“Сўғдиёна” жамоасининг мавсумни “Пахткор”дан кейин 2-ўринда тугатгани эътиборга молик воқеаларидан бири бўлди.
Тан олиш керак, чемпионат бошида кўпчилик жиззахликларнинг бундай натижасини кутмаганди. Аммо Улуғбек Бақоев ва унинг жамоаси буни уддалади. Жамоа ҳужумчиси Шохруз Норхонов эса 10 та гол билан “Сўғдиёна”нинг тўпурарига айланди.
- Шохруз, авваламбор сизни ва жамоани чемпионатда кумуш медал қўлга киритилгани билан табриклайман. Бу “Сўғдиёна” учун катта сакраш бўлди. Ростини айтинг, мавсум аввалида ушбу натижани кўрсатишингларга ишонганмидингиз?
- Мавсум бошида олдимизга совринли ўринни олишни бош мақсад қилиб қўйгандик. Ниятимиз холис бўлган экан, охирида ўзингиз кўрдингиз, мақсадимизга эриша олдик. Тўғри, чемпионат охирларида қимматли очколарни бой бериб қўйдик. Лекин шунда ҳам биз курашдан тўхтамадик.
- Биринчи даврада гол уриш борасидаги сермаҳсуллигингиз анча салмоқли бўлди. Аммо иккинчи даврада адашмасам учта гол урдингиз. Бунга нима сабаб бўлди ёки иштиёқингизга нимадир таъсир кўрсатдими?
- Тўғри айтдингиз, мавсум боши мен учун жуда яхши бошланган эди. Кейин эса ўрталарига келиб бироз пасайиш кузатилди. Бунинг сабаби эса фақат ўзимда деб ўйлайман.
- “Сўғдиёна” клуби иккинчи ўринни эгаллаганидан кейин Осиё Чемпионлар лигаси саралашида иштирок этиши кутилаётганди. Аммо бунинг учун Ўзбекистон Кубоги финалида “Пахтакор” “Насаф”ни мағлуб этиши керак эди. Бироқ бундай бўлмади. Шуни ҳисобга олганда, “Насаф”нинг кечаги ғалабасидан хурсандмисиз ёки аксинча?!
- “Насаф” клуби кеча ҳақли равишда ғалаба қозонди. “Насаф”нинг халқаро майдонда тўп суриш тажрибаси юқорироқ. Мен бу жамоанинг финалдаги ғалабасидан хафа бўлганим йўқ. Уларга плей-офф ўйинида ҳам омад тилайман.
- Энди вазият шундайки, “Сўғдиёна” ОФК Кубогида иштирок этиши мумкин. Аммо бунинг учун “Насаф” Осиё Чемпионлар лигаси саралашидан ўтиб гуруҳ босқичига чиқиши керак. Шунда “Сўғдиёна” ОФК Кубогида ўйнайди, акс ҳолда бундан ҳам қуруқ қолиши мумкин. Бу жиҳат кайфиятингизга таъсир қиляптими?
- “Насаф”нинг плей-оффда қандай натижа кўрсатишидан қатъий назар уларга омад тилайман. Балки ғалаба қозониб, Ўзбекистонга яна бир квота тақдим этар.
- Ёдимизда, сизга чемпионат бошида ҳам яхши таклифлар бор эди. Аммо бир йил яна Жиззахда қолишни маъқул топдингиз. Мана, ўша муддат ҳам тугади ва янглишмасам, шартномангиз ҳам тугаяпти. Энди режангиз қандай? “Сўғдиёна”да қоласизми ёки кетасизми?
- Ҳа, тўғри. Йил бошида бошқа клублардан таклифлар бор эди. Лекин “Сўғдиёна”да қолишни маъқул кўргандим. Жамоа билан тарихга кирганимиздан хурсандман. Клубда қоламанми? Ҳали бу ҳақида гаплашмадим, ҳозирча номаълум.
- Эшитишимча, сизга четдан ҳам яхши таклифлар бор экан. Сир бўлмаса, қаердан ва қандай таклифлар бўляпти?
- Тўғри, мен учун хориж клубларидан таклифлар йўқ эмас. Лекин ҳали ҳеч нима аниқ бўлмаган. Ҳаммаси маълум бўлганида билиб оларсиз.
- Шохруз, мавсум якунлари бўйича энг яхши уч нафар мураббий ва футболчиларни айта оласизми?
- Мураббийлардан Улуғбек Бақоев, Рўзиқул Бердиев ва “Локомотив”ни бошқарган Микаэль Секейра. Футболчилардан эа Драган Черан, Хусайн Норчаев ва Муҳаммаданас Ҳасанов.
- “Сўғдиёна” таркибида бу йил энг яхши ўйинчи деб кимни айтган бўлардингиз?
- “Сўғдиёна” сафида ушбу мавсумда энг яхши футболчи – бу Милан Митрович бўлди.
- Улуғбек Бақоевга қандай таъриф берасиз? У майдонда ва майдондан ташқарида қандай?
- Бақоев агрессив мураббийлар қаторига киради. Бу мураббийни охиригача курашиш хусусияти бор. Ўзининг тактикасини ҳам ўйинчиларига жуда яхши сингдира олади. Унинг шу жиҳатлари ҳам кучли деб ўйлайман.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Ўзбекистонлик MMAчилар жаҳон чемпионатида биринчи ўринни эгаллашди