20:20 / 04.11.2021
1 763

"Ал-Муҳаррақ"да ўйнаган ўзбекистонлик футболчи, рақиб ҳақида нималарни биламиз ёхуд ҳаммаси финал олдидан

"Ал-Муҳаррақ"да ўйнаган ўзбекистонлик футболчи, рақиб ҳақида нималарни биламиз ёхуд ҳаммаси финал олдидан
Эртага ОФК Кубогининг жорий йилдаги мавсуми якунига етади. Ҳал қилувчи палла келди: финал – “Ал-Муҳаррақ” – “Насаф”. Барчамиз интиқлик билан кутаётган ўйин. ОФК Кубоги Осиёда клублар ўртасидаги турнирлар орасида Осиё Чемпионлар лигасидан кейин иккинчи ўринда туради. “Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиев эса ОФК Кубогининг савиясини юқори баҳолади.

ОФК Кубоги ҳақида
Шу ўринда ОФК Кубоги ҳақида бироз тўхталиб ўтсак. Бу мусобақа 2004 йилда ташкил этилган бўлиб, худди Осиё Чемпионлар лигаси каби ҳар йили ўтказилади. Илк ўтказилган турнирда финалга Суриянинг икки клуби – “Ал-Жайиш” билан “Ал-Ваҳда” етиб келган ва унда икки ўйин натижасига кўра, “Ал-Жайиш” ОФК Кубогининг дастлабки ғолиби сифатида тарихдан жой олган. Дастлабки бешта финалда ўйинлар уй-сафар тизимида ўтказилган. Ундан кейин ғолиб номи битта ўйинда аниқланадиган бўлган.

“Насаф”нинг рақиби “Ал-Муҳаррақ” 2008 йили финалда Ливаннинг “Сафа” жамоасини мағлуб этиб бош совринни қўлга киритди. Худди “Насаф” сингари “Ал-Муҳаррақ” ҳам бир бор ОФК Кубогини ютган. Аслида эса 2006 йилдаёқ баҳрайнликлар бу мусобақани ютиш имкониятига жуда яқин келгандилар. Аммо финалда Иорданиянинг “Ал-Файсали” клубига имкониятни бой берган.

ОФК Кубогини энг кўп ютган жамоалар иккита. Булар - “Ал-“Қувайт” (Қувайт) билан “Ал-Қува” (Ироқ). Иккала жамоа 3 мартадан ғолиб чиққан. Эътиборлиси, “Ал-Қувайт” чемпионликдан ташқари яна 4 марта финалда ютқазган ва улардан бири 2011 йили “Насаф” билан ўйинни айтиш мумкин. “Ал-Қува” эса 3 марта финалга чиққан. Иорданиянинг “Ал-Файсали” клуби ҳисобида эса иккита чемпионлик бор. Шунингдек, “Ал-Қодисия”, “Ал-Муҳаррақ”, “Ал-Жайиш”, “Шабаб Ал-Ордун”, “Ал-Иттиҳод”, “Насаф”, “Жохор” ва “Ал-Ахад” клублари бир мартадан ОФК Кубоги ғолиблигига сазовор бўлишган. Яна шуни ҳам қўшимча қилиш жоизки, пандемия сабабли ўтган йили ОФК Кубоги ўтказилмади. Мусобақанинг охирги ғолиби эса Ливаннинг “Ал-Аҳад” жамоаси ҳисобланади. 2019 йилги финалда бу клуб КХДРнинг “25 апрель” жамоасини 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратган.

“Ал-Муҳаррақ”нинг финалгача босиб ўтган йўли
Баҳрайн клубининг ҳам ОФК Кубогида ўз олдига қўйган мақсади бор. “Ал-Муҳаррақ” Ғарбий Осиё зонасида қатнашган бўлиб, “В” гуруҳидан жой олди. “Насаф” билан ўйингача 5 та ўйин ўтказди.

Ғарбий Осиё зонаси: Гуруҳ босқичи.

“В” гуруҳи

1-тур. “Ал-Салт” – “Ал-Муҳаррақ” – 0:1
2-тур. “Ал-Муҳаррақ” – “Марказ Балата” – 2:3
3-тур. “Ал-Ансор” – “Ал-Муҳаррақ” – 1:3

Турнир жадвали

1. “Ал-Салт” 3 2 0 1 7:2 6
2. “Ал-Муҳаррақ” 3 2 0 1 6:4 6
3. “Ал-Ансор” 3 1 0 2 4:5 3
4. Марказ Балата 3 1 0 2 3:9 3

Ғарбий Осиё зонаси: Ярим финал: “Ал-Муҳаррақ” – “Ал-Аҳад” - 3:0
Ғарбий Осиё зонаси: Финал: “Ал-Муҳаррақ” – “Қувайт СК” - 2:0

Шу ўринда “Насаф”нинг бўлажак рақиби ҳақида ҳам тўхталадиган бўлсак, клубга 1928 йилда асос солинган. Клуб уй ўйинларини “Шайх Али бин Муҳаммад Ал Халифа” стадионида ўтказади ва ўз бағрига 20 минг ишқибозни сиғдиради. Бу стадиондан “Ал-Муҳаррақ”дан ташқари, “Ал-Баҳрайн” жамоаси ҳам фойдаланади. “Ал-Муҳаррақ”нинг қўлга киритган ютуқлари эса жуда кўп. Масалан, Баҳрайнинг 34-карра чемпиони ҳисобланади. Бунинг ўзиданоқ “Ал-Муҳаррақ”нинг катта тарихга эгалигини билса бўлади. Шунингдек, қирол кубогида 32 марта зафар қучган. Бундан ташқари, яна бир қатор ички мусобақаларда қўлга киритган ғалабалари ҳам бор. Бу жамоа Баҳрайн чемпионатида охирги марта 2018 йили чемпионликни қўлга киритган.

Дарвоқе, “Ал-Муҳаррақ” сафида ўз вақтида ўзбекистонлик футболчи ҳам тўп сурган. Яъни, 2016 йилги мавсумда бу жамоа таркибига Шохруҳ Гадоев қўшиб олинган. Ўшанда ярим ҳимоячимиз “Ал-Муҳаррақ” таркибида ярим мавсум тўп сурган. Ҳозирда Гадоев АГМК шарафини ҳимоя қилаётганини яхши биласиз.

Айни пайтда “Ал-Муҳаррақ” жамоасини бразилиялик Маркос Пакета бошқариб боряпти. Мухлисларимиз учун у нотаниш мураббий эмас. Ўз вақтида Саудия Арабистонида ишлаган кезларида терма жамоа ва клублар билан бирга Тошкентда ҳам ўйинлар ўтказган. Қизиғи, ОФК Кубоги финали Пакета учун ҳам, Бердиев учун ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Боиси, иккала мутахассис учун бу бош мураббий сифатидаги илк ОФК Кубоги финали ҳисобланади. Кўрамиз, ўйиндан сўнг кимнинг кўчасида байрам бўларкин?

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Ал-Муҳаррақ"да ўйнаган ўзбекистонлик футболчи, рақиб ҳақида нималарни биламиз ёхуд ҳаммаси финал олдидан