Кучли, юқори савияли ва ўз ишининг устаси бўлган футболчилар ҳар қандай қудратли жамоанинг асосий қуроли ҳисобланади. Бу қурол иш бериши учун ўйинчиларни бир жамоа сифатида бирлаштирадиган, мақсад сари етаклаб, қандай ғалаба қозониш кераклигини ўргатадиган бош мураббийдир.
Яна гранд клублар сафига қайтмоқчи бўлаётган “Рома” ўз мақсадига Жозе Моуриньо ёрдамида етишмоқчи. Португалиялик мутахассисга ҳамма футболчиларнинг ўйини ҳам ёқавермайди. Аввал ишлаган клубларида бир қатор юлдузларни чиқиштирмагани, ўйнатмагани, ҳайдаганининг гувоҳи бўлганмиз.
“Рома”ни қабул қилиб олганидан кейин Моуриньо ёзги трансферлар вақтида кўзга кўринган учта трансферни амалга ошириб, Англия чемпионатидан дарвозабон Руй Патрисио, ҳужумчи Тэмми Абрахам, А Сериянинг ўзидан Элдор Шомуродовни олди.
Жозе бу ўйинчилар жамоани кучайтириш учун эмас, балки заиф ва бўш нуқталарни ёпиш учун олинганини бир неча бор таъкидлади.
Моуриньо “Рома” хўжайинларини юқори ўринлар ва нуфузли совринларга даъво қиладиган жамоа ишни катта трансферлардан бошлаши кераклигига ишонтирди. Гарчи унинг ўзи яқинлашиб келаётган қишки трансферлар вақтида зўр футболчиларни харид қилиш мушкул масала эканини таъкидлаган бўлса-да, клуб спорт директори Тьяго Пинто бир неча чарм тўп усталари билан алоқа ўрнатишни бошлаб юборди.
Хўш, “Рома” қайси футболчиларга оғиз солмоқда?
Италиянинг нуфузли La Gazzetta Dello Sport нашри римликлар биринчи навбатда ҳимоя ва майдон марказини кучайтиришини таъкидлаяпти. Манбанинг маълум қилишича, Моуриньо ҳимоя чизиғига Макс Ааронс (21 ёш, “Норвич Сити”), Бенжамин Хенрикс (24 ёш, “РБ Лейпциг”), Маркус Холмгрен Педерсен (21 ёш, “Фейеноорд”) ва Диогу Далот (22 ёш, “Манчестер Юнайтед”) каби ўйинчиларни таклиф қилмоқчи.
Майдон марказига чақирилаётган ўйинчилар орасида Бундеслига вакиллари – Корентин Толиссо (27 ёш, “Бавария”) ва Флориан Гриллич (26 ёш, “Хоффенхайм”) бор. Ҳар икки ўйинчи мавсум охирида эркин агентга айланиши уларнинг харидорлари кўпайишини таъминламоқда. Бу рўйхатга “Бавария”да ишлари юришмаган испаниялик Марк Рокани қўшиш мумкин. 2020 йил октябрида мюнхенликлар сафига қўшилган ўйинчи шу пайтга қадар беш марта майдонга тушди. Гарчи узоқ муддатли шартномаси бўлса ҳам, “Бавария”га умуман керак эмас.
Шу ўринда, Жозе Моуриньо анча олдин нишонга олган, бироқ трансферини амалга ошириш жуда мушкул бўлган ўйинчилар ҳам бор. Хусусан, “Рома” биринчилардан бўлиб Денис Закарияга эътибор қаратганди. Римликлар швейцариялик ярим ҳимочининг ёзда эркин агентга айланишини кутмасдан, харажат эвазига бўлса-да, уни январда қўлга киритмоқчи эди. Трансферларга масъул Тьяго Пинто Мёнхенгладбахнинг “Боруссия”сига ярим мавсум учун 5 миллион евро компесация ва Закарияга 4-4,5 миллион евро йиллик маош таклиф қилган бўлса-да, улардан жавоб бўлмади. Бунга истеъдодли ярим ҳимоячига Европанинг бугунги кундаги энг қудратли клубларидан чорлов бўлаётганини сабаб қилиб кўрсатиш мумкин. “Рома” улар билан рақобатлаша олмаслиги боис, курашдан чиқди.
Моуриньо орзусидаги яна бир футболчи – “Порту” вакили Луис Диас. Аввалига Португалия жамоаси мавсумда тўпурарлик қобилиятини намойиш қилиб келаётган ҳужумкор футболчини қўйиб юборишни истамади. Бироқ, “Порту” Европа чемпионлар лигасининг плей-офф босқичига чиқа олмагач, клуб раҳбарияти бозори қайнаб турган ўйинчини сотиб юборишга рози бўлди.
“Рома”да худди Денис Закария каби Луис Диасни олиш имкони жуда паст. Чунки истеъдодли футболчига Англия премьер-лигасининг бир неча жамоалари кўз тикмоқда. Хусусан, истеъдодли ижрочиларни кўздан қочирмайдиган Юрген Клопп колумбиялик вингерни “Ливерпуль”га олиб келиш ҳаракатига тушиб қолган.
Моуриньо назарига тушган яна бир номи чиққан футболчи Анхель Корреадир. “Атлетико” етакчиси жорий мавсумда 16 та учрашувда тўртта гол уришга эришди. Аргентиналик ярим ҳимоячини “Милан”, “Наполи” ва “Ювентус” ҳам синчковлик билан кузатиб боряпти.
- Трансфер бозорида нималарга эътибор қаратишни, бизга кимлар кераклигини биламиз. Январдаги трансферлар ёзгисидан фарқ қилади. Асосийси, биз Чемпионлар лигасига чиқишимизга ишончни йўқотмадик, - деди Тьяго Пинто.
Дарҳақиқат, “Рома” ўзи кўзлаган барча футболчиларни Римга олиб келолмаслиги табиий ҳол. Бироқ, клуб раҳбарияти Моуриньонинг ғояларини маъқуллаётгани ва трансферларда уни қўллаб-қувватлаётгани муҳимдир. Зеро, Элдор Шомуродов ҳурматидан “Рома”га мухлислик қилаётган эканмиз, легионеримиз бу жамоа билан турли ютуқларни қўлга киритишини истаймиз. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
АҚШ ва Россия Исроил ҳамда “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги келишувда воситачи бўлади