08:11 / 29.12.2021
1 284

Нодирбек Абдусатторов шахмат бўйича жаҳон чемпионига айланди

Нодирбек Абдусатторов шахмат бўйича жаҳон чемпионига айланди
Фото: МОҚ
Польша пойтахти Варшавада шахматнинг рапид ва блиц йўналиши бўйича Жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда. 28 декабрь, сешанба куни рапид йўналишида ғолиблар аниқланди.

Тайбрейкка қадар борган мусобақада ўзбекистонлик Нодирбек Абдусатторов ғолибликни қўлга киритди. Нодирбек ва уч нафар шахматчи Магнус Карлсен, Ян Непомняший, Фабиано Каруана 13 тур якунларига кўра 9,5 очкодан тўплади. Шундан сўнг ғолиб номини аниқлаш учун тайбрейкка мурожаат қилинди.

Тайбрейкда Абдусатторовга россиялик Ян Непомняший рақиблик қилди. Абдусатторов дастлабки раундни қора доналарда ўтказди ҳамда унда дуранг қайд этилди. Кейинги партияда ўзбекистонлик шахматчининг қўли баланд келди.

Скрин: YouTube
Шу тариқа Нодирбек Абдусатторов 17 ёшида рапид йўналиши бўйича жаҳон чемпионига айланди.

Нодирбек 10-турда 5 карра жаҳон чемпиони Магнус Карлсенни мағлубиятга учратганди. Шундан кейин кетма-кет 3 турда дуранг натижа қайд этди: 13-турда мезбон Ян Кшиштоф билан кучлар тенг келган бўлса, 11-турда россиялик Владимир Федосеев, 12-турда эса ҳиндистонлик Гукеш Доммаражуга қарши қийин ўйинлар ўтказиб, сўнгги дақиқаларда вазиятни ўнглади ва дурангга эришди.

Абдусатторов ундан аввалги турларда Фабиано Каруана, Левон Аронян, Радослав Войташек, Борис Гелфандни мағлуб этди, Ян Непомняший ва Александр Гришукга қарши баҳсларда эса муроса йўлини танлади.

Маълумот учун, очиқ Жаҳон чемпионатининг умумий соврин жамғармаси 1 миллион долларни ташкил қилади. Блиц йўналишидаги баҳслар 29—30 декабрь кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Нодирбек Абдусатторов 2017 йилда, 13 ёшида гроссмейстерлик унвонини олган. 2021 йил январь ҳолатига кўра, Абдусатторов шахмат тарихидаги энг ёш бешинчи гроссмейстер бўлиб турибди. У 2018 йилда Ўзбекистон терма жамоаси сафида Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида биринчи ўринни қўлга киритганди ва Президент совғаси — Spark автомобилини қабул қилиб олганди.

Қайд этиш керак, Абдусатторов Магнус Карлсенни мағлуб этган иккинчи ўзбекистонлик шахматчига айланди. 2018 йилда 16 ёшли Шамсиддин Воҳидов Санкт-Петербургда норвегиялик шахматчидан устун келганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Нодирбек Абдусатторов шахмат бўйича жаҳон чемпионига айланди