кейин ҳам голсиз серия кузатилди.

Ҳимоявий ўйин
Бу борада катта устунлик Шомуродов томонида. Элдор А Сериянинг энг меҳнаткаш ҳужумчиларидан бири экани тан олинган. У ҳужумкор футболчи бажарадиган вазифалардан ташқари орқага қайтиб, ҳимоячиларга катта ёрдам беради. Абрахам эса бўш ҳимояланиши, прессингларни бой бериши ва ортга қайтмаслиги учун кўп бор танқид остига олинган. Статистакалар шуни кўрсатмоқдаки, Шомуродов ўтган мавсумда ҳар бир ўйинда Абрахамга қараганда беш марта кўп рақибдан тўпни олиб қўйган.

Уларни бирга ўйнатиш керак
Жозе Моуриньода бу икки ҳужумчидан бир вақтнинг ўзида фойдаланиш имкони бор. Шомуродов шерик билан ўйнашга кўниккан ҳужумчи. Бироқ, Жозе Моуриньо кейинги пайтда бир нафар марказий ҳужумчидан фойдаланяпти. Элдор эса ана шундай ўйинларнинг иккитасида қатнашиб, биттадан гол урди ва голли пас оширди.

Тэмми Абрахам классик марказий ҳужумчи ҳисобланади. Элдорнинг устунлиги ҳужум марказидан ташқари, у қанотлардан ҳужумга ўтиш, ҳужумчи ортида ўйнаш кўникмасини яхши ўзлаштирган.

Нима бўлганда ҳам, бу ёғи Жозе Моуриньонинг тактикаси ва танловига боғлиқ бўлади. Шундай экан, бизларни жуда қизиқарли мавсум кутмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродов зўрми ёки Абрахам ёхуд Моуриньони кимга имкон беради?