Қозоғистон премьер-лигасида иштирок этаётган “Тобол” сўнгги тур олдидан мусобақа жадвалида биринчи ўринга кўтарилиб олди ва чемпионликни қўлга киритиш имконига эга бўлди.
УЕФА аъзоси ҳисобланган Қозоғистонда юқори дивизион – премьер-лигада 14 та жамоа иштирок этмоқда. Улар икки даврали тизимда ғолиблик учун курашяпти. Мусобақа ғолиби келаси мавсум Европа Чемпионлар лигасининг саралаш босқичига йўлланма олади.
Айни пайтда қўшни мамлакат юқори лигасида Ўзбекистондан фақатгина бир футболчи – Игорь Сергеев тўп тепмоқда. Ўтган йилнинг охирида “Пахтакор” билан шартномаси якунлаган моҳир ҳужумчи дастлаб, “Актобе” сафига қўшилганди. Ўшанда, Сергеевга “Астана” клуби ҳам даъвогарлик қилган, бироқ ҳамюртимиз ўз олдига катта мақсадларни қўйган “Актобе”ни танлаганди. Афсуски, ушбу клубда раҳбарият ўзгариши муносабати билан чемпионликка даъвогар жамоанинг ишлари ортга кетди.
18 та учрашувда еттита гол билан “Актобе” тўпурари бўлиб турган Игорь Сергеевга ёзда “Тобол” таклиф билан чиқди. Кустанайликлар ўзбекистонлик футболчи ёрдамида УЕФА Конференциялар лигаси учрашувлари олдидан таркибни кучайтиришга қарор қилганди. Молиявий қийинчиликка дуч келган “Актобе” энг кўп маош оладиган Сергеевни қўйиб юборди.
Легионеримиз ҳақиқатан Конференциялар лигасида янги жамоасига катта ёрдам бера олди. Хорватиянинг “Хайдук” жамоаси билан бўлган илк учрашувда “Тобол” сафарда 0:2 ҳисобида ютқазиб келган эди. Лекин уйдаги жавоб ўйинида 4:1 ҳисобида зафар қучиб, учинчи босқичга ўтди. Голлардан иккитаси Игорь томонидан киритилди. Бироқ, жамоага гуруҳ босқичгача чиқиш учун тажриба етишмади.
“Тобол” бор эътиборини ички чемпионатда пешқадам “Астана”га етиб олишга қаратди. Ниҳоят, 25-турдан сўнг мақсадига етиб, кустанайликлар биринчи ўринга кўтарилиб олди. Бунда учинчи ўринда бораётган “Қайрат”нинг ёрдами катта бўлди. Бу турда ўз майдонида “Астана”ни қабул қилган “Қайрат” 1:0 ҳисобида зафар қучди.
Ўз навбатида, “Тобол” футболчилари имкониятдан унумли фойдаланиб қолди. Улар “Шахтёр”ни 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Иккинчи голни Игорь Сергеев киритди. Бу ҳамюртимизнинг премьер-лигадаги 10-голи бўлди. Игорь “Тобол”га ўтганидан кейин “Ордабаси” ва “Қизил-Жар” дарвозасини ҳам ишғол қилиб, жамоасига ғалаба келтирган.
Қозоғистон премьер-лигасида сўнгги тур олдидан “Тобол” 58 очко билан пешқадамга айланди. Аламли мағлубиятдан сўнг, “Астана” икки очко кам очко билан иккинчи поғонага тушиб қолди. “Тобол”га фойдаси теккан “Қайрат” эса чемпионатни учинчи ўринда якунлаши аниқ бўлиб улгурган.
Мазкур турдаги аниқ зарбасидан кейин умумий голларини 10 тага етказиб олган Игорь Сергеев тўпурарлар баҳсида учинчи ўринга чиқиб олди. Гол уриш бўйича пешқадам Марин Талмасов “Астана” сафида жами 17 та тўп киритган. Уни таъқиб қилаётган “Қайрат” ҳужумчиси Артур Шушеначев ҳисобида 12 та аниқ зарба бор.
Премьер-лиганинг охирги тури 30 октябрь куни бўлиб ўтади. Шу куни чемпионликни расмийлаштириш имконига эга бўлган “Тобол” футболчилари “Акжайик” жамоаси меҳмони бўлади. Ҳамон олтин медаль учун имкониятини сақлаб турган “Астана” эса ўз мухлислари гувоҳлигида “Турон” жамоаси билан куч синашади.
Игорь Сергеев жамоаси чемпионлик имкониятини қўлдан бой бермаслигига умид қиламиз. Ҳужумчимизда эса, кўп карра Ўзбекистон чемпионлиги қаторига Қозоғистон чемпионати олтин медалини қўшиб қўйиш эҳтимоли катта. Омад, Игорь! “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Киев: Трамп инаугурациясигача «тинчлик режалари» ҳақидаги гаплар асоссиз
Трамп жамоаси расмийларга ёқмаган генералларни “тозалаш” учун фармон тайёрлади
Кўкрак бези саратони сабаблари, белгилари ҳамда уни даволаш