14:36 / 01.09.2021
2 069

"Мени ҳам терма жамоага чақирса керак, деб ўйлагандим" - легионеримиз яна нималар деди?

"Мени ҳам терма жамоага чақирса керак, деб ўйлагандим" - легионеримиз яна нималар деди?
Айни чоғда Беларусь чемпионатида БАТЭ жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган иқтидорли легионеримиз Шаҳбоз Умаров ҳақида илиқ фикрлар билдириляпти. У БАТЭ клубига ўтгач ҳам асосий таркибдан жой олди. Муҳими, Умаров ўсишда давом этяпти.

Ростини айтганда, Шаҳбозни ҳам миллий терма жамоада кутаётган мухлислар талайгина. Зеро, ҳамюртимиз Беларусь чемпионатининг етакчи жамоаларидан бирида муваффақиятли тўп суриб келяпти. Бунгача терма жамоада олдинги мураббийлар унга эътибор қаратмаётгани юзасидан турли танқидлар ҳам бўлганди.

Янги бош мураббий балки Шаҳбоз ҳақида эшитгандир, балки ҳали уни билмас. Аммо словениялик мутахассиснинг илк йиғинида Шаҳбоз Умаров йўқ. Футболчи бу масала бўйича Sports.uz мухбирига ўз муносабатини билдирди.

- Сречко Катанец Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги илк йиғинини бошлади. Бош жамоамизда хорижлик мутахассис иш бошлаганидан кейин энди мени ҳам чақиради, деб кутгамидингиз?
- Нима дейишни ҳам билмайман. Энди чақирса керак, деб ўйлагандим. Демак, терма жамоа йиғинига чақирилган футболчилар айни пайтда энг кучлилари. Мен эса бундан буён ҳам ўз устимда ишлашда давом этаман. Умуман айтганда, бу ҳолатга муносабатим яхши. Ҳозирги пайтда жисмоний тарафдан кимлар кучли бўлса, ўшалар чақирилган.

- Бир сўз билан айтганда, миллий термада қандай мутахассисни тасаввур қилгандингиз?
- Мен ҳеч кимни кутмаётгандим. Чунки ҳали терма жамоага чақирилмаганман. Шу боис бу ҳақда ўйлаганим йўқ. Лекин терма жамоанинг кенгайтирилган рўйхатида борман. Мураббий ҳали янги. Ўйинларни кўриб чиқади. Албатта, керак бўлсам чақиради. Агар чақирилмасам буни тўғри қабул қиламан.

- Катанец ҳақида илк бор эшитганингизда хаёлингизга нима келди?
- Яхши мураббий. Бошқа ҳеч нарса келмади, хаёлимга.

- Бу сафар ҳам йиғиндан четда қолганингиз кайфиятингизга таъсир қилмадими?
- Йўқ, ҳеч қандай таъсир кўрсатмади. Албатта, умид қилаётгандим. Аммо чақирилмаганим кайфиятимга умуман таъсири бўлмади.

- Одил Аҳмедов миллий терма жамоадаги фаолиятини якунлаганидан сўнг, ўрнини ким босаркин, деган саволлар бор. Унинг кетиши катта таъсир кўрсатадими?
- Одил Аҳмедов жонкуяр футболчилардан бири эди. Бундай ўйинчининг ўрни билинади, албатта. Аммо бу футболчи ўз ўрнини ўсиб келаётган ёшларга бўшатиб берди. Шубҳасиз, у энг зўрларидан бири, ҳам футболчи, ҳам инсонийлик томонлама. Қолаверса, ажойиб сардор эди.

- Айни пайтда БАТЕ клубидаги ишларингиз қандай? У ердаги фаолиятингиздан қониқяпсизми?
- Иккита учрашувда дуранг ўйнадик. Афсуски, шу томонлама очко йўқотяпмиз. Коронавирус сабабли 3-4 нафар ўйинчиларимизни йўқотдик. Бундан ташқари, жароҳат олиб даволанаётган футболчиларимиз ҳам бор. Ҳали чемпионлик учун кураш тўхтагани йўқ.

- Аста-секин фаолиятингизда олдинга қадам ташлаб боряпсиз. БАТЭ сиз учун янги чақирув эди. Айтинг-чи, жорий мавсумдаги фаолиятингиз ушбу клубдаги охиргиси бўлиб қоладими?
- Ҳамма футболчи фақат ўсишни хоҳлайди. Мени БАТЭда жуда ҳурмат қилишади, бу ердаги ишларим яхши. Бироқ шунга қарамасдан ўсишим учун янада юқорироқ қадам ташлашим кераклигини биламан. Мен бу жамоага жуда кўникиб қолганман, биз бир оиладекмиз. Аммо бу билан тўхтаб қолиш ниятим ҳам йўқ. Нима бўлишини кейинчалик кўрамиз. Ҳаммаси Худодан.

- Фаолиятингизни БАТЭда давом эттираётганингиздан бери сизга жиддий таклиф бўлдими?
- Билмадим, бу борада клуб билан боғланишган. Ушбу масалада ўзим аниқ айта олмайман.

- Шаҳбоз кумирингиз сифатида кимни айта оласиз?
- Ёшлигимдан кумирим Стивен Жеррард бўлган. Менинг позициям бошқа бўлгани билан айнан у кумирим ҳисобланган.

Шуҳратбек Жўраев


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Спорт » "Мени ҳам терма жамоага чақирса керак, деб ўйлагандим" - легионеримиз яна нималар деди?
[/banner_pushhouse