22:40 / 22.12.2021
2 549

Вильянуэва «Бунёдкор»даги маоши, Сколарининг адолатсизлиги ва нега кетгани ҳақида

Вильянуэва «Бунёдкор»даги маоши, Сколарининг адолатсизлиги ва нега кетгани ҳақида
Фото: Бунёдкор
Ўзбек футболини кўп йиллардан бери кузатиб келаётганлар «Бунёдкор»нинг юлдузли даврларини яхши эслашса керак. 2008-2010 йилларда Зико ва Сколари сингари дунёнинг энг машҳур мураббийлари билан бир қаторда жуда кўплаб юқори даражали легионерлар Ўзбекистон биринчилигида ўйнашган эди. «Қалдирғочлар»нинг ашаддий мухлислари ҳамон чилилик Хосе Луис Вильянуэвани ажойиб тўпурар сифатида эслашади. Tribuna.uz ҳозирда футбол шарҳловчисига айланган «Бунёдкор»нинг собиқ футболчиси билан боғланиб, эксклюзив интервью ташкил қилди.

«Ўзбекистон фуқаролигини олиб, миллий жамоасида ўйнашни жуда истагандим»

- Салом, жаноб Хосе, Ўзбекистондан саломлар! Ушбу давлат номини эшитганингизда энг аввал нималар кўз ўнгингиздан ўтади?

- Сизга ҳам саломлар! Ўзбекистон ҳақида эшитганимда доим қувончли дамларни эслайман. Яна ўша ажойиб мамлакатга қайтиш истаги уйғонаверади. Ҳа, ҳозирда у ерга бориш мен учун анчайин мушкул. Лекин Ўзбекистон менинг хотирамда жуда яхши таассуротлар билан қолган.

Мен Чили миллий жамоаси сафида бир нечта учрашув ўтказганман. Аммо Ўзбекистон фуқаролигини олиб, ушбу давлат миллий жамоаси сафида ўйнашни жуда истагандим. Ўша йилларда буни жуда ҳам хоҳлар эдим.

Фото: José Luis Villanueva
- Ўзбекистонга қай тариқа келиб қолгансиз?
- Мен «Қурувчи» («Бунёдкор»)нинг «Барселона» билан ҳамкорлик лойиҳаси доирасида Ўзбекистонга келганман. Каталонияликларнинг Лотин Америкасидаги вакили мени тошкентликларга таклиф қилган ва мен шу тариқа Ўзбекистон чемпионатига келиб қолганман.

- Ҳозирда нималар билан бандсиз?
- Айни пайтда «ESPN Chile»да фаолият олиб бораман. Ушбу каналда футбол беллашувларини шарҳлайман. «Pauta» радиоканалида ҳам эксперт сифатида ишлайман. Бундан ташқари, спорт мусобақаларини ташкиллаштириш ва транспорт хизматларини амалга оширувчи корхонам бор. Мураббийлик қилишим ҳам мумкин, лекин ҳозирда ҳеч бир жамоада ишламайман. Профессионал жамоаларни бошқариш ниятим кучли.

«Қосимов ўрнига Зиконинг келиши ҳаммасини остин-устун қилиб юборганди»

- «Бунёдкор»даги жамоадошларингиздан қайсиларини эслаб қолгансиз?

- Азиз (Ҳайдаров), Копа (Темур Кападзе), Сервер (Жепаров), Пардаев (Баҳодир), Карпенко (Виктор), Жасур (Ҳасанов), Ғофуров (Анвар), Каримов (Хайрулла) ва яна кўпчиликни эслашим мумкин. Барчалари билан жуда ажойиб дамларни бошдан ўтказганман ва барчаси ҳақида ёқимли хотираларим бор.

Фото: HasanPirmuhamedovHP
Ўша даврда мен билан тўп тепган жуда кўплаб футболчилар юқори сифатли ижрочилар бўлган. Деярли ҳар бир жамоадошим Европа клубларида муаммосиз ўйнаб кета олган бўларди, назаримда. Менга айниқса Жасурнинг ўйини ёқарди. Жуда тезкор ва техникаси кучли эди. У менинг жуда кўплаб голларимга ассистентлик қиларди.

- Ҳозир ҳам ўзбек футболини кузатиб турасизми?
- «Бунёдкор»нинг натижалари, ўйинларини доим кузатиб боришга ҳаракат қиламан. Бундан аввал айтиб ўтганимдек, у ердаги дўстларимни жуда ҳам яхши кўраман. Лекин билишимча, ҳозир ушбу клуб Ўзбекистон чемпионатининг энг кучли жамоалари қаторига кирмайди. Айни вақтда «Пахтакор», «Насаф» ва «Сўғдиёна» энг яхши натижаларга эришаётганидан хабардорман.

- Осиё Чемпионлар Лигаси яримфинали олдидан бош мураббий Миржалол Қосимов ўрнига Зико бош мураббий этиб тайинланган ва жамоа «Аделаида»га мағлуб бўлганди. Ўшанда мураббийнинг алмаштирилиши қанчалик тўғри бўлганди, деб ўйлайсиз?
- Жуда ғалати ҳолат бўлганди. Ростдан ҳам, ҳал қилувчи босқичлардан бирига Қосимов билан келгандик ва Зиконинг келиши барчамизни ҳайратда қолдирганди. Менимча, бу футболчиларнинг руҳий ҳолатига жиддий таъсир кўрсатган. Биз ўз мураббийимизга ишонардик. У жамоани қандай руҳлантиришни ва қандай ўйнатишни жуда яхши биларди. Ҳа, Зико кучли мутахассис. Унинг бошқарувида футбол ўйнаш ҳар қандай футболчи учун фахр туйғусини бахш этади. Лекин айнан ўша вазиятда унинг жамоага мураббий этиб тайинланиши тўғри эмасди. Бу барчасини остин-устун қилиб юборган.

Ривалдо билан муносабати, Ўзбекистонга қайтиш варианти ва маоши ҳақида

- Ривалдо билан ўртангизда келишмовчиликлар бўлгани ҳақида миш-мишлар юради…
- Йўқ, бундай бўлмаган. Ҳеч қачон Ривалдо билан конфликтга бормаганман. У билан жуда яхши чиқишардик. Бир неча маротаба таътил вақтида унинг уйида меҳмон ҳам бўлганман. У билан ўртамизда ҳеч қандай муаммо бўлиши мумкин эмасди.

- Биламизки, «Бунёдкор» ўша вақтларда ўз футболчиларига жуда катта пул тўлаган. Тошкент клубида олган маошингиз фаолиятингиздаги энг каттаси бўлганми?
- «Бунёдкор» менга жуда кўп пул тўлаган, демаган бўлардим. Бундай бўлмаган. Маош масаласи шахсий сир, лекин ишонтириб айта оламанки, Ўзбекистонда ишлаб топган пулим фаолиятимдаги энг яхшилари қаторида бўлмаган.

- Қайтиш учун имкон бўлмаганми?
- Йўқ, ҳеч қачон Ўзбекистонга қайтиш учун аниқ таклиф бўлмади. Агар шундай таклиф берилганда, иккиланиб ўтирмай, Тошкентга учган ва бундан жуда хурсанд бўлардим.

Сколарининг кутилмаган қарори, Шомуродов ва шарҳловчига айлангани ҳақида

- Нега кетгандингиз? Қолиш учун имконият бўлганми?
- Очиғи, мени Ўзбекистонга боришга ҳам, бу ердан кетишга ҳам мажбур қилишган (кулади). Собиқ клубим раҳбари агар «Бунёдкор»га ўтмасам, бошқа ҳеч қайси клубда ўйнай олмаслигимни айтганди ва мен бу ерга келганман. Лекин тез орада ушбу клуб менга жуда ёқиб қолди. Тошкентга келгач, биринчи ўйиним «Пахтакор»га қарши ўтди ва гол уришга эришдим. Ўшанда тушуниб етдимки, бу клуб мен учун аталган. Кетишни ҳам хоҳламагандим. Лекин Сколари ўрнимга бразилиялик легионер олмоқчи бўлган. Ўшанда жуда ҳайратда қолганман. Чунки, Луис Фелипе мени яхши кўрадиган ва «Бунёдкор»да эканлигимдан жуда хурсанддек кўринарди.

Мухлислар ҳам мени жуда ёқтиришарди, назаримда. Менимча, клуб Луизао, Ривалдо ва мен билан анча кучлироқ бўлган. Фақат 3та легионерга рухсат бериларди ва жамоамиздаги кўплаб маҳаллий футболчилар ҳам юқори даражали ижрочилар бўлган. Ўша вақтларда биз ОФК Чемпионлар Лигасининг фаворитлари қаторида эътироф этилардик. Энг ҳайратланарли ҳолат, Сколари мени 2009 йилги ОЧЛ учун рўйхатга қўшмаганида содир бўлганди. Чунки, бундан олдинги мавсумда мен жамоанинг асосий тўпурари бўлгандим. Голларим жамоанинг яримфиналга етиб боришига катта ёрдам берганди, деб ўйлайман. Менинг ўрнимга жамоага олиб келинган ҳимоячи ва лотераллар «Бунёдкор»га қанчалик керак эди — билмайман. Лекин легионер ҳужумчи ўрнига ҳимоячи олиб келишдан ҳеч қандай мантиқ йўқ эди.

Фото: Видеодан кадр
- Жаноб Хосе, Европа майдонларида тўп тепаётган ўзбек футболчиларини биласизми?
- Юқорида айтиб ўтганимдек, «ESPN Chile»да футбол шарҳлайман. А Серия беллашувлари вақтида Элдор Шомуродов иштирокидаги учрашувларни жуда кўп маротаба кузатганман. У менга жуда рақобатбардош ва голни сезадиган ҳужумчи сифатида яхши таниш. Элдорни «Женоа»да ўйнаган пайтларидан бери кузатаман.

Менимча, у ўзбек футболчилари орасида энг ажойиб фаолият ўтказаётганларидан ва ўзига бўлган ишончи орқали яна кўп нарсаларга эришиши мумкин. Унинг амакисини (Илҳом Шомуродов) жуда яхши эслаб қолганман. Менга елкадош бўлиб футбол ўйнаган инсоннинг яқини шундай кучли футболчи бўлиб етишганидан жуда ҳам хурсандман. Элдорни «Машъал»да юрган кезларида ҳам бир марта кўргандим.

«Темур Кападзе Ўзбекистонга таклиф қилганди»

- Ўзбекистондаги ҳаётингиз ҳақида яна нималарни эслайсиз?
- Палов менга жуда ёқиб қолганди. Чилида паловга ўхшаш мазали таомни учрата олмайсиз. Ўзбекистонда фаолият олиб борган кезларим ўзига хос рацион билан бизга палов беришарди. Биз ош ейдиган кунимизни кутар эдик.

Тошкент бозорларини айланиш, оилам билан мева-сабзавот харид қилишни ёқтирардим. У ерда сотувчилар билан мева нархларини талашишнинг ўзига хос гашти бор эди. Оиламдагилар ҳам ўша вақтларини жуда хурсандчилик билан эслашади. Тошкентда яшаган вақтларимиз биз учун энг қувончли дамлар сифатида эсда қолган.

Фото: Бунёдкор
- Футбол мутахассиси сифатида сизнинг фикрингиз биз учун қизиқ: «Олтин тўп»нинг Мессига берилиши тўғримиди?
- Бу йилги совринга Роберт Левандовски ҳақли эди. Лекин Лионель Мессига «Олтин тўп»нинг берилиши нотўғри бўлгани йўқ. У ҳам яхши йилни ўтказа олди.

- Ўзбекистонлик футбол мухлисларига тилакларингиз…
- Футбол мухлисларига Ўзбекистонда бирга ўтказган ажойиб дамларимиз ва ҳар бир дақиқада мени қўллаб-қувватлаганлари учун раҳмат айтиб қоламан. Бир муддат аввал, Кападзе билан гаплашгандим. У мени афсоналар ўртоқлик учрашувига таклиф этганди. Мени қизиқтираётган нарсалардан бири севимли клубим «Бунёдкор»нинг замонавий стадионини кўриш. Ўзим кўплаб унутилмас голларни урган эски стадионимизни ҳам соғинганман. Қайтишни, қўллаб-қувватлашингизни яна бир бор туйишни жуда ҳам истаган бўлардим.

Абдулвосид Валихонов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Вильянуэва «Бунёдкор»даги маоши, Сколарининг адолатсизлиги ва нега кетгани ҳақида