2 167
Катанецни ўйлантириб қўйган муаммо! Таркибдаги йўқотишлар режаларни ўзгартириб юборди...ми?
Ҳозир барча қитъаларда ФИФА кунлари бошланган бўлиб, ички чемпионатларда бироз танаффус эълон қилинди ва ҳамма жойда терма жамоалар расмий равишдаги учрашувларда майдонга тушишяпти. Ҳамма қатори бизда ҳам миллий терма жамоамиз ФИФА кунларидан фойдаланиб навбатдаги йиғинини ташкил қилган ва 15 ноябрь куни Тбилисида Грузия термасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади.
Айни пайтда Осиё қитъамизда терма жамоалар жаҳон чемпионати учинчи саралаш босқичидаги ўйинларини ўтказишяпти. Афсуски, биз жаҳон чемпионати саралашида қатнашиш имкониятидан маҳрум бўлганимиз сабабли ФИФА кунларида ўртоқлик учрашувларини ўтказиш билан чекланиб турамиз. Янги бош мураббий Сречко Катанецнинг бу терма жамоамиздаги учинчи йиғини ҳисобланади. Шунингдек, миллий термамиз устози сифатида бўлажак тўртинчи ўйинга тайёрланяпти. Дастлаб Швецияга қарши учрашувда майдонга тушиб 2:1 ҳисобида ютқаздик. Кейин Малайзия йирик ҳисобда доғда қолдирилган бўлса, Иорданиядан жавобсиз учта гол ўтказиб юборганимиз ёдимизда турибди.
Навбатдаги ўртоқлик учрашуви эса Катанец ва терма жамоамиз учун яна бир тайёргарлик вазифасини бажаради. Лекин бўлажак ўйин олдидан Сречко Катанец Тошкентдаги машғулотлардаёқ турли муаммолар билан ҳам дуч келишига тўғри келяпти. Шу сабабли бош мураббий ўзи истаган таркиб билан шуғулланяпти дея оламизми? Ёдингизда бўлса, мураббий ушбу йиғин учун илк таркибни эълон қилганидаёқ мажбурий ўзгариш бўлгани айтилди. Жанубий Корея чемпионатида тўп сураётган ҳимоячи Рустам Ашурматов виза масаласи билан боғлиқ муаммо сабабли мазкур йиғинда иштирок эта олмаслиги маълум бўлди. Натижада Катанец унинг ўрнига “Пахтакор”дан Марлен Чобановни қўшиб қўйди. Ёш ўйинчи илк бор миллий термадан чақирув олди. Шундай экан, бу унинг учун янги чорлов ва ўзини кўрсатиш учун катта имконият.
Шунингдек, ўтган сафарги йиғинга илк бор таклиф қилинган БАТЭ футболчиси Шаҳбоз Умаровни Катанец бу гал ҳам таркибга киритди ва кўриниб турибдики, унга яна имконият тақдим этмоқчи эди. Бироқ терма жамоамизнинг илк машғулотида Катанец ОАВга шуни маълум қилдики, Умаров коронавирусга чалингани сабабли мазкур йиғинга кела олмайдиган бўлди. Лекин словениялик мураббий Умаровнинг ўрнига кимни чақираркин деб турганимизда “Қизилқум”дан Ислом Кенжабоев терма жамоа йиғинида пайдо бўлди. Охирги пайтларда навоийликлар сафида фаол ҳаракат қилаётган футболчи Умаровнинг ўрнини эгаллади. Бу борада ЎФА матбуот хизмати шундай хабар қилди: “Хабарингиз бор, Шаҳбоз Умаров Covid-19 инфекцияси билан касалланганлиги сабабли Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бу галги ўқув-йиғин машғулотларида иштирок этолмайди. Мураббийлар штабининг қарорига кўра, Умаров ўрнига терма жамоага “Қизилқум” клуби футболчиси Ислом Кенжабоев жалб этиладиган бўлди”.
Хитойнинг “Чунцин Лифан” жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган Достон Турсунов ниҳоят Катанец терма жамоада иш бошлагач, яна асосий жамоамизга чақирила бошланди. Кўринишидан бош мураббийга Турсуновнинг ҳаракатлари манзур келаётганди. Бироқ унинг жароҳати ҳам бош мураббийнинг режаларини ўзгартирди десак муболаға қилмаган бўламиз. Оқибатда мураббийлар штаби томонидан Турсуновнинг ўрнига АГМКдан Аббос Отахоновни таклиф қилиш қарори қабул қилинди. Маълумотларга қараганда, Достон Турсунов эски жароҳати безовта қила бошлаган ва шу боис операция столига ётиши кутилмоқда. Отахонов эса Катанец бошчилигидаги терма жамоамиз йиғинига илк бор таклиф этилганини ҳам қўшимча қилиб қўйиш керак.
Навбатдаги йўқотиш эса Жасур Яхшибоев бўлиб чиқди. “Реал”га гол урган ҳужумчимиз аслида ўтган сафарги йиғинга таклиф қилинганди. Аммо Мадриддаги ўйинда жароҳатга йўлиққанидан кейин футболчи анча вақт даволанишига тўғри келди. Ниҳоят, Яхшибоев жароҳатидан қутулди ва терма жамоанинг ушбу йиғинига таклиф қилинди. Тўғриси, бу кутилаётган чақирув эди. Лекин Катанец навбатдаги йўқотиш сифатида айнан Жасур бўлишини умуман кутмаган бўлса керак. “Шериф” футболчиси терма жамоа ихтиёрига келди ва бир кун машғулотда қатнашди. Эртасидан эса жамоа лагерини тарк этди. Бу борада ЎФА матбуот хизмати шундай хабар қилди: “Хабарингиз бор, кеча Жасурбек Яхшибоев терма жамоа машғулотларига келиб қўшилган эди. У йиғинга эски жароҳати билан келган ва ўзини ноқулай ҳис қилган. Текширувлар натижасига кўра, унинг Грузияга қарши учрашувни ўтказиб юбориши маълум бўлди”.
Хуллас, юқорида келтирилган сабаблар туфайли Яхшибоев ҳам терма жамоа ихтиёрини тарк этди. Очиғи, унинг Грузия билан ўйинни ўтказиб юбориши кутилмаган хабар бўлди. Чунки ҳамма футболчини жароҳатидан фориғ бўлган деб ўйлагандилар ва шу жумладан биз ҳам. Қолаверса, ўзини нега ноқулай ҳис қилгани ҳам биз учун қоронғу. Балки бу Катанец учун ҳам жумбоқ бўлса керак-а? Афсуски, словениялик мураббий “Реал”га гол урган футболчимизни ҳамон ўз жамоасида синаб кўриш имкониятига эга бўла олмаяпти. Очиғи, Ашурматов, Умаров, Турсунов ва Яхшибоевнинг ўзиёқ биз учун жиддий йўқотишга айланиб улгурган бир пайтда бу ҳали ҳаммаси эмас экан. Чунки кеча терма жамоамизнинг яна бир ҳимоячиси, “Пахтакор” етакчиларидан бири Ҳожиакбар Алижонов ҳам жароҳати туфайли Грузияга қарши ўйинни ўтказиб юбориши эълон қилинди. Катанец Яхшибоев ва Алижоновнинг ўрнига бошқа футболчиларни таклиф қилишга улгурмади деб ўйлаймиз, чунки бугун терма жамоамиз Тбилисига жўнаб кетади.
Рости, тўрт кун ичида терма жамоамиз сафида шунча йўқотишнинг юз бергани бизни ўйлантириб қўйди. Шубҳасиз, Катанец учун ҳам бу ўйлантириладиган муаммога айланган. Нима учун термага керакли футболчилар жароҳат сабабли йиғинни тарк этишяпти? Яъни, уларнинг жароҳатлари шу қадар жиддийми? Нима сабабдан ўзларини ноқулай ҳис қилишади? Ёки уларга шифокорлар тарафидан керакли муолажалар кўрсатилмагандир? Балки мана шундай пайтда терма жамоанинг олдинги шифокори – Аброр Пирриевнинг йўқлиги яққол сезилиб қолаётгандир?! Хуллас, бу масалада саволлар бисёр. Катанец эса ушбу йиғинда ҳали Грузия билан ўйин бошланмасиданоқ таркиб масаласида ўзи истамаган ҳолда режаларини ўзгартиришига тўғри келяпти.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Шавкат Мирзиёев Ар-Риёд шаҳрига етиб борди (фото)
Рууд ван Нистелрой ва яна уч мураббий “Манчестер Юнайтед”ни тарк этди
"Майк Тайсон - Жейк Пол" бокс оқшомининг барча иштирокчилари билан танишинг
Нима учун айнан кузда кўпроқ киви истеъмол қилиш керак?
АҚШ Регистон майдони архитектурасини сақлаб қолиш учун 500 минг доллар ажратди