Хабарингиз бор, бугун Ўзбекистон миллий терма жамоаси Грузияга қарши ўртоқлик учрашувини ўтказади. Европа қитъаси вакиллари билан бўладиган ўйин олдидан рақибларимиз ҳақидаги қизиқарли маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Грузия терма жамоаси ҳақида қисқача
Грузия 1990 йилнинг 27 майида илк ўртоқлик учрашувида майдонга тушган. Грузинлар Литва терма жамоаси билан бўлган дебют баҳсида Грузия 2:2 натижасидаги дурангга имзо чекади.
бугунги рақибларимиз илк расмий ўйинини 1994 йилнинг 7 сентябрида ўтказган. Евро–96 доирасидаги саралаш учрашувларининг биринчисида Грузия Молдовияга кичик ҳисобда мағлубиятга учрайди.
Катта мусобақалар доирасидаги энг яхши натижа сифатида 1998-йилдаги жаҳон чемпионати саралашини келтириш мумкин. Ўша йили Грузия гуруҳда 10 очко жамғариб, Польша билан 3-ўринни бўлишиб олган эди. Айнан ўша йили терма жамоа ФИФА рейтингидаги ўзининг энг яхши натижасини (42-ўрин) қайд этган.
Жамоани бошқарган мураббийлар:
Терма жамоа тарихида энг кўп ўйин ўтказган футболчилар:
Терма жамоа тарихидаги энг яхши тўпурарлар:
Бугунги Грузия қандай кучга эга?
Катта эҳтимол билан рақиб иккинчи таркиб билан майдонга тушмайди. Жамоа бош мураббийи — Вилли Саньол сайтимиз учун берган интервюсида ҳам буни тасдиқлади.
"Ўзбекистон терма жамоасига қарши ўйнаш биз учун доим қизиқарли. Мазкур терма жамоа таркибида кўплаб ажойиб футболчилар мавжуд. Улар қайсидир маънода бизга ўхшаб ўйнашади. Аммо бутун дунёдаги футболдан биз ва уларнинг футболи бироз фарқ қилади, деб айтсам ҳам бўлади. Бизда ўзгача услуб мавжуд. Менинг футболчиларим учун олдиндаги учрашув жуда ҳам қизиқарли бўлиши кутиляпти, бунга ишонаман. Таркибда баъзи-бир ўзгаришларни амалга оширишим мумкин. Лекин Ўзбекистон терма жамоасига қарши ўйинда жамоамнинг энг кучли таркибини майдонга тушираман ва буни кўришни хоҳлайман".
У ўзи учун оптимал таркибни танлаб олиш учун имкон қадар асосий футболчиларнинг имкониятларини кўриб олиши шарт. Шу боис, терма жамоамизга қарши ўйинда "очиқ эшиклар куни" бўлишига йўл қўймайди.
Ўйин схемаси : 3–5–2 vs 4–2–3–1.
Грузия терма жамоаси сўнгги ўйинларда 3 та марказий ҳимоячи билан тўп сурмоқда. Бу Европа қитъасидаги аутсайдер жамоалар учун анча қулай схема. Уни вазиятдан келиб чиқиб 5–3–2, 5-4-1, 5–1–3–1 га айлантириш муаммо туғдирмайди. Рақиб устози замонавий футболда Аллегри, Сульшер ва Конте тарғиб этаётган схемадан фойдаланиб, асосий урғуни қанот футболчиларига қаратади.
Натижада, бизнинг классик 4–2–3–1 схемамиздаги айрим позицияларда тўп сураётган футболчиларга муаммо туғилиши аниқ. Биринчи навбатда қанот ҳимоячиларимиз 90 дақиқа икки фронтда (ҳужум ва ҳимояда) меҳнат қилиши шарт. Ортга қайтишга улгурмаса, қарши ҳужумни ўтказиб юбориш хавфи ошади. Ҳужумларга камроқ қўшилса, қанотлардаги грузин лотерияллари ортга қайтиб ҳужум уюштираётган футболчиларимизга бўш зоналар қолдирмайди. Натижада, ҳужумларимиз майдон марказидаёқ бузилиш эҳтимоли ортади.
Марказий ҳужумчимизга ҳам осон бўлмайди. У одатдагидек 2 ҳимоячига қарши эмас, 3 футболчи билан жарима майдончаси ичида кураш олиб бориши шарт. Бу вазиятда бизга қанотдаги вингерларнинг ёрдами зарур. Улар ҳужумларда фаол бўлса, рақиб мудофаасидаги 3 футболчи кенгроқ ўйнашга мажбур бўлади. Акс холда, улар ортиқча қийинчиликсиз олдинги чизиқдаги асосий қуролимизни зарарсизлантириши мумкин.
Замонавий футболда 3 ҳимоячи билан тўп сурувчи жамоаларни мағлубиятга учратишнинг турли йўллари мавжуд. Шунга қарамай, Сречко Катанец уларга мурожаат қилишига ишониш қийин. Унинг асосий вазифаси Грузияни мағлубиятга учратиш эмас, ўз ўйин услубини терма жамоага тезроқ сингдириш. Шундай экан, бугун классик схемалар тўқнашувини томоша қилиш имкониятига эгамиз. Баҳс олдидан Катанецда 5 нафар ҳимоячидан фойдаланиш имконияти бор, Бироқ катта эҳтимол билан бу амалга ошмайди. Сречко ўзидан аввалги икки мутахассис (Абрамов, Купер) сингари 4 ҳимоячи билан тўп суради. Бизнинг футболчилар айнан шу схемада ўзини яхшироқ ҳис этади. Словениялик мураббий илк учрашувларидаёқ футболимизда инқилоб қилмоқчи эмаслигини маълум қилганди. Боз устига, марказий ҳимоядаги муаммоларимизни беркитмай туриб, 3 та мудофаа вакилидан фойдаланишнинг имкони йўқ. Бу вазиятда Катанец таянч ярим ҳимоячиларини орқароқ ҳаракат қилишини талаб этиши керак. Бошқачасига, рақибнинг марказдаги прессингини енгиб ўтишнинг имкони йўқ.
Грузиянинг асосий қуроли қанотлар бўлади. Шундай экан, асосий таркибда майдонга тушувчи вингер ва қанот ҳимоячиларимиз ўйиндаги муҳим фигурага айланса, ажаб эмас. Соддароқ қилиб айтсак, қайси жамоа қанотидаги футболчилар яхшироқ ҳаракат қилса, ўша жамоа ғалабани илиб кетиш имконияти икки ҳисса ортади.
Футболчиларнинг даражаси бир-бирга яқин. Бундай вазиятларда мураббий фактори биринчи планга чиқади. Словениялик мутахассисни маҳоратига баҳо бериш имкониятига эгамиз. Швеция билан ўйинда Катанец термадаги футболчиларнинг имкониятини тўлиқ баҳолаган эди. Энди, улардан тўғри фойдалана олишини намойиш этиши шарт.
Бизга нима қўл келиши мумкин?
Биринчи навбатда аниқ узатмалар. Ҳар бир йўқотилган тўп, терма жамоамизни катта куч билан ҳимояланишга мажбур қилади. Рақиб, нафақат қарши, балки позицион ҳужумда ҳам яхши ҳаракат қилишга қодир. Аввалги ўйинлардан келиб чиқиб хулоса қилсак, Грузия бизни майдон марказидаёқ кутиб олади. Шу боис, ярим ҳимоячиларимиз кучли босимни енгиб ўтиш учун майда паслардан фойдаланиши шарт. Узоқ масофага иккинчи қаватдан ташлаб бериладиган паслар ҳам зарар қилмайди. Бу ўйин темпини ошириши ва рақибни мудофаада камчилик эканлигидан фойдаланиш учун яна бир имконият.
Афсуски, соф плэймейкеримиз йўқлиги боис, марказда муаммоларга дуч келишимиз мумкин. Креатив узатмалар рақибни марказдаги босимини енгиб ўтишимизда қўл келиши аниқ эди. Катта эҳтимол билан, Икром Алибоев бу ишни ўз зиммасига олади. Таркибга эътибор бериб қарасак, бу позицияни эгаллашга бошқа номзод кўринмаяпти.
Шунга қарамай, бу камчиликни ёпиб кетиш имконияти "оқ бўрилар"да мавжуд. Бунинг учун майдонда рақибдан кўра тезроқ ҳаракатланиш зарур. Грузия терма жамоаси бош мураббийи — Жаноб Саньол ҳам айнан шу омил унинг эътиборини тортганини маълум қилди:
"Биз Ўзбекистоннинг Швеция термасига қарши ўтказган ўйинини кўриб чиқдик. Амин бўлдикки, Ўзбекистон — кучли жамоа. Айниқса, уларда ҳужумга ўтиш жараёни жуда яхши йўлга қўйилган. Бу борада ўйинчилар тез ҳаракат қила оладилар. Ўйлайманки, бўлажак учрашувда менинг жамоам эҳтиёт бўлади ва бунга қарши ҳаракат қила олишади."
Ўртоқлик ўйини бўлишига қарамай, баҳс кўпчиликнинг эътибор марказида турибди. Икки жамоанинг ҳам ўзига хос кучли жиҳатлари мавжуд. Шунчаки, бу устунликларни таблода акс эттириш керак холос.
Учрашув учун тахминий таркиб:
Ўзбекистон: Суюнов, Сайфиев, Қобилов, Абдуллаев, Ҳошимов, Шукуров, Аброр Исмоилов, Алибоев, Ҳамдамов, Машарипов, Шомуродов:
Грузия: Лория, Хочолава, Лошочивили, Какабадзе, Азаров, Квеквескири, Лобжанидзе, Кварацхелия, Цитаишвили, Волков, Давиташвили.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Шавкат Мирзиёев Ар-Риёд шаҳрига етиб борди (фото)
Рууд ван Нистелрой ва яна уч мураббий “Манчестер Юнайтед”ни тарк этди
"Майк Тайсон - Жейк Пол" бокс оқшомининг барча иштирокчилари билан танишинг
Нима учун айнан кузда кўпроқ киви истеъмол қилиш керак?
АҚШ Регистон майдони архитектурасини сақлаб қолиш учун 500 минг доллар ажратди