17:51 / 13.10.2021
3 097

Бардам бўл, Шома! Моуриньо “Рома”га кўп гол урадиган футболчи оляпти

Бардам бўл, Шома! Моуриньо “Рома”га кўп гол урадиган футболчи оляпти
“Рома”нинг энг рақобат кучли нуқтаси ҳужум чизиғи ҳисобланади. Жозе Моуриньо бир ҳужумчи ўйнайдиган тактика қўлламоқда ва бу жой “бўрилар”нинг энг қиммат футболчиси Тэмми Абрахамники экани кафолатланган. Англиялик ҳужумчига ўринбосар бўлиш учун Элдор Шомуродов, Карлес Перес, Стефан Эл-Шаарави, Борха Майораль ўзаро рақобатлашмоқда. Улар орасида бош мураббий кўпроқ Элдор ва Стефанга ишонч билдиряпти.

Шунга қарамай, Жозе Моуриньо жамоаси голларининг аксарияти ярим ҳимоя вакиллари урмоқда. Хусусан, А Сериядаги баҳсларда майдон марказида ўйнайдиган Лоренцо Пеллегрини ва Жордан Верету тўрттадан, Генрих Мхитарян икки марта тўп киритган. Жами бешта ҳужумчи ҳисобида эса учта нишонга теккан зарба бор холос.

Моуриньо жамоа ҳужумкорлигини ошириш учун “Порту”дан кўп гол ура бошлаган ўйинчи олишга қарор қилди.
“Порту”нинг 24 ёшли футболчиси Луис Диас жорий мавсумни ажойиб ўтказмоқда. Икки йил давомида Европа футболига тўлиқ мослашиб олган колумбиялик футболчи чемпионатда саккизта учрашувда рақиб дарвозабонларини олти бор ожиз қолдирди.

Истеъдодли футболчининг самарадорлиги “Рома”дан ташқари “Барселона” ва Англия клублари эътиборини ҳам ўзига тортмоқда.
“Порту” бу ўйинчиси учун даромадли таклиф бўлса, уни қўйиб юборишга тайёрлигини билдирган. Демак, Моуриньо собиқ жамоаси раҳбарларига мурожаат қилиб, орзусидаги футболчини олиш имконига эга.

Бу футболчи арзон, лекин ишончли экан!
“Рома”нинг трансфер нишонлари қаторига “Сампдория”да тўп тепаётган польшалик Бартош Берешиньски ҳам қўшилди.
Жозе Моуриньо 29 ёшли ҳимоячини қишки трансферлар даврида харид қилади. Генуяликлар билан амалдаги шартномаси 2023 йилнинг ярмигача давом этадиган футболчининг трансфери “бўрилар”га 6 миллион еврога тушади.

Жорий мавсумда Берешиньски еттита учрашувда майдонга тушиб, ҳимоядаги вазифаларини удаллаш баробарида жамоадошларига бир жуфт голли пас ҳам оширди.

Бартош Берешиньски Польша терма жамоасининг ҳам етакчи ўйинчиларидан ҳисобланади.

Верету янги шартнома олади
“Рома” аксарият футболчилари билан амалдаги шартномани узайтирмоқда. Янги битим оладиган ўйинчилар рўйхатида франциялик легионер Жордан Верету ҳам бор.

Рим клубида учинчи мавсумини ўтказаётган ярим ҳимоячи тўпурарлик маҳоратини намойиш этиб келмоқда. “Рома”даги илк мавсумида 33 та учрашувда олтита гол урган Верету ўтган чемпионатда 29 та баҳсда рақиблар дарвозасини 10 марта ишғол қилиб, энг кўп тўп киритган икки футболчидан бири бўлди.

Жорий мавсумда у еттита учрашувда ўз номига тўртта гол ёздириб қўйди. Клуб раҳбарияти унинг 2024 йилнинг ёзигача давом этадиган шартномасини маош қўшган ҳолда икки йилга чўзиб қўймоқчи.

“Рома”га “Аякс”юлдузи керак
“Рома” эътиборини “Аякс” ҳимоячиси Нуссер Мазрауига қаратди. Бу футболчининг амалдаги шартномаси ёзда ниҳоясига етади.
Марокашлик ҳимоячи ўз кучини кучлироқ чемпионатда синаб кўришга тайёр. Унга “Рома”дан ташқари “Наполи” ҳам қизиқиш билдирмоқда.

Маълумотларга қараганда, А Сериянинг ҳар икки клуби вакиллари Мазрауининг агенти Мино Райола билан алоқага чиққан.
Мазрауи “Аякс” клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. У бу клубнинг асосий таркибида жами 113 та учрашув ўтказиб, тўққиз марта тўп киритган. Икки карра Нидерландия чемпионлигига сазовор бўлди. Transfermarkt портали истеъдодли футболчининг трансферини 18 миллион еврога баҳолади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Бардам бўл, Шома! Моуриньо “Рома”га кўп гол урадиган футболчи оляпти