23:14 / 30.10.2021
2 480

Уни тўхтатиб бўлмаяпти: Ўзбек боксчисидан Колумбияда супернокаут!

Уни тўхтатиб бўлмаяпти: Ўзбек боксчисидан Колумбияда супернокаут!
Яқинда келажаги порлоқ профессионал боксчимиз Отабек Холматовнинг АҚШдаги ғалабаси ҳақида мақола эълон қилгандик.

АҚШнинг Голливуд шаҳрида машғулот олиб бораётган ҳамюртимиз фаолиятини шу йилнинг август ойида бошлаганига қарамай, қисқа муддат ичида кўпроқ жанг ўтказиб, имкон қадар тезроқ рейтинг очколарини жамғариб олишга ҳаракат қиляпти.

Бир неча кун олдин АҚШнинг Тампа шаҳридаги “Convention Center” аренасида тўртинчи жангини нокаут билан якунлаган Отабек Холматов бир ҳафта ичида иккинчи марта катта рингга кўтарилди.

Бу гал унинг бешинчи тўқнашуви Колумбияда ташкил этилган жуда катта профессионал бокс кечаси доирасида бўлди. Бу турнирда дунёнинг турли мамлакатларидан келган жами 38 нафар профессионал боксчи навбатдаги рейтинг жангларини ўтказди.

Қизиғи шундаки, мусобақа дастуридан ўрин олган 19 та учрашувдан 17 таси муддатидан олдин якунланди ва нокаутлар сериясини ўзбек бокс мактаби тарбияланувчиси Отабек Холматов бошлаб берди.

Отабек фаолиятидаги бешинчи жангини Сантьяго де Толу шаҳридаги “Centro Recreacional Tempo” спорт аренасида мезбон боксчи Пабло Гомезга қарши ўтказди. Тўрт раундга белгиланган жанг учинчи раундда якунланди. Пабло Гомез ўз мухлислари кўз ўнгида Отабекнинг кучли зарбасини ўтказиб юборди ва соф нокаут билан мағлуб бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Отабек Холматов аввалги жангини ўзидан анча тажрибали ва панчер боксчи – Доминикан Республикаси вакили Хуан Габриэль Мединага қарши ўтказиб, кучли зарбага эга боксчини иккинчи раундда чуқур нокаутга тушириб қўйганди. Фаолияти давомида бир неча жиддий жангларда кучли рақиблар билан тўқнаш келган Медина истеъдодли ёш ўзбек йигитига қарши ҳеч нарса қила олмади.

Умуман олганда, Отабек Холматов дастлабки учта жангида ҳам рақибларини муддатидан олдин таслим қилган. Истеъдоди ва салоҳияти мутахассислар томонидан юқори баҳоланаётган ҳамюртимиз АҚШдаги дабют жангида мезбон боксчи Марселло Уильямсга қарши ўтказиб, рақибини соф нокаут билан мағлубиятга учратди ва илк ғалабасини тантана қилганди.

Кейинчалик ўзбек боксчиси иккинчи учрашувда Доминикан Республикаси вакили Карлос Овандога қарши рингга чиқди. Кескин ва муросасиз курашлар остида ўтган баҳсда Отабек рақибини техник нокаутга учратиб, беллашувни муддатидан олдин якунлади.

Америкадаги кетма-кет икки ғалабадан сўнг боксчимиз учинчи жангини ўтказиш учун Колумбияга йўл олди. 10 сентябрдаги рейтинг жангида ҳам катта устунлигини намойиш қилган Холматов мезбон боксчи Роберто Лопесни чуқур нокаутга туширди.

Отабек Холматов АҚШнинг “Warriors Boxing Promotions LLC” компанияси вакили ҳисобланади. Мазкур компания билан Козимбек Мардонов ва Фазлиддин Мелибоев каби боксчиларимиз ҳам ҳамкорлик қилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Козим Мардонов “Warriors Boxing Promotions LLC” компанияси шафеълиги остида жами учта жанг ўтказиб, аргентиналик боксчилар – Марсело Рубен Морена (23 та ғалаба (19 та нокаут), 19 та мағлубият ва дуранг) ҳамда Абел Николас Адриел (23 та ғалаба (5 та нокаут), 22 та мағлубият ва учта дуранг) устидан ғалаба қозонган бўлса, учинчи жангида кутилмаганда америкалик Райан Адамсга имкониятни бой берди. Бу тўқнашув ҳакамларидан иккитасида ҳисоб-китобларида мезбон боксчисига ютуқни тақдим қилган бўлса, биттаси Козим Мардонов зафар қучганини билдирган.

Фазлиддин Мелибоев эса, ҳали профессионал рингда дебют қилгани йўқ.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Уни тўхтатиб бўлмаяпти: Ўзбек боксчисидан Колумбияда супернокаут!