19:30 / 31.12.2021
2 002

Умар Эшмуродов: "Қарор қабул қилиб бўлганман"

Умар Эшмуродов: "Қарор қабул қилиб бўлганман"
“Насаф” клуби етакчиси ҳамда сардори Умар Эшмуродов доимгидек ўзига билдирилган ишончни оқлаяпти. Уни Рўзиқул Бердиевнинг майдондаги “ўнг қўли” десак ҳам бўлади.

Эшмуродов жамоаси билан қатнашган барча мусобақаларда асқотди. Масалан, Суперлигада 24 та ўйинда 1 та гол урди. Шартномаси тугаётган ўйинчи мавсум якунлари тўғрисида Sports.uz сайти учун интервью берди.

- Ўтган йилгига нисбатан бу мавсум биз учун яхшироқ ўтди, - дея гап бошлади Эшмуродов. - Ўтган йили кумуш медални олган бўлсак, бу йил Ўзбекистон Кубогини қўлга киритдик. Ёқимсиз томонлари сифатида шуни айтишим мумкинки, тиғиз тақвим оқибатида чемпионатдаги ўрнимизни йўқотиб қўйдик. Охирги ўйинда медаллар учун курашда кучимиз етмай қолди. Шунингдек, ОФК Кубоги финали ҳам биз учун ёқимсиз ўтди. Ўшанда йигитларга озгина тажриба етмади. Лекин финалга чиққанимизни яхши тарафлари ҳам бўлди. Ёшларимиз бундай катта ўйинни кўришди ва келгусида Осиё Чемпионлар лигаси баҳсларига шунга яраша тайёргарлик кўришади. ОФК Кубогини ютишни ҳам жуда хоҳлагандик, афсуски, ютқазиб қўйдик.

- Аслида “Насаф” мавсумни совринсиз якунлаши ҳам мумкин эди. Ўзингиз таъкидлаганингиздек, чемпионатда медаллардан қуруқ қолдинглар, ОФК Кубоги қўлдан кетди. Охирги имконият Ўзбекистон Кубоги финали эди. Ўша баҳсда жамоа ютқазаётганди ва бир киши кам бўлиб қолганди. Ўта қийин вазиятда “Насаф” ирода кўрсатди ва якунда Кубокни ютди. Ўша ўйинни эслаганда нималарни айтган бўлардингиз?

- Бу йил Ўзбекистон Кубогини ютмаган бўлганимизда ҳам 2021 йилни омадсиз ўтди, демаган бўлардим. Ўтган йили яхши жамоа шакллантирганимиздан кейин бу сафар яхшироқ натижалар кўрсатамиз деб тургандик, лекин таркибдан яна тўрт нафар футболчи кетиб қолди. Яна ёшлар чиқди, янгироқ жамоани тузишга тўғри келди. Шуниннг учун Кубок финалида мағлубиятга учраганимизда ҳам ёмон мавсум бўлди дея олмасдим. Биласизми, ўша иккинчи ўрин учун чемпионатдаги охирги ўйинда ҳам, ОФК Кубоги финали ва Ўзбекистон Кубоги финалига ҳам биз жуда яхши тайёргарлик кўргандик. Баҳрайндаги учрашувда ёшларимизга халқаро тажриба етишмади. Босимга чидаб бера олмадилар. Буни ҳам улар бошидан ўтказишса кейин билади-да.

Мана шундай катта ўйинлар орқали ёшлар ўсиб боради. АГМКга қарши Кубок ярим финалидаги беллашувдан сўнг, ўз майдонимизда иккинчи ўрин учун “Локомотив”га қарши учрашувга тўлиқ тикланишга улгурмадик. Айниқса, 70-дақиқадан кейин 10 киши қолганимизда жуда билинди. Ўзбекистон Кубоги финалига келсак, йўқотадиган ҳеч нарсамиз йўқ эди. Кубокни ютиб, Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф босқичига илашиб қолишимиз мумкин эди. 2022 йилда фақат Ўзбекистон чемпионати билан чекланиб қолмасдан халқаро майдонда ҳам иштирок этишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйгандик. Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф босқичига йўл олиш учун ўша финалда боримизни бердик, бу бизнинг охирги имкониятимиз эди. Шунга яраша “Пахтакор”га қарши беллашувга тайёргарлик кўришга бир ҳафта вақтимиз ҳам бўлди.

- ОФК Кубоги финалига чиққани учун жамоа маълум миқдорда мукофотга эга бўлди. Қолаверса, Ўзбекистон Кубогини ҳам ютди ва шунга яраша футболчилар мукофотландими?
- Ўша пуллар жамоа ҳисоб-рақамига келиб тушган. Ўша ўйинлар учун қанча мукофот пуллари айтилган бўлса, барчаси берилган. Турнир “Насаф”га молиявий жиҳатдан ҳам анча фойдали бўлди. ОФК Кубоги доирасида ютган ўйинларимиз учун мукофот пулларини олганмиз.

- Сир бўлмаса, қанча миқдордан рағбатлантиришди?
- ОФК Кубоги ўйинларидаги ғалабаларимиз, айниқса, жиддий учрашувлар учун икки-уч баробар кўпроқ рағбатлантирилди. Финал учун яхшироқ ваъда берилганди, аммо ғалаба қозона олмадик.

- Яқинда Рўзиқул Бердиев билан суҳбатлашганимизда шартномангиз тугаётгани ҳақида айтганди. Қандай режаларингиз бор?
- Режаларим фақат “Насаф” билан боғлиқ. 2022 йилда ҳам жамоа шарафини муносиб ҳимоя қилиб, Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этмоқчимиз. Худо хоҳласа, шартномани узайтирамиз. Бунгача ҳам раҳбарлар билан шу мавзуда гаплашдик. Янги йил байрамидан сўнг яна қолган нарсаларни гаплашиб оламиз.

- Балки яқин орада фикрингизни ўзгартириб юборадиган жиддий таклиф келиб тушса, қандай йўл тутасиз?
- Майли, аввало шундай таклиф тушсин-у, лекин мен қарор қабул қилиб бўлганман. “Насаф” билан Осиё Чемпионлар лигасида қатнашиш учун охиригача курашдик, ўзимни ҳам мақсадим шу эди. Бор бўлган вариантлар билан ҳам гаплашмаганман. Менинг барча фикрим “Насаф” билан боғлиқ. Билдирилган таклифларга ҳам яна Қаршида қолишимни айтганман.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Умар Эшмуродов: "Қарор қабул қилиб бўлганман"