18:00 / 03.09.2021
3 072

Кимдир қилар ялло, ким эса пул дардида

Кимдир қилар ялло, ким эса пул дардида
ФИФАнинг қарорига кўра, "Навбаҳор" 30 кун ичида собиқ бош мураббий Андрей Канчельскисга 1,6 миллион доллардан кўпроқ пул тўлаб бериши керак.

Андрей Канчельскис ўзи келиб нима каромат кўрсатди-ю, қаердан бу сумма келиб чиқди? На Ўзбекистон чемпионатини ютди, на Кубокни. Лекин биз ҳужжат гапирадиган замонда яшаётганимизни ҳисобга олсак, мураббий ўз ваколатидан фойдаланиб олмаган маошлари учун ФИФАга арз қилди.

Карнайчидан битта куф деганларидек, ФИФА "Канчельскис иши"ни ўрганиб, мураббий фойдасига қарор чиқарди ва клубга 1,6 миллион доллар жарима йўллади. Шундай бўлиши табиий эди. Одатда ФИФА жабрдийда мураббийлар ёнини олади ва улар фойдасига қарор қабул қилади.

ФИФА мураббийнинг қандай ишлагани, нималарга эришгани билан қизиқмайди, фақат шартномани ўрганади. Мен эшитганим Андрей Канчельскис "Навбаҳор"га бошида 5 минг доллар ойликка келганди. Лекин қаердан умумий сусмма 1 миллион доллардан ошиб кетди, шуниси қизиқ.

Кеча ижтимоий тармоқларда "Шўртан" клубининг ишчи-ходимлари 5-6 ойдан буён ойлик олмасдан ишлаб келаётгани ҳақида видео тарқалди. Видеода стадион ва базада меҳнат қилаётган оддий инсонлар мурожаати келтирилган. Улар раҳбариятдан ҳеч қанақа компенсация талаб қилмаяпти, балки ўз пешона терларини тўлаб беришларини хоҳлаяпти.

Гапираётган ишчиларнинг ҳаммаси оддий, гапларидан ҳам кўриниб турибди. Кимдир бир миллион ойлик олар, кимдир икки миллион. Сўзга чиққанларнинг аксари янги ўқув мавсуми бошланаётгани билан мактаб бозори қилиш кераклиги, аммо бунинг учун етарли маблағ йўқлигини куюниб гапирган.

Фарзанд(лар)и мактабга қатнайдиган ота-оналар яхши билади, августнинг сўнгги 10 кунлигида ҳамма мактаб бозори билан овора бўлиб қолади. Бунинг устига мактаб бозориям йилдан йилга қиммат бўлиб кетяпти. Ҳатто мактаб томонидан бериладиган китобларгаям пул тўлашга тўғри келяпти.

Шундай экан, "Шўртан" клуби ходимларининг арз-додини жуда яхши тушунамиз. Алам қиладиган томони шуки, кимдир уч-тўрт сўм пулимни олиб боламни мактабга берволай, озгина бўлсаям рўзғорга барака кирсин деб куюнаётган бир пайтда кимдир 1,6 миллион долларни ундириш хаёли билан банд.

Бу ерда Канчельскисни айблаш ноўрин, чунки у ҳужжат бўйича иш тутяпти. Вақтида олмаган пуллари ҳақида гапиряпти. Лекин у хоҳлаётган сумма ўзимизнинг пулда салкам 20 миллиард сўм бўлишини кўз олдимизга келтирсак, эт жунжикиб кетади. Ахир бу ўртамиёна клубнинг бир йиллик бюджети эмасми? 1,6 миллион доллар оғизнинг бир четидан чиқиб кетади-я.

Хориж хабарларида ўқиб қоламиз: фалончи клуб фалончи мураббийга шунча компенсация тўлаб беради. Лекин биз ўзимизни улар билан солиштирмайлик. Улардаги бор молиявий имкониятлар бизда йўқ. Улар ҳамма нарсадан пул топади: мухлислар ташрифи, трансферлар, футболкалар сотуви, теле трансляциялар, қолаверса йирик компаниялар катта миқдорда пул беради. Бизда эса вазият тамоман бошқача ва буни ҳамма яхши билади.

"Канчельскис иши" қандай якун топишини билмайман, лекин шуниси аниқки, у барибир катта фойда билан ўйиндан чиқади. Ва эҳтимолки Ўзбекистонга бошқа қайтмайди. Бундай мураббийнинг кераги йўқ. Бизни кўпроқ ўзимиздаги оддий меҳнатчиларнинг тақдири қизиқтиради. Келаси душанбадан мактаблар очилади, ўқиш бошланади, мактаб бозори қилишга улгурмаган ота-оналарнинг ҳолати кўпроқ ўйлантиради.

Муаллиф: Xayrulla Xoliqov

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Кимдир қилар ялло, ким эса пул дардида