Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ устози Вадим Абрамов ҳақида яна сўнгги пайтларда турли хабарлар тарқаляпти-а? Аввалига уни “Машъал”да ишлаши мумкинлигини эшитдик, кейин “Қизилқум”га ўтармиш, дейишди.
Умуман олганда, Вадим Карленович ишдан кетганидан буён ҳали ўзига янги жамоа топганича йўқ. У яна мураббийлик фаолиятига қайтмоқчими ёки...Бу борада Sports.uz мухбири Абрамовнинг муносабати билан қизиқди.
- Вадим Карленович, айни пайтда хизматингизга таклифлар борми?
- Ҳозирча ҳеч қандай таклифлар йўқ. Янги йил байрамини ўтказиш билан машғул бўлдим. Таклифлар эса ҳозирча менда йўқ.
- Эшитишимча, хизматингизга “Машъал”, “Қизилқум” каби клублардан қизиқиш билдирилган экан...
- Булар шунчаки қуруқ гаплардир. Бундай гапларга қўшила олмайман. Чунки аниқ таклифлар билдирилгани йўқ.
- У ҳолда сизга четдан таклифлар бўляптими?
- Мен ҳозирда бўшман, таклифлар учун очиқман, дея эълон бермайман. Балки таклифлар бўлиб қолар, аммо ҳозирча бирор клубда ишлаш юзасидан ҳеч қандай вариантларга эга эмасман. Балки қўнғироқ қилиб қолишар, буни билмайман. Ўзим эса унга ёки бунга мурожаат қилиб мени ишга олинглар, дея умуман чурқ этмайман! Бу менинг тамойилларимга мутлақо зид. Агар кимгадир керак бўлиб қолсам, албатта менга мурожаат билан чиқади. Ҳозирча эса уйда, оилам даврасида дам оляпман.
- Янги бошланадиган мавсумда фаол мураббийлик фаолиятига қайтиш хоҳишингиз борми?
- Агар ўзимни қизиқтирадиган таклифлар бўлса, уларни кўриб чиқиб энг маъқулини танлашга ҳаракат қиламан. Боя айтганимдек, ҳозирда ҳеч қандай таклифлар бўлмагани учун дам оляпман. “Бунёдкор” ва терма жамоадан кетганимдан кейин фаол ишлаганим йўқ.
- Демак, ҳозир фақат дам олиш билан машғул экансиз-да. 2021 йил мураббийлик фаолиятингизда энг бўш, омадсиз йил бўлди, дейиш мумкинми? Бу борада фикрингиз қандай?
- Бу борада хулоса чиқаришим жуда қийин. Яхшиси, бундай ҳолатни бошқалар баҳоласинлар. Қолаверса, 2021 йил мураббийлик фаолиятимда яхши ёки ёмон бўлганини вақт кўрсатади. Айрим журналистлар, мен уларни журналист деб атамаган ҳам бўлардим. Улар фаолиятимга холис баҳо бериш ўрнига фақат менга қора чаплаш, танқид қилиш билан овора бўлмоқдалар. Улар бундай пайтда нима учун Абрамов шунда йўл тутди экан, нега бундай қилмади экан, деган саволни ўзларига бермай, фақат тирноқ остидан кир қидиришади холос. Тўғри, тарихда илк бор Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ саралаш босқичининг сўнгги раундига чиқа олмади. Лекин шунда ҳам нима сабабдан мана шундай ҳолат юз берди экан, дея ўйламай фақат шармандагарчилик деганча жар солаётганлар жуда кўпайиб кетди.
2009 йили терма жамоани қабул қилиб олган чоғимда у ФИФА рейтингида 109-ўринда эди. Терма жамоадан кетган чоғимда эса биз рейтингда 56-ўринни банд этиб тургандик. Кейинчалик терма жамоада ишламай, 2019 йили қабул қилишимга тўғри келди. Кейинчалик олти очкони олиб қўйишган. Агар ўша очколар етишмай турса, жамоа қандай қилиб кейинги босқичга чиқсин?! Вақт - олий ҳакам. Ким ҳақ, ким ноҳақлигини ҳам айнан вақт исботлаб беради. Четда туриб бизни ёмонлаб ёзадиган қаламкашлар топилади. Масалан, Никимбаев турли бўлмағур гапларни ёзиш билан овора. Вақт ҳаммасини ўз ўрнига қўйишига ишонаман.
- Хабарингиз бор, футболимиз юлдузларидан бири саналадиган Одил Аҳмедов яқинда фаолиятини тамомлади ва уни ЎФА вице-президенти лавозимига тайинладилар. Бу борада фикрингиз қандай?
- Мен доим лавозимларга футболни яхши тушунадиган инсонлар тайинланиши керак, деб гапириб келганман. Ҳар ким ўз иши билан машғул бўлгани яхши. Ҳеч кимни камситмоқчи эмасман. Айтайлик, авиацияни бошқариш учун қандайдир стюард тайинланса, бу ғалати эмасми?! Юқорида айтиб ўтганимдек, ҳар ким ўзи яхши биладиган иш билан шуғулланиши даркор.
Ўзингиз ўйланг, касалхонада бош шифокор вазифасини сигир соғувчи бажармайди-ку, тўғрими? Футболни тушунмайдиган журналист ҳам бирор-бир лавозимга тайинланса, нима бўлишини тасаввур қилиш қийин бўлмаса керак. Агар раҳбариятда ўз вақтида мураббий сифатида ишлаганлар бўлса, улар футболни яхши томонга ўзгартира олишлари тайин. Чунки бу соҳани яхши билишади. Биласизми, баъзида мураббийлардан футболни қандай ривожлантириш керак, деб сўрашмайди-ю, шундай савол билан ўйинчиларга мурожаат билан чиқишади. Бу кишининг энсасини қотирмасдан қўймайдиган ҳолатдир.
- Янги мавсум Суперлигада қайси клублар сизнингча фаворитларга айланишлари мумкин?
- Билмайман. Маълумки, мавсум олдидан ҳар бир клуб ўз олдига мақсадларни қўяди. Фақат 10 та тур ўтганидан кейингина иштирокчиларнинг қайсилари совринли ўринлар учун курашади-ю, қайсилари бир четга чиқиб қолишади, шуни билиб олиш мумкин бўлади. Мавсум бошида эса ҳамма ўз олдига қўйилган вазифани бажаришга киришиб, ўзини фаворит деб ҳисоблашга тушади.
- Самвел Бабаян бошчилигидаги “Навбаҳор” трансфер бозорида фаоллиги билан ажралиб турибди. Айтинг-чи, клуб Бабаян билан юқори мақсадлар сари кураша олиши мумкинми?
- Уларнинг трансфер бозорида фаол эканликлари ўзлари учун яхши бўлиши мумкин, эҳтимол. Аммо “Навбаҳор”нинг мавсумни нечанчи ўринда якунлашини вақт кўрсатиб беради. Жарангдор ном ҳеч нимани англатмайди. Футболни эса ўйинчилар ўйнашади. “Навбаҳор”да бўлмаганим учун ҳам бу масала юзасидан берилган саволингизга тўлиқ жавоб беришга ожизман. Бу каби савол билан бевосита жамоа раҳбариятига мурожаат қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Эҳтимол, трансфер бозорида наманганликлар бошқаларга нисбатан фаолликлари билан ажралиб турган бўлишлари мумкин. Лекин бу клубнинг совринли ўринлар учун курашади, деган хаёлга олиб келмаслиги керак.
- Сречко Катанец турли йиғинларни ташкил этиб келмоқда. Айтмоқчиманки, терма жамоани кузатиб келяпсизми?
- Бу саволингизга яхшиси, Катанецни ишга таклиф қилганлар жавоб берсалар мақсадга мувофиқ бўларди. Мен уни шунчаки ҳамкасбим сифатида биламан холос. Сречко Катанец билан яқиндан таниш ҳам эмасман. Бу масалада берган саволингизни изоҳлаб беришни истамаган бўлардим.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Қозоғистонда яна 1 млрд доллар ноқонуний активлар давлатга қайтарилди