07:19 / 03.11.2021
1 754

"Рўзиқул Бердиев ишга эрталаб келиб, ҳаммадан кейин кетарди" - "Насаф"нинг кучли ҳимоячиси ёдингиздами?

"Рўзиқул Бердиев ишга эрталаб келиб, ҳаммадан кейин кетарди" - "Насаф"нинг кучли ҳимоячиси ёдингиздами?
“Насаф” клуби ҳозир барчамизнинг диққат-эътиборимизда бўлиб турибди. Жамоа ўз тарихида иккинчи марта ОФК Кубоги финалига чиқди. Ҳамма билади, 2011 йилги мусобақада қаршиликлар бош совринни қўлга киритишган. Бу сафар “Насаф”да ушбу ғалабани такрорлаш имконияти пайдо бўлди.

Жамоанинг 2011 йилдаги таркиби кучли эди. Жамоада асосан маҳоратли ижрочилар жамланган. Ўша мусобақада “Насаф” 12 та учрашув ўтказган бўлиб, барча ўйинларда узлуксиз равишда ўйнаган уч нафар футболчи бор. Булар –Мурод Зуҳуров, Лутфулла Тўраев ва Мақсуд Каримов. Юқорида айтиб ўтган 12 та ўйиннинг барчасида тўлиқ тўп сурган ягона ўйинчи эса бу – Каримов. “Насаф”нинг ушбу собиқ ҳимоячиси ҳам жамоанинг ОФК Кубогидаги иштирокини диққат билан кузатиб келмоқда. Клубнинг муваффақияти ҳақида Мақсуд ўз фикрларини билдирди.

- 2011 йилги ғалабадан ажойиб хотиралар қолган, - дея гап бошлади Мақсуд Каримов. - Бу бутун умрга эсда қолади. Футболни тугатгандан кейин ҳам одам футболни соғинади. Айниқса, ОФК Кубогидаги, Суперкубокдаги, Ўзбекистон Кубоги финалидаги унутилмас ўйинлар бор. Чемпионат баҳсларида “Пахтакор”, “Бунёдкор”га қарши ёки Сколари, Зико каби мураббийлар ишлаган даврлардаги ўйинлар ҳар доим бошқача ўтарди. Катта иштиёқ ва катта хоҳиш билан тайёрланардик. Баъзида омадимиз келарди, баъзида эса йўқ. “Насаф”да биринчи ўринда инфратузилма тўғри йўлга қўйилган.

Ҳозир “Хоразм”да раҳбар сифатида ишлаб, шунга амин бўляпманки, кўпчилик бу жамоани ҳам Суперлигада кўришни исташяпти. Биз тоғни талқон қилиб юборамиз деб айтмаймиз. Ҳа, молиявий жиҳат ҳам роль ўйнайди. Яхши мутахассис ҳам керак бўлади. Ҳозирги билим даражамдан келиб айтадиган бўлсам, инфратузилма яхши бўлиши керак. Футболчилар учун биринчи навбатда яхши майдон, база ва унинг ичида барча шароитлар бўлиши шарт. Футболда бу нарса ҳам ўз мевасини беради. Шароит бўлган жойда, мутахассислар ўз устида ишлайди ва хоҳлайсизми-йўқми, ўз устида ўсишга эришади. Шу иш билан шуғулланса, эртами-кечми натижасини беради.

Яна ОФК Кубогидаги хотираларни эслайдиган бўлсак, ўшанда “Насаф”нинг таркиби кучли бўлган. Клубнинг молиявий ҳолати ҳам яхши эди. Бундан ташқари, бизда муҳит, бир-бирига ишонч ҳам зўр эди. Бу нарсага ҳозирда Рўзиқул Саъдуллаевич катта эътибор беради. Шу нарса бўлмаса барака бўлмайди. Эсимда, ярим финалда “Ал-Виҳдат, чорак финалда “Чонбури”га қарши ўйинларимиз муросасиз бўлган. Гуруҳда тўғриси бироз енгил ўйинлар бўлган. Рақиблар бизнинг даражамизда бўлмаган. Лекин клубнинг савиясини ошириш ва Республикани дунёга танитиш бўйича ОФК Кубоги ҳам ўз ўрнига эга ва нуфузли мусобақа.

“Насаф”дан бу сафар ҳам ғалаба кутяпмиз. Чунки имконият бор. Бундан фойдаланиш керак. Жамоанинг ўйинларини кўряпман. Ёшлар билан ишлаш ўз мевасини бериб келяпти. Юқорида айтганимдек, инфратузилма ўз самарасини бермоқда. Мен ҳам фаолиятим давомида кўплаб мутахассисларни кўрдим. Рўзиқул Бердиевни майдон ичида тажрибада ҳам кўрдик. Унгача Виктор Кумиков, Эдгар Гесс, Усмон Тошев, Анатолий Демьяненко кабилар билан ишладик. Рўзиқул ака ўша мураббийларни ўзида умумий жамлаган инсон. Бердиев битта йўналишда кетмаган. Улардан ўзи учун энг керакли билимларни олган. Унга мақтов керак эмас. Битта нарсани биламан, клубда ўйнаган пайтимда Рўзиқул Саъдуллаевич эрталаб ишга келади, ҳаммадан кейин кетарди, кечқурун соат 11-12 гача ўтирарди. Футболни ҳақиқий юракдан яхши кўради. Меҳнат қилаётган инсон бунинг мевасини кўраверади. Бўш вақти бўлгунича, имкон қадар академиядаги ва ўринбосарлар жамоалари ўйинини кузатади.

Бундан ташқари, телевизордаги ўйинларни ҳам қолдирмайди. Бунга ўзим ҳам гувоҳ бўлганман. Ўша пайтда раҳбарлар ҳам жамоани яхши қўллаб-қувватлашган. Алишер Султонов ечиниш хонасига кириб икки оғиз гапирарди ва кўзимиздан ўт чақнарди. Майдонда боримизни берардик. Ҳар бир чизиқда кучли рақобат бор эди. Марказий ҳимояда 6 та футболчи бўларди. Артём Филипосян, Аҳрол Рисқуллаев, Ҳамза Каримов, Боян Малишич, Асрор Алиқулов... Ўртада Лутфулла Тўраев, Илҳом Юнусов, Эркин Бойдуллаев, Фозил Мусаев ҳаракат қилишган. Ҳужумда эса 9 нафар ўйинчи тўп сурарди. Носир Отақўзиев, Кенжа Тўраев, Шуҳрат Мирхолдиршаев, Иван Бошкович, Илҳом Шомуродов, Зафар Полвонов...Футболчилар ютқазмаслик учун ҳам ўз устида қаттиқ ишлашарди, - дея муносабат билдирди Каримов.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Рўзиқул Бердиев ишга эрталаб келиб, ҳаммадан кейин кетарди" - "Насаф"нинг кучли ҳимоячиси ёдингиздами?