22:20 / 13.09.2021
4 837

Моуриньо Шомуродовнинг эски рақобатчисини Римга таклиф қилди!

Моуриньо Шомуродовнинг эски рақобатчисини Римга таклиф қилди!
Жозе Моуриньо “Рома”да катта ислоҳотларни бошлаб юборган. У жамоани Европа чемпионлар лигасида мунтазам иштирок этадиган қудратли жамоага айлантириш устида иш олиб бормоқда. Ҳозирча клуб раҳбарияти португалиялик мураббийга тўлиқ ишонч билдириб, унинг истакларини сўзсиз бажармоқда.

Ёзда Моуриньо талабига кўра, ярим ҳимоядан бошқа барча позициялар тўлиқ янгиланди. Жозе танлаган тезкор ҳужумчилар – Тэмми Абрахам ва Элдор Шомуродов, ишончли дарвозабон Руй Патрисио, чап қанотга Матиас Вина, марказга Рожер Ибаньес ва ўнг томонга Брайан Рейнолдс олиб келинди.

Бу ўзгаришлар УЕФА Конференциялар лигаси ва А Сериянинг дастлабки турларида ўз самарасини берди ва римликлар кетма-кет бешта расмий учрашувни ўз фойдасига ҳал қилишни уддалади.

Янгиланишларга қарамай, Моуриньонинг ўзи ҳали жамоа юқори марралар, хусусан, скудеттони қўлга киритиш учун курашишга қодир эмас, деб ҳисобламоқда. Унинг айтишича, жамоанинг ҳозирги қудрати “Ювентус”, “Интер”, “Аталанта”, “Наполи” билан тенгма-тенг рақобатлашиш имконини бермайди. Ана шу мақсадга эришиш учун “Рома” гранд клублар даъвогарлик қилаётгани футболчиларни ҳам олиб келишни режалаштирмоқда.

Ёзги трансферлар вақтида “Рома” бош мураббийга керак бўлган икки футболчини олишга улгурмади. Римликлар “Барселона” ҳимоячиси Клеманг Лангле ва Мёнхенгладбахнинг “Боруссия”сида ишончли ўйин кўрсатаётган Денис Закарияга харидор бўлганди. Бу истеъдодли ижрочиларни “кўҳна қитъа”нинг бир қатор клублари ҳам ўз сафида кўрмоқчи.

Рим клуби мутасаддилари Лангле ва Закария трансфери устида иш олиб бораётган бир пайтда Моуриньо яна бир янги футболчини таклиф қилиш кераклигини таъкидламоқда. Португалиялик мутахассис футбол асосларини “Рома”да ўрганган Жанлука Скамаккани ортга қайтаришни истаяпти.

Ўзбекистонлик футбол мухлисларига маълумки, жисмонан бақувват ҳужумчилар сирасига кирадиган Скамакка ўтган мавсумни “Женоа”да ўтказди ва асосий таркибга киришда Элдор Шомуродовнинг асосий рақобатчиси эди. Генуя клуби мураббийлари айрим учрашувларда Шомуродов ва Скамакка тандемини майдонга туширди. Ҳар ҳолда бу ўз самарасини берганини биламиз. Ҳар икки ҳужумчи мавсумни саккизтадан гол билан якунлади.

Жанлука Скамакка Италия ёшлар терма жамоасида етакчилик қобилиятини намойиш қилиб келмоқда. Роберто Манчини ёш футболчини миллий терма жамоага ҳам жалб эта бошлади.

Моуриньо уни “Реал”дан ижарага олинган Борха Майораль ўрнига олиб келмоқчи. Майораль ички рақобатда Абрахам ва Шомуродовга ютқазяпти. Қолаверса, мавсум охирида испаниялик ҳужумчининг ижара муддати якунланади.

“Реал” бош мураббийи Карло Анчелотти ҳам “Қироллик клуби” тарбияланувчиси захирада қолаётганидан хавотирланиб, уни Римдан кетишга чорламоқда.

Скамакка ёш бўлишига қарамай, Нидерландиянинг ПСВ, “Зволле”, Италиянинг “Кремонезе”, “Асколи”, “Женоа” каби жамоаларида ўйнаб, катта тажриба тўплади ва айни пайтда “Сассуоло” шарафини ҳимоя қилмоқда.

Жозе Моуриньо А Сериянинг учинчи турида Скамакканинг ҳаракатларини бевосита кузатишга муваффақ бўлди. Бош мураббий сифатида 1000-учрашувини ўтгазган португалиялик мутахассисга шогирдлари 2:1 ҳисобидаги ғалабани тортиқ қилди. Ҳал қилувчи голга Элдор Шомуродов ҳаммуаллиф бўлди. Жанлука Скамакка иккинчи бўлимда майдонга тушиб, охирги дақиқаларгача фаол ўйнади.

Агар Жозе Моуриньонинг режаси амалга ошса, келаси мавсумда “Рома” ҳужум учлиги жисмонан бақувват футболчилар – Тэмми Абраҳам, Элдор Шомуродов ва Жанлука Скамаккадан таркиб топади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Моуриньо Шомуродовнинг эски рақобатчисини Римга таклиф қилди!