23:16 / 29.08.2021
2 570

Виктор Жалилов: "Натижалар ва жамоа ўйинида Бабаяннинг ёрдами тегяпти"

Виктор Жалилов: "Натижалар ва жамоа ўйинида Бабаяннинг ёрдами тегяпти"
Coca Cola Суперлига 16-туридан ўрин олган “Насаф” – “Навбаҳор” (0:1) учрашувидан кейин наманганликлар бош мураббийи Виктор Жалилов ўйин ҳақидаги фикрларини билдирди.

- Жуда шиддатли ва турлича ўйин гувоҳига айландик. “Насаф” ҳар икки бўлимда бир нечта хавфли вазиятларни яратди, лекин улардан фойдалана олмади. Албатта, дарвозабонимиз мураккаб ҳолатларда жамоамизни қутқарди. Иккинчи бўлимда заҳирадан футболчиларни майдонга тушириш орқали ўйинимизни кучайтирдик. Қизил карточка ҳам ишимизни енгиллаштирди. Ўша вазиятдан кейин ўйинни назорат қилдик ва албатта, заҳира алмаштиришини омадли тарзда амалга оширдик, кучга тўла футболчи майдонга тушиб, гол урди. “Насаф”даги чарчоқ аломатлари ҳам ўз сўзини айтди, шекилли, - деди Виктор Жалилов.

- Аввалги ўйиндан кейин легионерларни танқид қилгандингиз. Бугун эса улардан бири гол урди. Сизнингча, танқид уларга таъсир қилдими?
- Гап бизнинг танбеҳ беришимиз ёки танқид қилишимизда эмас. Кейинчалик хотиржам тарзда гаплашиб олдик, вазиятни тушунтирдик. Коста ўша ўйиндан кейин жароҳат олгани сабабли, сўнгги иккита машғулотда қатнашганди холос. Афтидан, ҳордиқ унга ижобий таъсир қилган шекилли, заҳирадан ўйинга қўшилиб, бор кучини сарфлади. Умуман олганда, ҳа, танқидлар ҳам фойда беради, албатта.

- Айни пайтда клубнинг сиз ва футболчилардан қарздорлиги йўқми?
- Бу борада муаммо йўқ. Наманган вилояти ҳокими “Навбаҳор” учун астойдил қайғуради, асосий жамоадан тортиб, ёшларгача эътибор қаратмоқда, ҳар тарафлама қўллаб-қувватламоқда. Ҳозир клубда йўлга қўйилган тизим босқичма-босқич самара келтиришига ишонаман. Нафақат “Навбаҳор”, умуман, вилоятда болалар-ўсмирлар футболи ривожи йўлида ўзига яраша пойдевор қўйилган.

- “Навбаҳор”нинг бронза медалларини қўлга киритиш борасидаги имкониятларини қандай баҳолайсиз?
- Нафақат бронза, балки кумуш медаллар учун ҳам имконият бор. Турнир жадвалидаги жамоалар тўплаган очколарга қарасангиз, фарқ катта эмаслигини кўришингиз мумкин. Кетма-кет икки ўйинда ғалаба қозонганимиз учун дейлик, 4-ўриндаги жамоа билан фарқни сезиларли камайтиришга эришдик. Мен учун асосийси, жамоа ўйини сифатли бўлсин, шундагина натижаларимиз яхшиланаверади.

- Самвел Бабаяннинг ҳам жамоага ёрдами тегяптими?
- Албатта. У билан биринчи марта бирга ишлаётганим йўқ. Натижалар ва жамоанинг ўйини ҳам унинг ёрдами тегаётганини кўрсатиб турибди, ижобий ўзгаришлар бор, “Навбаҳор” олдинга қадам ташламоқда.

- Мутахассис сифатида айтинг-чи, бугун “Насаф”га ғалаба қозониш учун нима етишмади?
- Омад етишмади. Қолаверса, Ўткир Юсупов бугун ажойиб ўйин кўрсатди. Албатта, қисқа муддатда кетма-кет ўйин ўтказишгани учун бироз чарчоқ ҳам панд берди, деб ўйлайман.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Виктор Жалилов: "Натижалар ва жамоа ўйинида Бабаяннинг ёрдами тегяпти"