7 октябрь куни Саудия Арабистони ҳукуматининг давлат инвестициялари фонди Англиянинг "Ньюкасл" клубини сотиб олди, битим нархи — 360 миллион евро.
- Мазкур жамғармани валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон бошқаради.
- Ушбу келишув "Ньюкасл"ни дунёнинг энг бой клубларидан бирига айлантирди.
Биз бу ҳақда Осиё минтақасини яхши биладиган менежер Алишер Никимбаев билан батафсил гаплашдик. У Қатар футбол ассоциацияси техник мутахассиси ва ЖЧ -2022 ташкилий қўмитасининг менежери саналади.
— ПСЖ эгаси қатарлик шайх бўлса, "Манчестер Сити" БААдан бўлган шайхга тегишли. Энди Саудия Арабистони шаҳзодаси "Ньюкасл"ни сотиб олмоқда. Бу унга нима учун керак?
— "Ньюкасл"ни сотиб олиш – энг ҳайратланарли воқеа, аммо бу Саудия Арабистони ҳукуматининг футболдаги ва умуман спортдаги ягона амбицияси эмас. Улар ўтган йили 2030 йилги Осиё ўйинларини Саудия Арабистонида қабул қилиш учун курашда ажойиб имкониятга эга эдилар, лекин Қатарга ютқазиб қўйишди. Бироқ улар иккита ўйинни ўзларида ўтказиш мақсадида сўровнома ташкил қилишга келишиб олишди ва натижада Осиё ўйинлари-2034 га сазовор чиқишди.
Ҳозир 2027 йилги Осиё кубогига мезбонлик қиладиган мамлакатни танлаш бўйича сайлов кампанияси давом этмоқда. Асосий даъвогарлар – Саудия Арабистони ва Қатар. Бундан ташқари, саудияликлар Осиё кубоги олдидан 1 миллиард долларлик лойиҳа тайёрлашмоқда, сабаби маълум бир мусобақа учун бирданига тўртта янги стадион қуриш режалаштирилган.
Саудия Арабистони бундан олдин ҳам минтақада футбол етакчилигини мустаҳкамлашга уриниб кўрди, аммо улар умуман муваффақият қозонишмади. Жумладан, 2013 ҳамда 2019 йиллардаги ОФК (Осиё футбол конфедерацияси) президентлиги сайловини эслаб ўтишимиз мумкин. Ҳозир мамлакатда ички ўзгаришлар рўй бермоқда. Масалан, Осиё кубогини қабул қилиш қонунчилик даражасида жиддий ислоҳотларни назарда тутади. Саудия Арабистонида аёллар футбол ўйинларига киришига рухсат берилмаган ва бу шарт бажарилмаса, турнир ўтказиш мумкин эмас. Буни ҳал этиш керак.
Ўзгаришлар иқтисодиётда ҳам кечмоқда. Гап молиявий оқимларни БАА ва Қатардан Саудия Арабистонига қориштириш ҳақида кетмоқда. БАА ҳали инқироздан чиқа олмади ва Қатарга нисбатан қизиқиш эса жаҳон чемпионатидан кейин пасайиши мумкин. Саудия Арабистони — инфратузилмага сармоя киритиш учун янги майдон.
— "Ньюкасл"нинг сотиб олинишидан нимани кутишлари мумкин? Манманлик ярмаркасиними ёки клубнинг тизимли ривожланишиними?
— "Ньюкасл"ни сотиб олиш катта лойиҳа бўлади. ПСЖдан ташқари, Қатарда Европа футболида кўринмайдиган бошқа лойиҳалар ҳам бор. Саудияликлар биринчи марта Европа клубини сотиб олишди ва улар сармоялар бўйича "Манчестер Сити" ва ПСЖ билан рақобатлашишга ҳаракат қилишади.
Шу билан бирга, саудияликларнинг салоҳияти бироз юқорироқ бўлади. Мухлислар аллақачон байрам қилишни бошлаб юборишди, аммо трансфер ойнаси фақат январда очилади. Шайх Мансур "Ман Сити"ни сотиб олгани ҳақидаги ҳикояга қайтсак, у клубни трансфер ойнаси ёпилишидан бир неча кун олдин харид қилди ва Робиньони сотиб олишга муваффақ бўлди. Уларга омад кулиб боқди. Бундай ҳолатда бир зумда ўзгариш кутиш мумкин эмас, чунки трансфер ойнаси очилишига икки ойдан кўпроқ вақт қолди. Улар ҳеч бўлмаганда шу вақт ичида футболчиларни сотиб олишга жиддийроқ киришадилар. Аммо январь ойининг биринчи кунларида "Ньюкасл"дан баъзи юқори даражадаги трансферларни кутиш мумкин.
— Улар молиявий Fair Play қоидаларини бузганликлари учун санкцияларга дуч келишмайдими?
— Fair Play тез орада ўзгаради. Асосий эътибор умумий харажатларга эмас, балки иш ҳақини назорат қилишга қаратилади. Муаммо шундаки, клублар даромадини тасдиқловчи ҳужжатсиз пул сарфлай олишмасди. Ўша "Ман Сити" ва ПСЖ эгалари ҳомийларни жалб қилишга уринишгани учун азият чекишди, аммо улар ўз қариндошларининг тузилмалари эканлиги маълум бўлди. Шундай қилиб, УEФА бу ҳаракатларга тўсқинлик қилди.
Энди улар клубларнинг қанча даромад олишига камроқ эътибор беришади, асосийси, маош учун бюджетнинг маълум фоизидан кўпроқ маблағи сарфланмаслигидир. Демак, "Ньюкасл" катта эҳтимол билан "Ман Сити" ва ПСЖ дуч келган муаммоларга учрамайди. Саудияликлар одилона вазият ҳукм суриб турган вақтда келишди.
— Нега буни эртароқ қилишмади?
— Жамоани сотиб олиш ҳақидаги достон бир йилдан кўпроқ вақт олдин бошланган, аммо бу уриниш тўхтаб қолганди. 2017 йилда Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Яман, Миср, Баҳрайн ва бошқа томондан Қатар ўртасидаги муносабатларда дипломатик инқироз юзага келди. Жаҳон чемпионати ва йирик чемпионатлар, шу жумладан, АПЛ ўйинларини трансляция қилиш ҳуқуқига эга бўлган BeIN Sport телекомпаниясига Саудия Арабистони ва БААда чеклов ўрнатилгани баҳсли масалалардан бирига айланди. Бундан ташқари, BeOutQ қароқчилар канали қарама-қаршилик сифатида пайдо бўлди. Тергов шуни кўрсатдики, бундай каналнинг мавжудлиги расмийлар иштирокисиз имконсиз эди, чунки эфир учун Саудия Арабистони сунъий йўлдошидан фойдаланилган. Маълум бўлишича, Саудия Арабистони ҳукумати Англия Премерь-лигасининг иқтисодий ва маркетинг ҳуқуқларини бузиб, уни даромаддан маҳрум қилган. Бир неча кун олдин саудияликлар BeIN Sport билан зиддиятни ҳал қилишди, улар катта миқдорда товон пули тўлашди. Айнан шу жиҳат "Ньюкасл"ни сотиб олиш имкониятини очди.
— Сиёсий вазият таъсир қилмадими? Масалан, Саудия Арабистони элчихонасида журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши билан боғлиқ ҳолат.
— Албатта, хоҳишга қараб, истаган нарсангизни кўтаришингиз мумкин. Шунинг учун АПЛ клублари ғазабда. Улар зудлик билан Лига кенгашини чақиришни талаб қилмоқдалар. Бироқ асосий ҳуқуқий тўсиқ — BeIN Sport билан зиддият барҳам топди. Маълумки, сиёсий нуқтаи назардан Абрамович ҳам, Шайх Мансур ҳам сабаб топиб, клубни сотишдан бош тортиши мумкин. Аммо қоидалар жуда аниқ шаклланган. Масалан, "Манчестер Сити" акциялари арабларга Таиланднинг собиқ бош вазири Чиннават Таксин томонидан сотилган. Алоҳида айтиш жоиз, у ўз улушини сиёсий сабабларга кўра эмас, балки коррупцияда гумон қилингани туфайли сотди. Мен "Ньюкасл"ни харид қилиш бўйича битим чеклаб қўйилишига ишонмайман.
— Муҳаммад ибн Салмон каби шуҳратпараст ва ўта бой одамнинг клуб сотиб олиши футбол бозори ва футболчиларнинг маошига қандай таъсир қилади?
— Албатта, таъсир қилади. Футболчиларнинг нархлари ошади. Бир пайтлар ПСЖ Неймарни "Барселона"дан рекорд даражадаги 222 миллион еврога сотиб олган. Абрамович "Челси"га келганида ҳам чегарани кўтарган. Ҳар замоннинг ўз қаҳрамонлари, ўз баҳоси бор. Сиз мос келишингиз, янги бозорларни қидиришингиз керак. Эртами-кечми, ўйинчи учун кўпроқ нарсани берадиган одам пайдо бўлади. Буларнинг барчасини қандай тартибга солиш – бу бошқа масала. Синаб кўришди – ўхшамади.
Иш ҳақи ҳақида гап кетганда, дунёнинг аксарият клублари ўз ишлаб топган пулларини сарфлайдилар. Балки "Ньюкасл" 25 футболчига юқори маош тўлар, лекин қайднома чексиз ўйинчидан иборат бўлмайди. "Ньюкасл"га кела олмаганлар бошқа клубларда ўйнашни давом эттиришга мажбур бўлишади. Шу сабабли иш ҳақи бозоридаги вазият жиддий ўзгармайди.
Мен бошқа нарсадан хавотирдаман — Чемпионлар лигаси битта яққол этакчи турнирига айланиб қолмасин. "Ньюкасл" бунга қанча вақт кетказишини, умуман, бу маррага етиб бора олиш-олмаслигини билмайман. ПСЖ ва "Манчестер Сити" ҳали Чемпионлар лигасини юта олишмади. Ичи тўла пулдан иборат қоплар майдонда ғалаба қозонмайди, лекин Чемпионлар лигасини "Црвена Звезда" ёки "Стяуа" ютиб кетишини тасаввур қилиш деярли мумкин эмас.
— Эҳтимол, ибн Салмон Суперлига тузилишига лоббистлик қилар?
— Назарий жиҳатдан ҳамма нарса бўлиши мумкин, аммо амалда бунинг иложи йўқ. Келинг, ўтган йилги Суперлига тузишга бўлган уриниш тарихига қайтайлик. ПСЖ хўжайини Носир Ал Хелайфи Франция чемпионатидаги даромади камлиги туфайли лигага қўшилишга қизиқди, аммо кутилмаганда қўшилишни рад этди. У сиёсий жиҳатдан бошқаларга қараганда, узоқни кўра оладиган киши бўлиб чиқди.
Ўйлайманки, Муҳаммад ибн Салмон ҳам дўстлари ва душманлари қаерда эканлигини тушунади. У ўз мамлакати учун манфаатли кўплаб ташкилотлар, жумладан, ФИФА билан алоқаларни узишга мажбур бўлади.
Саудия Арабистонининг жаҳон чемпионатини ўзида ўтказишга қаратилган уринишидан ажабланмайман. Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати — Хитой ва Саудия Арабистонининг қўшма лойиҳаси. Саудияликлар 2023 йилда бу мусобақани қабул қилиши мумкин. Шундай экан, савол туғилади, ибн Салмонга Суперлига нима керак?
— Келиб чиқадики, ибн Салмон "Ньюкасл" орқали пул топмоқчи эмас. Шундайми?
— Худди Абрамович "Челси"ни фойда учун сотиб олмагандек. У бошқа имтиёзларга эътибор қаратди. АПЛда пул топиш учун клуб сотиб олган жамоа эгалари кўп эмас. Ўша Шайх Мансур "Ман Сити"да фойда топишдан кўра кўпроқ зарар кўради. Агар Ибн Салмонда 300 миллиард доллар бўлса, у 10 миллион долларлик йиллик фойдадан умид қилиб ўтирадими?
— У Қатар ва БАА шайхларидан ўзиб кетишга интиладими?
— Бир пайтлар кимдир савол берган бўлиши мумкин: нима учун уларда бор, бизда эса йўқ? Минтақа дунёнинг барча минтақалари билан бир хил. Ҳа, ака-укалар. Ҳа, эски яхши қўшничилик ришталари. Тўрт йил олдин улар ўртасидаги муносабатлар абадий вайрон бўлганга ўхшарди, лекин ҳозир алоқалар қайта тикланмоқда ва айтишганидек, улар кучли бўлишда давом этишади. Аммо ички рақобат ва рашк доимо сақланиб қолади. Ҳар қандай мусобақада, ҳар қандай даражада шундай бўлади. Бу олтита давлат — Қатар, БАА, Саудия Арабистони, Кувайт, Уммон ва Баҳрайн ҳар доим ҳамма нарсада бир-бири билан рақобатлашади. Ҳар икки йилда Форс кўрфази кубоги ўтказилади, унда бу мамлакатлар терма жамоалари, шунингдек, Яман ва Ироқ иштирок этади. Бу мусобақа "шайхлар турнири" деб номланади. Қизиғи шундаки, саудияликлар жаҳон чемпионатларида мунтазам иштирок этишса-да, мусобақанинг сўзсиз пешқадами эмас. Бу жуда рақобатбардош турнир.
— "Ньюкасл"да саудиялик футболчиларни кўрамизми?
— Гарчи уларнинг жамоалари ҳозирги кунда жуда яхши ўсиб бораётган бўлса-да, Саудия Арабистонида АПЛ даражасидаги футболчилар йўқ, деб ўйлайман. Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатидан олдин улар ўз футболчиларини Испанияга жўнатишди, ҳатто бунинг учун пул тўлашди. Лекин якунда уларнинг ҳеч бири у ерда ўйнамади. Шундай қилиб, бу лойиҳа Саудия терма жамоасига фойдадан кўра кўпроқ зарар келтирди, чунки футболчилар ўйин амалиётига эга бўлишмаган. Шайх Мансур ҳукмронлик қилган йиллар мобайнида қайси араб футболчиси "Манчестер Сити"да тўп тепди? Ҳеч қайси. "Ман Сити" тарихи давомида фақат Умар Абдулраҳмон ҳақида жиддий ўйланган. Ибн Салмон бошқача йўл тутиши амримаҳол.
— Афтидан, Саудия Арабистони терма жамоаси БАА терма жамоасидан кучлироқ...
— БАА терма жамоасида "олтин авлод" даври бўлган. "Сити"га келиб ўйнаши мумкин бўлган камида битта футболчи бор эди – Умар Абдулраҳмон. Уни у ерга чақиришди, бироқ у таклифни рад этди. Балки менталитетда ҳам муаммолар бордир. Минтақадаги ҳар бир футболчи ҳам Европага бориб, ниманидир исботлашни хоҳламайди. Биз иш ҳақи ҳақида гапирамиз, бу ерда ҳам жуда юқори миқдордаги маблағ тўланади. Футболчилар Европадан кўра шу ерда кўпроқ пул олишади. Бу ерга европалик футболчилар ўз фаолиятларини якунлаш учун келишади, чунки пул ишлаш осонроқ.
— "Ньюкасл"нинг саудияликлар томонидан сотиб олиниши ички чемпионат жозибадорлигини оширадими? Юқори даражадаги футболчилар у ерга боришга интилишадими?
— Аслида Саудия Арабистони ҳам бюджет, ҳам клубларнинг жозибадорлиги бўйича БАА ва Қатардан олдинда. Эҳтимол, яшаш шароитлари нуқтаи назаридан, осон эмасдир. Бу қатъий мусулмон давлати эканлиги билан боғлиқ. Саудия Арабистони клублари орасида рақобат кўпроқ. Масалан, Қатарда фақат иккита клуб чемпионлик учун ўзаро курашади. Саудия Арабистони ҳали ҳам бир оз устун кўринади.
— "Ньюкасл"нинг харид қилинишини Форс кўрфази мамлакатларининг Осиё футболи ривожига қўшган ҳиссаси, деб айтоламизми?
— Умуман олганда, ҳа. Ахир, ҳамма нарса бир-бири билан боғлиқ. Саудияликлар "Ньюкасл"ни сотиб олиш учун BeIN Sport билан музокаралар олиб боришга мажбур бўлишди. Телекомпания билан ҳеч қандай келишув бўлмаса -да, ОФК (Осиё футбол конфедерацияси) пул йўқотаётган эди. Ўша Осиё Чемпионлар лигаси учун шартнома йўқлиги сабабли.
Масалан, Қатар бу йил лицензия сотиб олмади. Гап шундаки, BeIN Sport ҳуқуқларни бутун араб минтақаси учун, йигирмадан зиёд мамлакат учун пакет сотиб олди. Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистони аҳолиси сони бўйича Қатардан анча устун. Шундай қилиб, телекомпания ўйинларни минтақанинг энг йирик давлатларига ўтказа олмаслиги аниқ бўлгач, ОФК пакетни қисмларга бўлишни таклиф қилди. Шартноманинг жозибадорлиги йўқолди. Телекомпания ҳуқуқларни фақат Қатар, Ливан ёки Ироққа сотишдан манфаат кўрмайди.
Натижада ОФК камроқ пул олди. Эндиликда жаҳон чемпионати учинчи саралаш босқичи давом этмоқда, пандемия туфайли бир нечта ўйинлар Қатарда бўлиб ўтди, аммо бу ўйинлар Қатарнинг ўзида трансляция қилинмади. Агар араб телеканали телетрансляцияси яна бир бутун нарса сифатида қаралса, телекомпанияда ОФКдан ҳуқуқларни сотиб олишдан фойда кўради. Хуллас, нафақат "Ньюкасл" сотиб олинди, балки бир қатор муҳим масалалар бирданига ҳал қилинди. Шу жумладан, ОФК фойдасига ҳам.
Шерзод Нурматов таржимаси
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
НАТО собиқ қўмондони: “Путин Украинанинг тахминан 20 фоизини қўлга киритади”
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Россия томонидан учирилган иккита дрон Молдова ҳудудига қулаб тушди