2 188
Любинко Друлович Сербия билан мундиалга чиққани ва ўзбек футболидаги асосий муаммо ҳақида нима деганини биласизми?
Яқинда Сербия миллий терма жамоаси орзусига эришиб, 2022 йили Қатар мамлакатида ўтказиладиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди ва бахтли терма жамоалар қаторидан жой олди.
Биз учун қизиғи шундаки, ушбу терма жамоада илгари Ўзбекистон олимпия терма жамоасига устозлик қилган Любинко Друлович ишлаяпти. Шу боис у ҳам энди бахтли мураббийлардан бирига айланди.
Ёдингизда бўлса, Друлович олимпия терма жамоамиз билан Олимпиада мусобақасига чиқа олмаганди. Аммо энди у Сербия терма жамоаси билан Қатардаги мундиал иштирокчисига айлангани Любинконинг фаолиятида янги саҳифа очиши аниқ. Куни кеча Sports.uz мухбири Друлович билан суҳбатлашди.
- Аввало, сизни ва Сербия терма жамоасини жаҳон чемпионатига чиққанинглар билан табриклайман. Бу ишни қандай уддаладинглар?
- Табригингиз учун каттакон раҳмат. Сербия учун бу ростдан ҳам жуда қадрли ютуқ. Европанинг энг яхши 10 жамоаси орасида жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш албатта биз учун ўта муҳим ғалаба ҳисобланади. Биз биринчи ўйиндан то охирги ўйингача ўзимизнинг энг кучли тарафларимизни намойиш этишга ҳаракат қилдик. Айниқса, Лиссабонда Португалияга қарши сўнгги беллашувда жамоамиз ўзининг энг чиройли ўйинларидан бирини намойиш эта олди ва тарихга кирди.
- Сербия терма жамоасида қачондан иш бошладингиз ва у ердаги асосий вазифангиз нимадан иборат?
- Мен Сербия миллий терма жамоасидаги ишимни август ойида бошлаганман. Мени миллий жамоа бош мураббийи – Драган Стойкович ёрдамчи мураббийликка таклиф қилди. Драган Стойкович кўплаб нашрларнинг талқинига кўра, Сербия тарихидаги энг зўр футболчи сифатида қаралади. Мен эса август ойида ушбу таклифни қабул қилганман. Катта мамнуният билан ёрдамчи мураббий сифатида ўз фаолиятимни бошладим.
- Тўғриси, Сербия терма жамоаси бош мураббий масаласида бизда иккита вариант бор эди...
- Бундан олдин ҳам таъкидлаб ўтганимдек, бу миллий терма жамоа тарихидаги энг кучли футболчиларидан бири. Унда доимий тарзда етакчилик хусусияти бор. Унда катта харизма ҳам бор деб айта оламан. Футболчи бўлган даврида ўзини ҳақиқий сардорлардек тута оларди. Бугунги кунда эса мураббий. Терма жамоанинг ғалабасидаги энг катта ҳисса айнан Драган Стойкович зиммасига тўғри келади деб ҳисоблайман.
- Сербия ҳал қилувчи ўйинда Португалияни мағлуб этди. Сиз у ерда кўп йиллар давомида тўп сургансиз ва миллий жамоасини яхши биласиз. Демак, сиз рақибни қандай енгишни билгансиз?!
- Биз жуда яхши ўйин намойиш этдик. Португалия билан баҳсда статистиканинг ҳар бир қисмида рақибдан устун келдик ва ҳақли равишда ғалабага эришдик деб ўйлайман. 14 ноябрь Сербия футболи тарихига катта, олтин харфлар билан ёзиб қолдириладиган бўлди.
- Сербия президенти терма жамоанинг жаҳон чемпионатига чиққани муносабати билан футболчиларга бир миллион евродан бонус берибди. Аммо ўйинчилар бу пулларни касал болаларга берганини эшитдим. Бу ростми ва нима учун?
- Ҳа, айтиб ўтган гапингиз тўғри. Президент жамоа аъзоларига катта совғаларни тақдим этди. Лекин футболчилар ушбу маблағни тўлиқлигича Сербиянинг касалхоналарида ётган болаларга сарфлашни, хайрия қилишни афзал кўришди. Ўйлайманки, бу миллий жамоа ҳисобидан ушбу болажонларга катта совға ва хайрия бўлди.
- Сиз бизга ҳам жаҳон чемпионатига қандай боришни ўргатинг! Чунки Ўзбекистонга бу борада сира омад кулиб боқмаяпти. Бу вазиятда нима деб ўйлайсиз?
- Биласизми, миллий жамоага келганимда бу ерда катта ўзгаришлар жараёни бошланганди. Бутун таркиб алмаштириб юборилди. Янги жамоада ажойиб муҳит ҳукмронлик қилмоқда. Шу томонлама жамоа руҳий ва жисмоний жиҳатдан барча курашга тайёр. Шунинг учун ишимизда сифат кўзга ташланмоқда. Айнан мана шу сифатлар сабаб биз ажойиб бўлган натижага эриша олдик.
- Ўзбек футболидаги асосий муаммо сифатида нимани айтган бўлардингиз?
- Мен Ўзбекистонда бир қатор иқтидорли футболчилар борлигини биламан. Олимпия терма жамоасини бошқарган давримдан буён у ерда қандай салоҳиятли футболчилар борлиги ҳақида яхши маълумотга эгаман. Ҳозир ўша футболчиларнинг кўпчилиги асосий жамоада ўйнаяпти. Улар учун мен жуда хурсандман. Улар ўзбек футболининг равнақи учун ўз ҳиссаларини қўша олишяпти. Ўзбек футболини ривожлантириш учун менинг назаримда яхлит база – яъни, миллий жамоалар базасини шакллантириш керак. Алоҳида бир спорт маркази қуриш керак, миллий жамоалар учун. Миллат жамоасининг ривожланишида келажакка катта ёрдам берган бўларди. Асосий база мавжуд бўлмас экан, назаримда у қадар катта ўсиш бўлмайди.
- Қатардаги жаҳон чемпионатига тайёргарлик режаси қай тариқа амалга оширилади?
- Энди бизда бир йил жаҳон чемпионатига жиддий тайёргарлик кўриш учун вақт бор. Бунинг учун ўртоқлик ўйинлари, миллатлар лигаси ва назорат ўйинлари орқали имкон қадар тайёрланамиз. Ишонаманки, Қатардаги жаҳон чемпионатига биз ҳақиқий кучли жамоа сифатида катта натижаларни кўзлаб бора оламиз. Ўзбекистондаги барчага саломларимни етказасиз, айниқса, менинг дўстларимга.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Олимпиада ғолибларини тайёрлаган тошкентлик ўқитувчи 1 миллиард сўм мукофот пули олди
Исроил ҲАМАС ва “Ҳизбуллоҳ” ракеталарини лазер қуроли билан уриб туширмоқчи. У қандай ишлайди?