19:19 / 05.11.2021
1 884

«Насаф» ОФК кубогида 10 йил аввалги чемпионликни такрорлай оладими?

«Насаф» ОФК кубогида 10 йил аввалги чемпионликни такрорлай оладими?
Фото: Насаф ФК
Бугун, 5 ноябрь куни ОФК кубоги финалида Қаршининг «Насаф» жамоаси сафарда Баҳрайннинг «Ал Муҳаррақ» клубига қарши саф тортади. Рўзиқул Бердиев жамоаси ҳал қилувчи ўйинда 10 йил аввалги тарихни такрорлаш имкониятига эга. Финал олди ўйин превьюсида жамоаларнинг ушбу босқичга қадар қандай етиб келгани, ўйинчиларнинг трансфер баҳолари ва финалнинг «Насаф» учун қай даража муҳимлиги ҳақида сўз боради.

VAR, Норчаев учун соврин ва олтин медаллар
Финалдан бир кун аввал Муҳаррақдаги стадионда ташкилий ишлар олиб борилиб, баҳсга тайёргарлик кўрилди. Стадионда VAR тизими ўрнатилди ва турнирда илк марта ҳакамлар бу тизимдан фойдаланиши кутилмоқда.

Фото: Насаф ФК
Шунингдек, ОФК кубоги тўпурари ва ғолибларига топшириладиган медал ва совринлар ҳам тайёрлаб қўйилган. Қайд этиш жоиз, 7та гол билан мусобақанинг энг яхши голеадори бўлиб турган «Насаф» форварди Ҳусайн Норчаев катта эҳтимол билан энг яхши тўпурар совринига эга чиқади. Сабаби рақиб жамоа сафида тўпурарлар пойгасида иштирок этаётган футболчи йўқ.

Баҳрайндаги ўйинга Ўзбекистондан кимлар бормаган?
«Насаф» жамоаси 3 ноябрь куни Қаршидан чартер рейс билан пойтахт Манамага учиб борди. Шу куни жамоа аъзоларидан ташқари, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, ПФЛ директори Диёр Имомхўжаев ва федерация расмийлари Баҳрайнга жўнаган. 50 нафардан ортиқ мухлислар, ОАВ вакиллари ҳам Баҳрайнга йўл олиши режалаштирилганди. Аммо ушбу мамлакат виза бермагани учун финалга фақат жамоа вакиллари ва расмийлар йўл олган.

Фото: Насаф ФК
Ушбу баҳсда жароҳати сабабли Абдувоҳид Неъматов ва Ҳусниддин Алиқулов қаршиликларга ёрдам бера олмайди.

«Насаф» плей-оффлар орқали, «Ал Муҳаррақ» Рашидов жамоасини мағлуб этиб, финалга чиқди
Коронавирус пандемияси сабабли юзага келган турли муаммолар ОФК кубоги форматига ҳам таъсир қилди. «Насаф» гуруҳ босқичи ғолиби сифатида дастлаб Марказий Осиё минтақаси финалида «Аҳал»ни мағлуб этган бўлса, сўнг минтақалараро яримфинали доирасида «Моҳун Баган»дан устун келди ва минтақалараро финалда «Ли Ман»ни ютиб, турнир финалига чиқди. Эътиборлиси, «Ал Муҳаррақ» шу кунгача ўзбек клубларига қарши ҳали майдонга тушмаган.

Баҳрайнинг «Ал Муҳаррақ» клуби эса «Ал Ансор» (Ливан), «Ас-Салт» (Иордания) ва «Марказ Балата» (Фаластин) жамоалари жой олган «В» гуруҳида 3 ўйинда 6 очко жамғариб, 1-ўрин билан плей-оффга чиқди. Минтақалараро яримфинали доирасида «Ал Муҳаррақ» Ливаннинг «Ал Аҳад» жамоасини турнирдан чиқариб (3:0) юборган бўлса, минтақалараро финалда Сардор Рашидов фаолият олиб бораётган «Кувайт СК» жамоаси устидан 2:0 ҳисобида устун келиб ОФК кубоги финалига йўлланма олди.

«Насаф»нинг турнирдаги сўнгги ўйинлари:
Плей-офф. «Насаф» - «Аҳал» (Туркманистон) – 3:2
Плей-офф. «Насаф» - «Моҳун Баган» (Ҳиндистон) – 6:0
Яримфинал. «Насаф» - «Ли Ман» (Ҳонгконг) – 3:2

«Ал Муҳаррақ»нинг турнирдаги сўнгги ўйинлари:
Плей-офф. «Ал Муҳаррақ» - «Ал Аҳад» (Ливан) – 3:0
Яримфинал. «Ал Муҳаррақ» - «Кувайт СК» (Кувайт) – 2:0

«Насаф»дан 4 баравар арзон жамоа
Transfermarkt портали ҳар икки жамоанинг трансфер баҳоларини келтирган. «Насаф» айни паллада рақибидан нафақат натижа ёки ўйин жиҳатдан, балки умумий қиймати бўйича ҳам қарийб 4 баравар қиммат. Турнирда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган жамоанинг умумий трансфер баҳоси 7,13 миллион еврога баҳоланган бўлса, «Ал Муҳаррақ»нинг умумий таркиби анча арзон – 1,78 миллион еврога нархланган.

Фото: Tribuna.uz
Қаршиликлар сафидаги энг қиммат футболчилар маҳаллий ўйинчилар бўлса, «Ал Муҳаррақ» таркибидаги қимматбаҳо ўйинчилар легионерлардир. Рўзиқул Бердиев қўл остидаги миллий жамоага номзод ўйинчилар – Эшмуродов, Неъматов, Бозоров «Насаф»нинг энг қиммат ўйинчилари бўлишса, рақиб сафида Иордания, Баҳрайн ва бразилиялик ўйинчилар нисбатан қимматроқ.

«Насаф» энг қиммат 3 футболчиси:
Умар Эшмуродов – 600 минг евро
Абдувоҳид Неъматов – 600 минг евро
Ойбек Бозоров – 500 минг евро

«Ал Муҳаррақ»нинг энг қиммат 3 футболчиси:
Нур Ар-Ражабдеҳ (Иордания) – 325 минг евро
Волид Ал Ҳаём (Баҳрайн) – 250 минг евро
Флавио Кариока (Бразилия) – 200 минг евро

1,5 миллион долларлик финал
ОФК кубоги регламентига биноан, Қарши жамоаси ҳозирги босқичгача етиб келиб 750 минг АҚШ долларини нақд қилган.

Фото: Насаф ФК
Бугун турнир финалида «Насаф» «Ал Муҳаррақ»ни мағлуб этиб, бош совринга эга чиқса, ОФК томонидан мусобақа ғолиби учун ажратилган 1,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти Қарши клуби ҳисоб рақамига ўтказиб берилади. Таққослаш учун, ҳозирги курсдаги 16 миллиард сўмдан ортиқ ушбу маблағ – «Насаф» жамоасининг қарийб бир йиллик бюджетига тенг маблағдир.

Финални кореялик ҳакамлар бошқаради
ОФК Баҳрайнда ўтадиган финал баҳсини кореялик ҳакамлар бригадасига ишониб топширди.

Унга кўра, Ко Хёнг Жин бош ҳакам сифатида ишласа, унга қанотларда Юн Жаэ Йеол ва Парк Санг Жун ёрдам беради. Ушбу баҳсда турнирда илк марта VAR тизимидан фойдаланиш режалаштирилган.

«Насаф» турнирда 10 йилдан буён мағлуб бўлмаяпти
Қарши жамоаси ОФК кубоги жорий мавсумида фақат ғалаба қозонмоқда. «Насаф» ушбу турнирда сўнгги марта 2011 йилги мавсумда Таиланднинг «Чонбури» клубига ўйиннинг асосий вақтида мағлуб бўлган (0:1) ва дастлабки учрашувда худди шу ҳисобда ютгани боис, пенальтилар сериясида рақибдан устун келган. Якунда эса «аждарлар» турнир ғолибига айланишган эди. 10 йил ўтиб, «Насаф» ўша совринни яна Ўзбекистонга қайтариш учун яхши имкониятга эга. Бу борада Рўзиқул Бердиев мураббийлигидаги жамоага омад ва зафарлар тилаб қоламиз.

Фото: Tribuna.uz
Анонс. ОФК кубоги-2021. Финал
5 ноябрь (жума). Баҳрайн, «Муҳаррақ» стадиони.

«Ал Муҳаррақ» (Баҳрайн) - «Насаф» (Ўзбекистон)

Ҳакам: Ко Хёнг Жин (Жанубий Корея).
Ўйин бошланиш вақти: 21:00
ТВ-трансляция: FutbolTV.

Усмон Ибодов

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Насаф» ОФК кубогида 10 йил аввалги чемпионликни такрорлай оладими?