22:17 / 04.10.2021
1 744

Суперлигадаги танаффусдан ким қандай фойдаланмоқчи?

Суперлигадаги танаффусдан ким қандай фойдаланмоқчи?
ФИФА кунлари бошлангани боис чемпионатларда танаффус эълон қилинди. Шу жумладан Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам ўқув-машғулот йиғинини бошлади. Сречко Катанец устозлигидаги бош жамоамиз Иорданияда тайёргарлик режасини олиб боради ва у ерда мезбонларга ҳамда Малайзияга қарши ўйнайди. Бу вақт давомида эса Суперлига клублари нима қилади? Табиийки, ўз режаларига биноан навбатдаги – 22-турга ҳозирлик кўрадилар. Мазкур мақола орқали клубларимизнинг тайёргарлик режаларига ойдинлик киритамиз.

“Пахтакор”
“Пахтакор” водийга икки марта сафар уюштириб, ҳар иккаласидан ҳам қуруқ қўл билан қайтишга мажбур бўлди. Аввалига “Андижон”га, сўнгра “Қўқон-1912”га мағлубиятга учради. Ўртада эса водийнинг яна бир клуби – “Турон”ни ўз уйида мағлуб этди. Чемпион жамоанинг мағлубиятсиз сериясига бирин-кетин водийда барҳам берилгани эътиборга молик. Балки “Пахтакор” футболчилари таъқибчиларидан анча илгарилаб кетгани учун чемпионликка эришдик дея, хотиржам бўлиб қолгандир. Лекин бош мураббий Питер Хюистра жамоасини тезроқ ўзига келтирмаса бўлмайди. Балки юзага келган танаффус уларга асқотиши мумкин. Клуб матбуот хизматининг Sports.uzга маълум қилишича, жамоа аъзолари икки кунлик хордиқдан сўнг, 4 октябрь, яъни, бугундан яна машғулотларга киришишган. Ҳа, демак, Хюистра жамоа билан танаффус пайтида жиддийроқ ишламоқчига ўхшайди.

“Сўғдиёна”
“Пахтакор”дан кейин “Сўғдиёна” 39 очко билан иккинчи ўринда келяпти. Улуғбек Бақоев жамоаси иложи борича кучли учликдан тушиб қолмаслик ва айниқса, ҳозирги эгаллаб турган ўрнини сақлаб қолишни ўйламоқда. 2 октябрь куни “Андижон”га қарши ўтказилган учрашувдан кейин жамоа аъзоларига қисқа муддатли таътил берилган. Тез орада Бақоев футболчиларни яна бир жойга тўплайди ва машғулотларга киришади. Уларнинг олдида жиддий вазифа турибди.

АГМК
“Сўғдиёна”дан икки очко кам жамғарган АГМК 3-ўринда. 21-турда “Бунёдкор” майдонида 1:1 ҳисобидаги дурангга рози бўлган Миржалол Қосимов жамоаси ҳам ҳозир кичик таътилда. Маълум бўлишича, футболчилар 6 октябрда яна машғулотларга қайтишади. Бу клуб ҳам мавсумни совринли ўринлардан бирида якунлашни мақсад қилган. Айниқса, “Пахтакор”дан кейин иккинчи ўринни қўлга киритишни жуда хоҳлашяпти.

“Насаф”
“Насаф”нинг ҳисобида битта захира ўйини мавжуд бўлиб, агар ўша ўйинда ютса АГМКдан ўтиб, “Сўғдиёна”га етиб олиши мумкин. Охирги пайтларда Рўзиқул Бердиев жамоасининг ўйини анча яхшиланиб қолди. Рақиблари дарвозасига ўзи истаганча голлар уряпти. Сречко Катанец бу клубдан беш нафар футболчини миллий терма жамоага чақирди. Шу боис кейинги турга кўриладиган тайёргарликни “Насаф” уларсиз ўтказиб туради. Яқинда сайтимиз орқали хабар берганимиздек, қаршиликлар 7 октябрь куни таътилдан қайтишади.

“Бунёдкор”
Шуҳрат Мақсудов бошчилигадаги “Бунёдкор” ҳам медаллар учун кучи борича курашяпти. 2 октябрда ўз майдонида АГМКга қарши ўйиндан кейин футболчилар кичик таътилга чиқишган ва чоршанба куни қайтишади. Айнан 6 октябрдан бошлаб 22-тур доирасида Наманганда “Навбаҳор”га қарши бўлиб ўтадиган ўта муҳим учрашувга тайёргарликни олиб борадилар.

“Локомотив”
Натижалари бир текис кетмаётган “Локомотив” ҳам ҳозир таътилда. Бу борада клуб матбуот хизмати шундай хабар берди:
Хабарингиз бор, 3-13 октябрь кунлари Сречко Катанец бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси Иорданияда йиғин ўтказади ва у ерда Иордания ҳамда Малайзия термаларига қарши ўртоқлик учрашувларини ўтказади.

Шу сабабли юзага келадиган танаффусдан унумли фойдаланган ҳолда 1 октябрь куни Бекободда “Металлург” билан баҳс олиб борган асосий жамоамиз 5 октябрга қадар кичик таътил олди
”.

“Локо”дан Ислом Қобилов билан Азиз Амонов миллий термага жалб қилинган.

“Қизилқум”
Навоийликлар ниҳоят, 21-турга келиб ўзининг еттита ўйинлик ғалабасиз сериясига чек қўйди. Аниқроғи, иккинчи даврага старт берилганидан буён “Қизилқум” ғалаба қозонишни уддалай олмаётганди. Қачонки, Навоийга “Турон” келганидагина бу ёқимсиз анъана барҳам топди. Унда ҳам Ҳамиджон Актамов жамоаси жиддий қийинчиликка дуч келди. 3 октябрь куни ўйин ўтказилгани боис футболчиларга дам берилди. Маълум бўлишича, шу ҳафта охирига қадар “Қизилқум” машғулотларга қайтади.

“Навбаҳор”
Виктор Жалилов бошчилигидаги “Навбаҳор” кеча Термизда “Сурхон”га ютқазиб мухлисларининг хафсаласини пир қилди. Жалилов ўйиндан кейин айтганидек, чиндан ҳам “Навбаҳор” мавсумдаги энг ёмон ўйинларидан бирини ўтказди. Энди жамоа аъзолари бир неча кун давомида хордиқ чиқарадилар. Сўнгра, яна машғулотларга киришадилар. Олдинда наманганликларни жиддий ўйинлар кутиб турибди.

“Қўқон-1912”
Бахтиёр Ашурматов бош мураббийлигидаги қўқонликлар ўз майдонида “Пахтакор”ни 4:2 ҳисобида доғда қолдириб амалдаги чемпионни енгишга қодир эканини исботлай олди. Бундай ажойиб ғалабадан кейинги хордиқ жуда мароқли бўлса керак-а? Клубнинг кейинги режалари борасида “Қўқон-1912” матбуот хизмати шундай хабар беради:

“ФИФА кунлари мносабати билан Coca Cola Суперлигасида бироз танаффус юзага келди. Срецко Катанец бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси Малайзия ҳамда Иордания терма жамоаларига қарши иккита ўртоқлик ўйини ўтказади.

Шу муносабат билан бош мураббийимиз Бахтиёр Ашурматов ўз шогирдларига 4 кунлик таътил эълон қилди. Жамоа аъзолари навбатдаги тур ўйинларига тайёргарликни 6 октябрь кунидан Қўқон шаҳрида бошлашади.

“Қўқон-1912” жамоаси Coca Cola Суперлигасининг навбатдаги тур ўйинини 16 октябрь куни, Жиззах шаҳрида, пешқадамлардан яна бири бўлган "Сўғдиёна" жамоасига қарши ўтказади. Бу ўйинга қадар эса "шунқорлар" Суперлига жамоаларидан бири билан ўртоқлик ўйини ўтказиши режа қилинган”.

Маълумотларга қараганда, қўқонликлар 10 октябрга ўртоқлик учрашувини ўтказиши кутилмоқда.

“Металлург”
Ҳамон мағлубиятлар гирдобидан қутула олмаётган “Металлург” учун балки чемпионатдаги танаффус асқотиши мумкин. Йўл қўйилган хато ва камчиликлар устидан жиддий ишлаш учун имконият. Агар бу кетиш бўлса, “Металлург” лигада жон сақлаб қолиш учун курашадиганлар қаторида бўлади. 1 октябрь куни ўз уйида “Локомотив”га аламли тарзда ютқазганидан кейин “Металлург” футболчилари таътилга чиққан бўлиб, 5 октябрдан жамоа ихтиёрига қайтишади. Ўша учрашувда бош мураббий Жасур Абдураимов бетоблиги сабабдан учрашувда иштирок этмаганди. Балки энди у ҳам жамоага қайтиб қолар.

“Машъал”
2 октябрь куни ўз майдонида “Насаф”га имкониятни бой берган муборакликлар тўрт кунлик таътилга чиқишган. Октябрнинг 7-санасида клуб қароргоҳида машғулотларга киришилади. “Машъал”нинг асосий мақсади Суперлигадаги ўрнини сақлаб қолиш. Бешта турдан бери ғалаба қозона олмай келаётган жамоа учун чемпионатдаги танаффус айни муддао бўлиши мумкин. Бош мураббий Александр Хомяков бу вақт давомида камчиликлар устида ишлаши шубҳасиз.

“Андижон”
“Андижон” учта турдан бери ютқазмаяпти. Ўз майдонида “Пахтакор”ни мағлубиятга учратгач, сафарда “Қўқон-1912” ва ўз майдонида “Сўғдиёна” билан дуранг натижа қайд этди. Унгача жадвалда охирги ўринга тушиб қолганини инобатга олсак, учта ўйинда беш очко жамғариб “Турон”дан илгарилади. Демак, жамоанинг қилаётган меҳнати кўзга ташлана бошлади. Навбатдаги турни 17 октябрда Тошкентда “Локомотив”га қарши ўтказади. Андижонликлар устози Виктор Кумиковнинг Sports.uzга маълум қилишича, футболчиларга тўрт кунлик дам берилган бўлиб, машғлотлар 7 октябрдан давом эттирилади. Қолган бешта ўйин “Андижон” учун худди ҳаёт-мамот каби кечади.

“Сурхон”
Кеча, 3 октябрда “Сурхон” ўз майдонида “Навбаҳор”ни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, ўта қимматли очколарни ўз ҳисобига ёздириб қўйди. Натижада 17 очко билан “Андижон”га тенглашди ва “Турон”дан бироз узоқлашди. Бош мураббий Баҳром Ҳайдаровнинг айтишича, 7 октябрдан футболчилар клуб ихтиёрига қайтишади. 22-тур доирасида 16 октябрь куни “Сурхон” асосий рақобатчиси “Турон” майдонида ўйнайди. Бу қандай ўйин бўлишини ортиқча таърифлаш шарт эмас.

“Турон”
Олтита турдан бери фақат мағлубиятга учраб келаётган Суперлига дебютанти энди яққол аутсайдер ролида. Клуб ҳисобида 12 очко бор. Ундан юқорида турган “Сурхон” билан “Андижон” ҳисобида 17 тадан очко мавжуд. Кетма-кет мағлубиятлар туфайли Суперлигада қолиш имкониятини сезиларли пасайтириб юборган Игорь Шквирин жамоаси ҳеч бўлмаса плей-оффга “илашиб” қолиш учун курашади, энди. Мағлубиятлардан чарчаган “Турон” учун чемпионатдаги танаффус асқотиб қолиши мумкин. Фақат бундан қандай хулоса чиқариши ўзларига ҳавола.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Суперлигадаги танаффусдан ким қандай фойдаланмоқчи?