17:56 / 30.10.2021
2 301

Баҳодир Жалолов нега жаҳон чемпионатида жанг қилишни истамади?

Баҳодир Жалолов нега жаҳон чемпионатида жанг қилишни истамади?
Айни дамда Сербиянинг Белград шаҳрида бўлиб турган SPORTS.uz журналистлари Токио Олимпиадасида олтин медални қўлга киритган Баҳодир Жалолов билан суҳбат уюштирди.

- Сиз бокс бўйича Жаҳон чемпионатига ташриф буюрган терма жамоа таркибида йўқсиз, бироқ Сербияга ташриф буюрдингиз. Бунинг сабаби нима?
- Бу саволни менга ватандошларимиз жуда кўп берди. Ижтимоий тармоқларда ҳам кўплаб мухлисларимизга жавоб бериб ўтдим. Очиғи, бу қувонарли ҳолат. Мен учун қайғурадиган инсонларнинг бор эканлигидан мамнунман. Сербияга АИБА президентининг таклифига биноан ташриф буюрдим ва турнирнинг очилиш маросимига меҳмон сифатида келдим.

- Баҳодир Жалолов нега Жаҳон чемпионатида боксчи бўлиб эмас, меҳмон сифатида иштирок этмоқда?
- Тўғриси, спорт формасида эмас эдим. Олимпиададан 2,5 ой ўтиб, Жаҳон чемпионати ташкил этилмоқда. Ўйлашимча, ҳеч бир спортчи бир йилда икки бор суперформага кирмайди. Жаҳон чемпионати кичик мусобақа эмас. Шу боис, таваккал қилишни истамадим. Токиодаги олимпиадага қадар жуда кўп машғулотлар ўтказдик. Деярли дам олмай ишлашга тўғри келди. Руҳий чарчоқ ҳис этганим учун, бу сафарги турнирни ўтказиб юбордим. Энди мақсадим фаолиятимни профессионал боксда давом эттириш.

- Сизнинг вазнингизда Лазизбек Муллажонов иштирок этмоқда. Унинг имкониятларини қандай баҳолайсиз?
- У ҳаётда жуда ҳам яхши йигит. Спортчи танлаган йўлидан иккиланмаслиги учун ҳам тезроқ натижа кўрсатиши шарт. Агар Олимпиадани ютиб келиб, Жаҳон чемпионатига ҳам мен борганимда, бу унга нисбатан инсофсизлик бўлар эди. Лазизбек биз билан бирдек меҳнат қиляпти. Шу боис, унинг турнирда иштирок этаётганидан хурсандман. Ўйлашимча, унда чемпион бўлиш учун барча имконият мавжуд. Нима бўлишидан қатъий назар унга мухлислик қиламан. Мақсадим, ортимдан оғир вазндаги боксчиларимиз дунё ареналарини забт этаверсин.

- Спорт оламида юлдузли жуфтликлар пайдо бўлмоқда. Сиз билан ҳам шундай бўлиши мумкинми? Ўзи тўй қачон?
- Оллоҳ билади. Аслида, ният қилганмиз. Спортчи қизга уйланмасам керак. Ёлғиз ўғилман. Машғулотлар, йиғинлар ва мусобақаларда юрадиган қиз менга тўғри келмайди. Бўлажак турмуш ўртоғим, онамларни олдида ўтириши, уларни дуосини олишини истайман. Насиб қилган куни албатта тўй бўлади. Бу нарсага шошилмаслик керак. Умримни қолган қисми у билан ўтишини инобатга олсак, "излаш" давом этмоқда. Мана бошимга тушиб билдим, ўзингизга мос турмуш ўртоқ топишнинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари кўп экан.

- Тайсон Фюри билан муносабатларингиз қандай?
- Тўғриси, у билан алоқани мен ўрнатмаганман. Промоутерим менинг номимдан у билан суҳбатлашган. Шунга қарамай, ҳозир твиттердаги саҳифамга у обуна бўлган. Мен ҳам уни барча ижтимоий тармоқларда кузатиб бораман. Тан олиш лозим, ҳозир Тайсон ўз фаолиятининг энг пик даражасига кўтарилган. Уни бугунги кунги бокснинг қироли десак, адашмаган бўламан. Мен бундай кучли боксчиларни ҳурмат қиламан.

- Олимпияда ўйинларида ғолиб чиққач, дадангиз билан 30 сония суҳбатлашиш имкони тақдим этилганида, уларга нималар деган бўлар эдингиз?
- Бу жуда оғир ҳислар. Уни таърифлаш мушкул. Афсуски, отам чемпион бўлганимни кўра олмадилар. Ҳар сафар медални қўлга киритгач, алоҳида хонага кириб улар билан гаплашишга ҳаракат қиламан. Баъзан йиғлайман. Буни отасиз ўсган йигитлар нима эканлигини яхши билади. Афсуски, 30 сония суҳбатлашиш имкони бизда йўқ. Бўлганида, албатта бундан фойдаланган бўлар эдим.

- Баҳодир сиз футболчилик орқали спортга кириб келгансиз. Айтингчи, ҳали-ҳамон Жаҳон чемпионатига чиқа олмаётганимиз нима билан боғлиқ?
- Ўйлашимча, ишни академиядаги иқтидорли футболчиларни тарбиялашдан бошлаш керак. Керак бўлса, уларни хориж клубларига пул бериб бўлсада юбориш, малака оширишига имконият яратиб бериш шарт. Тўғриси, боксдан кўра футболга бўлаётган эътибор каттароқ. Биринчи навбатда футболчиларда кучли характер ва ўз кучига ишонч керак. Яккакураш усталаримиз рингда жуда катта босимга дуч келади. Ҳар қандай дақиқада кучли зарба ўтказиб юбориши, оғир жароҳат олиши мумкин. Ҳар ҳолда, футболда анча хавфсизроқ. Шунчаки, чиқиб ўз кучига бўлган ишонч билан ҳаракат қилиш кифоя.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Баҳодир Жалолов нега жаҳон чемпионатида жанг қилишни истамади?