2 439
"Шериф" устози: "Ғалабани самолётда нишонладик, Шквиринни яхши эслайман, Яхшибоев "Интер" билан ўйингача тикланиши муҳим"
Ҳамманинг оғзидан тушмай қолган “Шериф” клуби ўзи учун янги тарих яратяпти. Қувонарлиси, ҳамюртимиз ўша тарихнинг бир бўлагига айланяпти. Унга бундай имкониятни ҳавола этаётган жамоа бош мураббийи Юрий Вернидуб эса асосий қаҳрамонга айланмоқда. “Реал”даги ғалабадан кейин ушбу мутахассис Sports.uz сайтига махсус интервью берди.
“Ғалабани самолётда нишонладик”
- Юрий Николаевич, аввало, сизни “Сантьяго Бернабеу” стадионида “Реал” устидан қозонилган тарихий ва мисоли эртакнамо ғалаба билан қутлайман! Мазкур беллашувдан сизда қандай таассуротлар қолди? Бу етишиб бўлмас орзудек туюладиган ҳолат, тўғри эмасми?
- Дарҳақиқат, гапингизда жон бор. Бу чиндан ҳам ҳар қандай клуб учун орзу. “Сантьяго Бернабеу”да “Реал”га қарши туриш ва ундан устун келиш – бу айтиш мумкин бўлса, орзунинг чегарасидир. Шунинг учун ҳам ўта кучли рақиб устидан эришилган ғалабада характер ва жонбозлик кўрсатган барча шогирдларимдан миннатдорман. Улар чиндан ҳам учрашувни аъло даражада ўтказа олдилар.
- Учрашувдан кейин тунни қандай ўтказдингиз?
- Учрашув тугаши билан биз тўғри аэропортга қараб йўл олдик. Ғалабани самолётда нишонладик, десам ҳам бўлаверади. Биз тўппа-тўғри Кишинёвга парвоз қилдик. Сўнгра у ердан Тирасполга қараб йўл олдик. Кишинёв билан Тирасполь ўртасини бир соатга тенг масофа ажратиб туради. Тирасполга етиб келганимизда тонгги 07:00 бўлганди. Кўриб турганингиздек, эришилган муваффақиятдан кейин тунни бедор ўтказишимизга тўғри келди. Айтишим жоизки, учрашувда иштирок этган шогирдларимга қўшимча дам олиш имкониятини бердим. Ўйинда иштирок этмаган, Мадридга учиб бормаган футболчиларимиз учун эса машғулот ўтказишни белгилаб бердик.
- Мадриддаги учрашувдан кейин таъбир жоиз бўлса, телефонингиз “ғалаба билан табриклайман!” деган мазмундаги смслар кўплигидан “портлаб” кетай дегандир?..
- Ҳа, гапингизда жон бор. Бундай смслар жуда кўп келди. Украинадан, Беларусдан. Айтишим керакки, смслар кўплигидан уларга жавоб беришга ҳам улгурганим йўқ. Смслар ва қўнғироқ қилган дўстларим кўплигидан, уларнинг менга ва бошқарувимда бўлган “Шериф”га беэътибор эмасликларидан жуда хурсанд бўлдим. Бу ёқимли ҳолат эди.
- Бутун дунё “Шериф”нинг “Реал” устидан эришган ютуғи ҳақида гапиряпти. Айтинг-чи, бу мураббийлик фаолиятингиздаги энг ёдда қоларли ҳисобланадиган ғалаба бўлдими?
- Бу борадаги фикрингизга қўшилишимдан бошқа чора йўқ. Ҳозирча ва шу кунгача эришган ютуқларим орасида “Реал”га қарши кечган беллашувдаги муваффақият чиндан ҳам энг муҳимига айланиб улгурди. Тўғри, бунгача ҳам бизда ёдда қоларли ғалаба кузатилган бўлиб, ўшанда биз Европа Лигаси доирасида Бильбаонинг “Атлетик” клуби устидан зафар қучгандик. Энди эса жаҳондаги энг нуфузли турнир сифатида тилга олинадиган Европа Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида кимсан “Реал”ни доғда қолдирдик! “Қироллик клуби”ни Мадридда тор-мор келтириш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Шундай экан, бу мен учун ростдан ҳам энг қимматли ғалабадир.
“Жасурнинг ўнг сонида жароҳат бор, “Интер” билан ўйингача тикланиши муҳим”
- Юрий Николаевич, Жасур Яхшибоевни бошланғич таркибда майдонга туширдингиз. Унинг илк дақиқаларданоқ майдонга тушириб, гол уришига ишонганмидингиз?
- Мен уни “Шахтёр”га қарши кечган беллашувда ҳам бошланғич таркибда майдонга туширганман. Жасур биз учун керакли бўлган ўйинчи. У ўзининг оптимал формасига кириб бориши учун ҳам кўпроқ имконият беряпмиз. Уни иккинчи бўлимда мажбуран алмаштиришимизга тўғри келди. Чунки Яхшибоевнинг ўнг сонида бироз жароҳат бор эди. Қолаверса, футболчини “Интер”га қарши кечадиган навбатдаги ўйингача тўлиқ оёққа туриб олиши биз учун муҳим аҳамиятга эга.
- Ўзбекистонлик ишқибозларни кўпроқ қизиқтирадиган савол: Яхшибоевни илк бор қачон ва қаерда кўргансиз?
- Мен Солигорск шаҳрининг “Шахтёр” жамоасини бошқарган кезларимда Жасур “Энергетик-БГУ” клубида тўп сурарди. У ўша жамоада кўп голлар урарди. Шунинг учун ҳам Яхшибоевни клубимизга таклиф этишга қарор қилгандик. Буни қарангки, юртдошингизни ижарага олишга эришдик. У “Шахтёр”да ҳам кўплаб ўйинларда ўзини намойиш эта бошлади. Кейин мен Солигорскдан кетдим. У эса мавсумнинг қолган қисмини “Шахтёр”да давом эттирди, Беларусь чемпионига айланди. Кейинчалик Жасур Яхшибоев Польшага кўчиб ўтди. Бахтга қарши Польшада унинг ишлари юришмади. Шу боис имкон туғилган заҳоти Жасурни ўзим билан яна ишлашга таклиф қилиш нияти туғилди. “Шериф” клубини бошқаришга киришганимдан кейин раҳбариятдан Яхшибоевни таклиф қилиш ҳақида сўрадим. Ўз навбатида улар бу таклифимни ижобатсиз қолдирмадилар.
“Набирам Модричнинг футболкасини сўраган, бошқаси бўлмайдими, десам қатъий равишда йўқ деди”
- Агар сир бўлмаса, раҳбарият “Реал” устидан эришилган ғалаба учун “Шериф” ўйинчиларига қанча мукофол пули ваъда қилган?
- Ростини айтсам, билмайман. Ҳаммасини раҳбарият ҳал қилади. Боз устига оддий рағбатлантириш ҳақида гапириш бироз ўнғайсизроқ. Асосийси, қўлга киритган ютуғимиздан барчамизнинг кўнглимиз тўлди, беҳад мамнунлик ҳис қилдик. Қолгани раҳбариятнинг иши.
- Эшитишимча, набирангиз сиздан имкон туғилса, Лука Модричнинг футболкасини совға сифатида олиб келишни илтимос қилган экан. Шу тўғрими? У орзусидаги совғани қўлга киритиб бўлдими?
- Тўғри эшитибсиз. Набирам мендан чиндан ҳам Лука Модричнинг футболкасини сўраган. Унга бошқа ўйинчиларникини олиб келсам бўлмайдими, деб айтганимда қатъий равишда йўқ дея жавоб қайтарган. Модричга раҳмат. У футболкасига дастхат ёзиб бериб, менга узатди.
- “Реал” устидан эришган ютуқдан кейин “Шериф” ҳақида ҳамма гапиряпти. Шундай эътирофлардан кейин ўзингизни еттинчи осмонда ҳис қиляпсизми?
- Бу ёқимли бўлди, албатта. Аммо мусобақа ҳали давом этмоқда. Олдинда эса учрашувлар кўп. Агар “Реал”ни ютдик, деган хаёлга берилиб ўзимизни осмонда юргандек ҳис этаверсак панд еб қолишимиз ҳеч гап эмас. Ҳали кўп ишлашимиз керак. Фақат ишлаш, ишлаш ва яна ишлаш керак. Агар бошқа клубларга қарши ўйинларда ҳам мана шундай натижага эришсак, хурсандчилигимиз давом этиши тайин. Шунда орзуларга берилиш мумкин бўлади.
- Дарҳақиқат, бу мураббийлик фаолиятингиздаги энг қимматли ва ёдда қоларли ғалаба бўлди. Айтиш жоиз бўлса, сиз учун бу кейинги фаолиятингизда ўзига хос “ташриф қоғози” вазифасини бажариб берадими?
- Йўқ, бу шунчаки ғалаба. Устига-устак бу ютуқ эвазига ниманидир қўлга киритганимиз йўқ. Олдинда эса гуруҳ босқичининг яна тўртта ўйини кутиб турибди. Олдинда бизни “Интер”га қарши кетма-кет икки ўйин, ўз майдонимизда “Реал” билан жавоб беллашуви ва сафарда “Шахтёр”га қарши кечадиган дуэль кутиб турибди. Агар қолган учрашувларни ҳам кўтаринки руҳда ўтказиб, мусобақанинг плей-офф босқичига йўл оладиган бўлсак, бу чиндан ҳам жуда катта натижага айланган бўларди. Ҳозирча эса бу шунчаки ва кишини хурсанд қиладиган ғалабадан бошқа нарса эмас. Ҳали олдинда амалга оширишимиз керак бўлган ишлар жуда кўп. Шу руҳда давом этадиган бўлсак, плей-оффга чиқишни зўр натижа сифатида қабул қилиш мумкин бўлади.
- “Шериф”нинг таркиби асосан легионерлардан ташкил топган. Агар маҳаллий футболчилар билан ўйналганда жамоа Чемпионлар лигасида бундай натижаларга эриша олмаган бўларди. Бу фикрга қўшиласизми?
- Жамоада молдован миллатига мансуб футболчилар ўйнашларига қарши эмасман. Лекин бугунги кунда четдан келган легионерлар улардан кучлироқ кўриняпти. Фақат бу гапимни тўғри қабул қилишса бўлгани. Қолаверса, Молдавияда легионерлар лимити йўқ. Шу сабабдан ҳам асосий урғуни легионерларга беряпман.
“Шквиринни биламан”
- Юрий Николаевич, ўзбек футболи ҳақидаги маълумотларни сизга Яхшибоев етказадими ёки бундай маълумотларни бошқалардан оласизми?
- Йўқ. Бунга қадар ҳам футболингиз ҳақида маълумотлар олиб турганман. Мисол учун, Беларусда ўйнайдиган ўзбекистонлик яна бир ижрочи – Шаҳбоз Умаров мени жуда қизиқтириб қўйганди. Ҳозир у БАТЭда ўйнаяпти. Шаҳбоз ҳам Жасурдан қолишмайдиган ўйинчидир. Элдор Шомуродовга келсак, у супер даражага ета олди. Чунки бу ватандошингиз топ-бешлик чемпионатлари орасида ўзига яраша ўринга эга бўлган Италия А сериясида, “Рома” клуби сафида тўп суряпти. Ўзбекистонни футбол мамлакати деб бемалол айтиш мумкин. Сизларда иқтидорли ўйинчилар доим етарли даражада бўлган. Футболингиз байроқдори сифатида тилга олинадиган “Пахтакор”ни эса билмаган ишқибоз топилмаса керак. Бу клуб доим ҳар қандай рақибга муносиб ўйин намойиш этиб келади. Собиқ Иттифоқ даврида “Пахтакор”нинг довруғи анча ёйилганди.
- Сиз учун ўзбекистонлик мураббийлар ёки футболчилар орасида энг яқин дўстлар ким?
- Дўстларим бор, дея олмайман-у, аммо анча-мунча футболчиларни биламан. Масалан, Игорь Шквиринни. У билан Запорожьенинг “Металлург” клубида тўп сурганимда тўқнаш келганмиз, яхши эслайман. Ўзбекистон футболини мунтазам равишда кузатиб бораман, дея олмасам-да, агар бизга ватанингиздан бирор ўйинчини тавсия қилишадиган бўлса, дарҳол маълумотлар тўплашга киришиб кетамиз. Ҳар қандай чемпионатда эса яхши ўйинчилар албатта топилади.
- Агар Ўзбекистонда ишлаш имконияти туғилса қандай йўл тутган бўлардингиз?
- Шу кунгача менга Ўзбекистондан ҳеч қандай таклиф келиб тушмаган. Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Нега йўқ дейишим керак?! Осиё футболи ҳам жуда қизиқарли. Қитъангизда халқаро миқёсидаги мусобақалар ўтказиб турилади. Айниқса, Осиё Чемпионлар лигаси турнирини алоҳида ажратиб кўрсатган бўлардим. Инсон эртага ўзини нима кутиб турганини билмайди. Саволингизга жавобим шундай: нега энди бундай имконият юзага келса, уни рад этишим керак?!
“Ҳозирча Яхшибоев бўйича таклифлар олмадик”
- Яна бир қизиқарли савол: Жасур Яхшибоевдан ташқари жамоангизда ўзбекистонлик яна қайси футболчини кўришни хоҳлаган бўлардингиз?
- Юқорида БАТЭда ўйнаётган Шаҳбоз Умаров ҳақида бежиз тўхталмадим. Агар уни “Шериф”га олиб келишнинг иложи бўлса, шундай ижрочи билан жон деб бирга ишлаган бўлардим. Чунки Умаровнинг ҳам техник қобилияти жуда юқори. Бундай ижрочилар билан эса ҳар қандай мураббий бажонидил ишлаган бўларди. Унинг даражаси ҳам Яхшибоевникидан асло қолишмайди.
- Яхшибоев билан “Шахтёр”да ишлаганингизни айтиб ўтдингиз. Ўшанда у қандай муаммоларга йўлиққанди?
- Очиғини айтаман, у билан бирга ишлаш чоғида ўртамизда ҳеч қандай муаммо бўлмаган. Ҳар қандай ўйинчи ўзи туғилиб ўсган, эътиқод қилган динидан тамоман бошқача ақидага амал қиладиган мамлакатга келиб қолса, табиийки, маданият, менталитет ва бошқа кўплаб жиҳатлар борасида муаммоларга йўлиқиши тайин. Жасур ҳам Беларусга келган пайтда анча ёш эди. Ўз –ўзидан унда ҳам юқорида санаб ўтилган жиҳатлар борасида муаммолар пайдо бўлган. Яна қайтараман: Жасур Яхшибоев билан илгари ҳам умумий тил топишганман. Ҳозир ҳам ўртамизда ҳеч қандай муаммо йўқ.
- Ватандошимизнинг “Шериф”даги келажагини қандай тасаввур қиляпсиз? “Реал” дарвозасига урган голидан кейин Жасурга бошқа клублар томонидан қизиқиш бошлангандир?
- Гол – ўз номи билан гол. Ҳозирча бошқа клублар томонидан Яхшибоев ҳақида таклифлар олмадик. Энг асосийси, Жасур бундан кейин ҳам оёқларида маҳкам туриб “Шериф”нинг асосий ўйинчиларидан бири саналишини исботлашда давом этмоғи керак. У машғулотларда астойдил ишлаши, ўз даражасини яна ошириш ҳақида ўйлаши керак. Шунда унинг хизматига кўз тикадиган клублар сони кескин даражада ортиши мумкин. Бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.
Агар ўша голдан сўнг, Жасур энди машғулотларда ортиқча тер тўкишимга ҳожат йўқ, деган фикр билан хаёлини чалғитадиган бўлса, бу унинг учун якунда ёмон ҳолатга айланиши мумкин. У ҳали ёш. “Реал”дек клуб дарвозасига гол киритганидан ҳаволаниб кетмай ишлашда давом этса, ҳаммаси аъло даражада чиқиши мумкин. Ўйлайманки, Яхшибоевнинг ўзи ҳам нима қилиш кераклигини билади. Табиийки, Жасур Яхшибоевда ҳам ўз орзуси бўлса керак. Агар у устида ишлашдан тўхтамаса, Европанинг жиддий клубларидан бири сафида ўйнаш имкониятига эга чиқади.
- “Шериф” ЧЛ гуруҳ босқичининг стартида ўзидан зўр таассурот қолдириб, иккита ўйинни ютди ва 100 фоизли натижа кўрсатган ҳолда фахрли 1-ўринни эгаллаб турибди. Раҳбарият “Шериф” олдига қандай вазифаларни қўйган?
- Олдиндан бир нарса дейишни ёқтирмайман. Ҳали бизни тўртта ўйин кутиб турибди. Сизнинг бу саволингизга 7 декабрь куни “Шахтёр” га қарши бўлиб ўтадиган ўйиндан кейин жавоб қайтаришим мумкин. Ўшанда турнир борасидаги режа ҳақида гапириш мумкин бўлади. Агар йўлда давом этишга эришадиган бўлсак, шунда мақсад қўйиш мумкин.
- Ўзбекистон терма жамоасини энди янги бош мураббий – Сречко Катанец бошқаряпти. Бу ҳақда қандай фикр билдирган бўлардингиз?
- Ростини айтишим керак, хушомат қилишга ўрганмаганман. Чунки Ўзбекистон терма жамоаси иштирокидаги ўйинларни кузатишимга тўғри келмаган. Фақат шуни таъкидлашим мумкинки, Сречко Катанец жуда таниқли мураббий. Унинг қўли остида Ўзбекистон терма жамоасини яхши ўйинлар кўрсатиши ва ўзи учун армон бўлиб келаётган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишини тилаб қоламан.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
НАТО собиқ қўмондони: “Путин Украинанинг тахминан 20 фоизини қўлга киритади”
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Учта вилоятда “валютчик”лар қўлга олинди