Яқинда “Насаф” устози Рўзиқул Бердиевнинг тоқати тоқ бўлиб, “Навбаҳор”га қарши ўйиндан кейин матбуот анжуманида муаммолар ҳақида гапириб, раҳбарият билан ўртада зиддият борлиги ва клубдаги тақдири ҳақида узил-кесил гаплашиб олиши тўғрисида айтган сўзлари ҳаммани ўзига қаратди.
Бу Бердиев томонидан айтилган жиддий эътироз бўлиб, клубдаги мавжуд камчилик ва муаммолар бугун ёки кеча пайдо бўлмаган. Анча вақтлардан бери йиғилиб-йиғилиб охири Рўзиқул Саъдуллаевич ҳаммасини ошкора тарзда гапирди. Келинг, ўшанда Бердиев нималар деганини яна бир бор ёдга оламиз:
“Тўғрисини айтишим керак, вазият биз кутгандек эмас. Анча муаммоларимиз ечилмаяпти. Бугунги мағлубиятни ўз бўйнимга олиб, улар билан вазиятни муҳокама қилмоқчиман, ўз фикримни билдирмоқчиман. Яъни, раҳбарлар билан ўз тақдирим ҳақида гаплашмоқчиман. Натижа учун фақат футболчилар ва мураббийлар жавобгар бўлмаслиги керак. Ҳамма бирлашиши керак. Қачондир ўйинимизда пасайиш бўлиши керак эди. Вазият шунга қараб келаётганди. Шу боис раҳбарият билан очиқчасига гаплашмоқчиман.
Футболчиларнинг руҳий ҳолатига албатта, таъсир қилади. Футболчиларни ҳар доим ўйнанглар, деб мотивация бериш ҳам эффект беравермайди. Вазият жиддий. Жамоамиз олдида учта фронтда ўйинлар турибди. Эътиборсизлик бўлаверса, янада чуқурлашиши мумкин.
Муаммо, ташкилотчилик масаласи. Рағбатлантириш, мотивация бериш керак. Бу бугунги ўйинга баҳона эмас. Ушбу мағлубият фожеа эмас. Биз ҳали ҳар бир фронтда юқори ўринлар учун курашишимиз мумкин. Аммо ташкилотчилик тарафидан эътиборсизлик бўлаверса, бу ўйинимизга таъсир қилиши мумкин. Муаммо олдиндан ўртага ташланган. Бу нимадалигини улар ҳам, биз ҳам биламиз. Фақат жамоага эътибор керак, бу нарса жуда ҳам муҳим. Раҳбарият жамоа билан бирга бўлиши, ҳимоя қилиши ва қўллаб-қувватлаши керак. Балки бошқа янгиликлар ҳам бўлиши мумкин”.
Булар шунчаки айтилган гаплар эмасди. Рўзиқул Бердиев клубдаги муаммоларни рўй-рост айтди. Бу раҳбарият тарафига қаратилган ўта жиддий сигнал бўлиб, бундан кейинги вазият у ёқ, бу ёққа қараб ўзгариши эҳтимоли катта эди.
Очиғини айтганда, биз бу гаплардан кейин “Насаф” бош менежери Сергей Кучеренконинг муносабатини билишга жуда қизиқдик. Шу сабабли унга бир неча бор қўнғироқ қилдик. Чунки бош мураббий асл вазиятни ошкор қилди. Ташкилий муаммоларни очиқчасига гапирди. Демак, энди раҳбарият томонидан бу борада албатта реакция бўлиши лозим эди. Реакция деганда биз икки томонни бир-бирига қарши қилиш эмас, балки муаммонинг ечимини назарда тутяпмиз. Бироқ Сергей Петрович бизнинг қўнғироғимизга жавоб беришни истамади. Унинг бундай муносабати эса янада турли саволларни келтириб чиқарди ва муҳими, Бердиев юқоридаги муаммоларни айтганида ҳақ эканлигини ва шунчаки айтмаганини билиш қийин эмасди.
Қизиғи, кеча телефоним жиринглаб қолди. Қарасам, Сергей Кучеренкодан қўнғироқ! Ниҳоят, гапириш учун энди вақт топибди-да, деган хаёл билан энди жавоб бермоқчи бўлганимда алоқа узилди. Икки марта қайта қўнғироқ қилдим, аммо Петрович жавоб бермасди. Ҳайрон бўлиб қолдим. Кейин ундан смс келди: “Извините, случайно!!!”. Изоҳга ҳожат йўқ.
Айни пайтда “Насаф” клуби “Навбаҳор”га учралган мағлубиятдан кейин Қаршида навбатдаги учрашувга тайёргарлик кўряпти, Рўзиқул Бердиев бошчилигида. Албатта, бош мураббийнинг ўша куни айтган жиддий гапларидан сўнг, раҳбарият билан унинг ўртасида суҳбат бўлиб ўтган. Барибир клуб мутасаддиларидан Рўзиқул Саъдуллаевичнинг реакциясига муносабатни билиш муҳим эди. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, биз клуб спорт директори Ботир Қораевга юзландик.
- Клубда ҳаммаси яхши. Шунчаки, нотўғри маълумот чиқиб кетган. Кучеренко билан Бердиев ўртасида ҳеч қандай зиддият йўқ. Фақат клубда молиявий тарафдан муаммолар бор. Бу бартараф этиляпти, - деди Қораев.
- Рўзиқул Бердиев айтган гапларини кўргандирсиз, муносабатингиз қандай?
- Ҳа, кўрдим. Ташкилий ишлардаги ҳолатларни ҳам эътиборга олишлари ҳақида айтган. Лекин яна такрорлайман: Кучеренко билан ўрталарида зиддиятли вазият юз бергани йўқ. Муносабатлари яхши. Ҳаммма ўз ишини давом эттиряпти.
- Юз берган воқеалардан кейин клубда қандай ўзгаришлар бўляпти?
- Аста-секинлик билан ҳаммаси ҳал бўляпти. Футболчиларнинг кайфияти мағлубиятдан кейин бироз тушганди. Ҳозир кейинги ўйинга тайёрланишяпти. Бундан фожеа ясаш керак эмас. Биласизлар, “Насаф” ҳар доим ўзи қатнашадиган мусобақаларда максимал вазифа учун курашади. Чемпионатда ҳам ҳали ҳеч нима йўқотилмаган. Медаллар учун курашамиз.
Умид қиламизки, клубдаги ҳозирги ҳолатдан қисман бўлса-да хабардорсиз. Бош мураббий ўзи мард билан "Навбаҳор"га учралган мағлубиятни ўз зиммасига олди. Лекин жамоанинг кайфияти тушгани рост. Биз юз берган барча ҳолатларни фақат яхшиликка деб ҳисоблаймиз. Шундай экан, кайфиятни кўтаринг, Рўзиқул ака!
Кучеренко билан бош мураббий ўртасидаги муносабат бу иккаласининг ички иши. Муҳими, бундан клуб жабр чекмаслиги лозим. "Насаф" ОФК Кубогида ярим финалга келди. Финал остонасига бир қадам қолган пайтда клубда турли низоларнинг чиқиши яхшилик аломати эмас. Акс ҳолда бу натижаларга таъсир кўрсатиши катта эҳтимол. Қолаверса, ички чемпионатда ҳам жамоа совриндор бўлишни истаяпти. Бундай пайтда жамоага кўмак жуда зарур. Буни раҳбарият тўғри тушунади, деган умиддамиз. Бердиев ҳали “Насаф”га керак...
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
Украина ҚК бош қўмондони: “Фронтдаги вазият мураккаб ва кескинлашиши мумкин”
НАТО собиқ қўмондони: “Путин Украинанинг тахминан 20 фоизини қўлга киритади”
Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Россия Курск вилоятидаги ҳудудларини қайтариб олишга 50 минг ҳарбий тўплади
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди