17:57 / 24.08.2021
2 855

Равшан Ҳайдаров тўғри танловми?

Равшан Ҳайдаров тўғри танловми?
Сречко Катанец бошчилигидаги мураббийлар штабидан Равшан Ҳайдаров ҳам жой олиши ҳақида хабарлар тарқалди.
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги бош мураббийи Сречко Катанец Тошкентга келганига бугун олтинчи кун бўлди. Бироқ ҳозирча ушбу мутахассис билан шартнома имзолангани йўқ. Маълум бўлишича, янги мураббий ўзбек футболидаги шарт-шароитларни ўрганяпти, стадионларни кўряпти ва керак пайтда ўз маслаҳатларини беряпти.

Токи шартнома имзоланмас экан, бош мураббий дейиш ҳам бироз ноқулай. Чунки ҳар нарса бўлиши мумкин. Лекин фараз қиламиз, шартнома имзоланди ва Катанец ишга киришди. Унинг мураббийлар штабида кимлар бўлади?

Словениялик мураббий ўзининг икки нафар ёрдамчиси билан ташриф буюрди. Шунингдек унга маҳаллий мураббий ҳам кўмаклашади. Бу - Равшан Ҳайдаров. Маълумки, Равшан Ҳайдаров ҳозирда Ўзбекистон U-22 терма жамоаси бош мураббийи ҳисобланади. У билан шу пайтгача терма жамоада ишлаб келган тўлиқ таркиб ҳам миллий жамоага ўтади дейишяпти. Яъни, бу ўринда шифокорлар, массажчилар, администратор ва бошқа мураббийларни назарда тутяпмиз.

Шундай бўлди ҳам дейлик, бу танлов қанчалик ўзини оқлайди? Қуйида шу ҳақда баъзи фикр-мулоҳазаларни билдирамиз.

Катанецга маҳаллий мураббий керакми?
Мураббийлар турлича бўлади. Айниқса хорижликлар. Кимдир мураббийлар штабини тўлиқ ўзи билан олиб келади. Жамоада фақат ўзи каби хорижликлар ишлайди. Масалан, Эктор Купер билан шундай бўлганди. Кимдир эса ўзи билан фақат икки ё уч нафар ёрдамчисини олиб келади ва янги иш жойида унга маҳаллий мураббийни беришса эътироз билдирмайди.

Сречко Катанец мураббийлар штабида маҳаллий мураббий бўлиши кераклигини ўзи хоҳладими ёки ЎФА сизга шу киши ёрдам беради деб Ҳайдаров вариантини тақдим этдими, очиғи бизга маълум эмас. Айтайлик, Катанец Тошкентга келишидан олдин баъзи саволлар муҳокама қилиб олинган ва менга маҳаллий мураббий керак, чунки футболчиларни ва умуман футболингизни яқиндан билмайман деган бўлиши мумкин. Ва шундан сўнг ЎФА раҳбарияти бу борада бир қарорга келиб, Равшан Ҳайдаров номзодини маъқуллаган бўлса керак.

Ҳайдаров неча ёшда, Катанец-чи?
Равшан Ҳайдаров шу йилнинг 15 июль куни 60 ёшни қарши олди. Буни қарангки, Сречко Катанец 16 июлда туғилган ва 58 ёшга тўлди. Биз нима учун ёш ҳақида гапиряпмиз? Одатда бош мураббийнинг ёрдамчилари ўзидан кичик бўлади. Масалан, "Манчестер Сити"да Микель Артета бир-икки мавсум Гвардиолага ёрдамчилик қилди ва шундан сўнг "Арсенал"га бориб мустақил фаолиятини бошлади.

Бу ўринда ёрдамчи мураббий иш пайтида бош мураббийга ёрдам бериш билан бирга ўзи ҳам мустақил ниманидир ўрганиб боради ва шу орқали тажриба тўплайди. Айтайлик, Катанец 58 ёшда, Равшан ака эса ундан икки ёш катта. Шундай бўлгач, Ҳайдаровнинг терма жамоа мураббийлар штабида ишлаши биринчи ғалатиликни келтириб чиқаради. Албатта, булар муаллифнинг шахсий фикри ва бундай бўлмаслиги ҳам мумкин.

Балки Катанец учун ёрдамчиларининг ёшини аҳамияти йўқдир. Лекин эрта-индин машғулот пайтида Катанец Ҳайдаровга қараб, "Фишкани бундай қўйинг, дарвозани нарироқ суринг" деб баланд овозда гапиришига ишонмайман. Чунки бу ерда ёш фарқи бор, ўзаро ҳурмат бор. Ҳар ҳолда Катанец ўзидан икки ёш катта мураббийни, бўлиб ҳам Ўзбекистоннинг турли ёшдаги жамоаларини бошқарган мураббийни тергамаса керак.

Ёрдамчи мураббий - бош мураббий ва футболчилар ўртасидаги кўприк
Ёрдамчи мураббий ким? Аввало бош мураббийнинг ёрдамчиси. Шунингдек, у бош мураббий билан футболчилар ўртасидаги кўприк бўлиши керак. Айтайлик, Катанец янги мураббий, кўп футболчиларимизни танимайди, уларнинг оилавий аҳволидан ва бирор муаммоси бор-йўқлигидан хабари йўқ. Бу ўринда унга ким ёрдам беради? Албатта, маҳаллий ёрдамчи мураббий.

Масалан, қайсидир футболчининг нимадир зарур иши ёки муаммоси чиқиб қолди, чунки бу ҳолат барча билан содир бўлиши мумкин. Шундай пайт футболчилар тўғри бош мураббийга бориб гапиришга ийманади ва ёрдамчи мураббийдан фойдаланадилар. Бу ўринда футболчи муаммоси ҳақида ёрдамчи мураббийга оғиз очади ва ёрдамчи мураббий ўз пайтида бош мураббийга етказади.

Янги тузиладиган Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийлар штабида Равшан Ҳайдаров ёрдамчи бўлгани билан бир неча йиллардан буён бош мураббий сифатида ишлаб келаётгани боис футболчилар Равшан акага ҳам гапиришга ийманишлари мумкин. Бу ўринда ёшроқ мураббий бўлса, улар бемалол ичидагини айтади. Эҳтимол, бу у қадар жиддий масала эмасдир, лекин эрта-индин шундай муаммо бўлиб қолмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Берайлик ёшларга имконият!
Равшан Ҳайдаровга нисбатан ҳурматимиз баланд. У киши қарийб 20 йилдан бери турли терма жамоалар билан ишлаб келмоқда. Бир қатор ютуқларга эришган. Бироқ Равшан Ҳайдаров U-22 терма жамоамиз бош мураббийи бўла туриб, миллийда Катанецга ёрдамчилик қилиши ғалати кўринади. Қачонки футболда ҳамма фақат ўз иши билан машғул бўлмас экан, ўзбек футболи бундан фойда топмайди.

Масалан, Ҳайдаров фақат U-22га жавоб берсин, Кападзе фақат U-19га. Терма жамоани эса Катанецнинг ўзига қўйиб берайлик. Керак бўлса, фақат хорижликлар ишласин. Футболчиларни ўзи топсин, ўзи танласин, ўзи ўйнатсин, натижа учун ҳам ўзи жавоб берсин. Атрофида маслаҳатгўйлари бўлмасин. Агар Катанецнинг ўзи менга маҳаллий мураббий керак деса, берайлик ёшларга имконият! Топайлик бирор клубда ёки жамоада ишламаётган ёш мураббийни. Ахир ҳар йили лицензия оладиган ўнлаб мураббийлар чиқяпти-ку.

Муаллиф: Xayrulla Xoliqov

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Равшан Ҳайдаров тўғри танловми?