3 556
"Муваффақиятсизликнинг сабабини топдим" - Анвар Ғофуров терма жамоани катта кемага ўхшатди ва...
Фото: Sports.uz
Айни пайтда “Бунёдкор” клуби мураббийлар штабида меҳнат қилаётган Анвар Ғофуров миллий терма жамоада Вадим Абрамов билан ҳам бирга ишлаганидан хабардорсиз. Мураббийликка яқинда қадам қўйган Ғофуров учун ҳам миллий термадаги муваффақиятсизлик оғир ботди. Қуйида унинг билдирган фикрларини ўқишингиз мумкин.
Катанец ҳақида қандай фикрда?
- Авваламбор, янги мураббийга омад тилайман. Катанецни жуда тажрибали ва кўп нарсани кўрган мураббий деб биламан. Ўзбекистон миллий терма жамоасини жаҳон чемпионатига олиб чиқишини тилайман. Қолаверса, Осиё Кубоги саралаш баҳсларида муваффақиятли қатнашиш, яхши натижалар кўрсатишини истайман. Мухлисларимиз терма жамоа ўйинларидан хурсанд бўлишларини хоҳлайман.
Терма жамоада кўрган-кечирганлари
- Терма жамоадаги фаолиятим мен учун катта дарс бўлди деб ўйлайман. Терма жамоа ичида бўлиш, футболчилар ва мураббийлар нимани ўйлаётганини ичидан кўриш менга улкан мактаб бўлди. Келажакда кўрганларим менга ёрдам беради деб ўйлайман. Ўзимга келиш ва тикланишим осон бўлмади. Нимага шунақа бўлди деб кўп ўйладим. Бу ҳақда ўз фикрларим бор. Аммо ушбу фикрларимни ўзимда қолдираман. Яна қайтараман, мен учун яхши дарс бўлди. Терма жамоа билан кўп вақт бирга бўлмаган бўлсам ҳам унинг ичида бўлганимдан хурсандман.
Муваффақиятсизлик нима билан боғлиқ эди?
- Сабаблар кўп. Терма жамоани катта кема деб ҳисобласак, унда кимдир хато қилган бўлса, ҳаммани айби бор деб ўйлайман. Яъни, ўша кемадагиларнинг барчаси мағлубиятга ўз ҳиссасини қўшди. Мураббийларда ҳам, футболчиларда ҳам, балки ташкиллаштирадиган одамларда ҳам озми-кўпми камчиликларимиз бор экан. Шу туфайлими ёки бошқа сабаб биланми, шунақа бўлди. Афсуски, керакли натижа қўлга киритилмади. Лекин айнан кимнидир алоҳида айбдор қилиб кўрсатиш нотўғри. Барчамиз вазият шундай тус олишига айбдормиз деб ўйлайман.
Термадаги омадсизлик қанчалик таъсир кўрсатгани ҳақида
- Албатта, бу мағлубият менга ҳам, умуман ҳаммага таъсир қилди. Мен шу мағлубиятдан сабабини қидиргандим. Нима сабабдан бундай бўлгани ҳақида анча ўйландим. Сабабларнинг охирига етганимдан кейин менга бироз енгилроқ бўлди. Чунки бунинг сабабларини топдим деб ўйлайман. Бу бир ёки икки кунда бўлиб қолгани йўқ. Камида уч ҳафта давомида шу ҳақда ўйланиб юрдим. Барчасини ўйладим, таҳлил қилдим.
Ғофуров учун намунали мураббийлар ким?
- Албатта, мен футболчи сифатида кўп яхши мутахассислар билан ишлаганман. Мураббийларнинг энг яхши томонларини ўзим учун ўзлаштирганман. Келажакда эса мен ҳам шундай ишлайман деб умид қилиб юрибман. Европада жуда кўп ўрнак олса бўладиган мутахассислар бор. Таққослайдиган мураббийлар кўп. Шу боис ҳар бирини айтиб ўтиш осон эмас. Барибир улардан яхши томонларини олишга ҳаракат қиламан. Мураббийликнинг майда деталларигача эътибор қаратишга ҳаракат қиламан. Шунда футбол кўп нарсани ютади. Чунки ҳар бир детал ўз ўрнига эга.
Танқидларга қандай қарайди?
- Ҳар бир инсонни ўз фикри бор. Сиз уни гапларига қўшиласизми-йўқми, бу ўзингизга боғлиқ. Танқидлардан қайсидирларини қабул қиламан. Лекин улар жамоа ичида бўлмаган, нималарни талаб қилинганини билмайдилар. Турли гап-сўзларга аҳамият бермасликка ҳаракат қиламан. Лекин ўзимга керакли, тўғри келадиган фикрларни қабул қиламан. Мураббийлар талаб қилишади, футболчилар эса ижро этиши керак. Бу – футбол, унда кимдир ютади, кимдир ютқазади. Ҳар бир ўйинни ютадиган ёки доим чемпион бўладиган жамоанинг ўзи йўқ. Кучли клубларда ҳам мағлубиятлар бўлади.
Афсусландими?
- Мағлубият ва тушкун ҳолатга тушиб қолиш футболда бўладиган ҳолат. Хусусан, мен учун катта дарс бўлди деб бежизга айтмадим. Терма жамоа билан бормасдан уйдан туриб қараганимда бошқача фикрда бўлардим. Лекин мен жамоа ичида бўлганим боис кўпчилик билмаган нарсани мен билганман. Шунинг учун вазиятни тушуниш менга осонроқ бўлди. Лекин ўша жамоада бўлганим учун афсусланмайман. Шу ўринда раҳбарият ва мураббийларга менга имконият берилгани ва терма жамоа мураббийлар штабида бўлганим учун миннатдорчилик билдираман. Ўзим учун керакли хулосаларни чиқардим.
Мустақил ишлашга тайёрми?
- Мен ҳозир "Бунёдкор" мураббийлар штабида ёрдам беряпман. “А” лицензиясига ўқиб олдим. Худо хоҳласа, шу лицензияни қўлга киритаман. Лекин менга имконият берилса, нимага қодирлигимни кўрсатиб беришга тайёрман. Ҳамма клубни ўз мураббийлари бор. Агар менда вариант пайдо бўлса, буни қабул қилишга ҳаракат қиламан, нимага эришишим мумкинлигини кўрсатиш ўзимга ҳам қизиқ. Шунинг учун мураббийлик салоҳиятимни исботлашга ҳаракат қилардим. Биламан ва тушунаманки, бу осон йўл эмас. Бироқ мураббий бўлишга ўзимни тайёрман деб ўйлайман.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
Украина ҚК бош қўмондони: “Фронтдаги вазият мураккаб ва кескинлашиши мумкин”
НАТО собиқ қўмондони: “Путин Украинанинг тахминан 20 фоизини қўлга киритади”
Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Россия Курск вилоятидаги ҳудудларини қайтариб олишга 50 минг ҳарбий тўплади
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди