22:01 / 20.09.2021
2 380

Игорь Шквирин: Таркибимизда Роналду сингари футболчилар йўқ!

Игорь Шквирин: Таркибимизда Роналду сингари футболчилар йўқ!
Суперлиганинг 19-туридан ўрин олган “Турон” – “Навбаҳор” (0:1) учрашувидан сўнг мезбонлар устози Игорь Шквирин ўзининг ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

- Биринчидан, "Навбаҳор"ни ғалаба билан табриклайман. Иккинчидан, бугун йигитларимиз муносиб ўйин кўрсатишди. Кураша олишлари мумкинлигини, футбол ўйнай олишларини кўрсатишди. Уларга эътирозим йўқ. Мухлисларимизга ҳам раҳмат айтаман, улар бугун жамоамизни яхши қўллаб-қувватлашди, шундай футболни соғиниб қолишгани кўринди. Сўнгги дақиқаларга мухлислик қилиб, қайғуришгани учун раҳмат. Бугун мағлубиятга лойиқ эмасдик. Бугунги ўйинимиз билан ютқазишга муносиб эмасдик, очко олишимиз шарт эди.

Баҳсли вазиятлар ҳақида гапирмайман, Регламентда қандайдир эътироз билдиришимиз тақиқланган. Чиндан ҳам ўйинимизни кучайтиряпмиз, лекин омадимиз келмаяпти. Тўғри, омад ҳам кучлиларга кулиб боқади, дейишади. Омад келмаётгани нимага боғлиқлигини билмайман, бу борада нимадир деёлмайман. Учинчи ўйиндирки гол уролмаётганимиз ҳам хавотирли. Вазиятлар бор, лекин таркибимизда ягона вазиятдан фойдаланадиган, дейлик, Роналду сингари футболчилар йўқ. Шундай экан, ишлашда давом этамиз. VAR йўқлиги ҳақида ҳам бирор нима деёлмайман. Бизга VAR керак эмас демаганмиз. Инсонийлик фактори деган нарсалар ҳам бор, эҳтимол шу нарса бугун ўз сўзини айтгандир. Умуман, аввал бу тизим ишлатилган ўйинларни ёдга оладиган бўлсак, VAR борасида ҳам эътирозлар етарлича бўляпти.

Кимнинг асосий таркибга киришини мен ҳал қиламан. Ўзига яраша сабаби борки, Акмал Ортиқовнинг ўрнига бошқа дарвозабон майдонга тушди. Чунки биз шуни маъқул кўрдик.

Ҳозир бизнинг ҳужумимизда ким ўйнаётганига қарайлик. Тошпўлатов "Сўғдиёна"да тез-тез гол уриб турарди. Уни майдонга туширдик, ўйини қовушмаяпти. Ўрнига Ким Боёнгни туширдик, у ҳам гол уролмаяпти. Ҳумоюн ҳам орқароқдан ҳужумга қўшиладиган. Номинал ҳужумчи етишмаяпти бизга. Соф ҳужумчилардан Жасур Ҳакимов бор эди, лекин унинг ҳаракатлари менга маъқул келмади ва унинг жамоадан кетишига қаршилик қилмадим. Агар бугун Ҳакимов майдонга тушганда бизга ёрдам берарди деёлмайман.

Мавсумлар оралиғида соф ҳужумчи сифатида ўйнайдиган легионерларни олиб келиш имконияти бор эди, селекция ҳам олиб бордик. Лекин айрим сабаблар, дейлик молиявий сабабларга кўра улар билан келиша олмадик. Эҳтимол, раҳбарият у сўраган суммани берардир, лекин шунга яраша натижа ҳам бўлиши керак. Дурустроқ легионерни танлаб олиш учун бир ой камлик қилади. Бошқа тузукроқ футболчиларнинг амалда шартномалари бўлган, уларни таркибга жалб этиш учун эса пул бериб, шартномасини бекор қилдириш керак бўлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Игорь Шквирин: Таркибимизда Роналду сингари футболчилар йўқ!