00:13 / 21.01.2022
1 323

"Насаф" раҳбарлари ўзи ўтирган шохни арралаяпти(ми)?

"Насаф" раҳбарлари ўзи ўтирган шохни арралаяпти(ми)?
Қарши клуби Ўзбекистон Кубогини ютиб, ОЧЛ саралаши учун йўлланмани қўлга киритганида, янги мавсумда молиявий аҳвол анча яхшиланишидан умид қилган эдим. Афсуски, ҳеч нарса ўзгармайдиган кўринади. Раҳбарият ўз "стиль"ида давом этаётгандек. Ана-мана, дегунча, "Банияс" билан ўйин. Клуб эса, Шароф Муҳитдиновнинг трансферини расман эълон қилишни уддалай олмади. Кучли легионерлар ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. "Насаф" сўнгги йилларда нафақат Қашқадарё, балки бутун Ўзбекистон халқининг севимли жамоасига айланиб улгурди. Шундай экан, энди айрим инсонлар халқ клуби билан хоҳлаганини қилиши мумкин эмас!

"Насаф" халқаро майдонда юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Боз устига, агар "Банияс"дан ўтса, "Суғдиёна"ни ҳам ўзи билан ОФК таснифидаги мусобақага олиб чиқиши мумкин. Бундай муҳим паллада сифатли трансферлар "аждарлар" учун айни муддао бўлиши аниқ. Афсуски, клуб Абдилае Диакиете футболчи билан юзага келган можаро сабабли ҳали ўз таркибини кучайтира олгани йўқ. Энг ачинарлиси шунда-ки, бу клуб раҳбарларининг эътиборсизлиги сабабли юзага келган вазият. ФИФА огоҳлантириш хатини ўз вақтида юборган, бироқ ҳеч ким жамоа почтасини текшириб кўришга вақт топмаган.

Натижада, ФИФА жамоага трансфер тақиқини қўйди. Кичик эътиборсизлик сабабли муҳим ўйинлар олдидан Бердиев жамоани қандай кучайтириш ҳақида бош қотиришга мажбур. Менга келган маълумотларга суянадиган бўлсак, ўз вақтида бу масала борасида иш олиб борилганида, ҳаммаси арзимаган пул эвазига босди-босди бўлиб кетиши керак эди. Энди, ўзи шундоқ ҳам академиядаги тарбияланувчиларга озиқ-овқат етказа олмаётган "Насаф" 100 минг доллар жарима тўлаши шарт.

Эҳ, эътиборсизлик қурсин, эътиборсизлик! Ўзи аввалроқ, 2020 йилда клубни ОФК лицензиясидан ўтказиш масаласида қилинган ҳафсаласизлик жамоага қимматга тушганди. Балки қўлида пули, таркибида кучли футболчилари йўқ Рўзиқул Бердиев "Насаф" билан натижа қайд этишига ишонишмагандир. Яна ким билади дейсиз?!

Сўнгги йилларда ўзбек футболига янги номларни етказиб беришдан тўхтамаётган "Насаф"нинг академиясига ортиқча таъриф беришнинг ҳожати йўқ. Клубда турли лавозимларда ишлаган ва ҳозирда ҳам фаолият олиб бораётган инсонлар билан суҳбатлашгач, бугун академиядаги болаларнинг аҳволига ҳавас қилиб бўлмаслигини чуқур ҳис этдим. Адашмасам, 5 январь санасида егулик тақчиллиги кузатилгач, клуб бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ёнидан харажат қилиб, йигитларга ул-бул олиб борган. Зар қадрини заргардан бошқа яна ким ҳам биларди?! Клуб раҳбарлари академиядан чиқаётган футболчилар билан мақтанишга ҳаққи бор, аммо бу мантиққа қанчалик тўғри келади?

Ортда қолган 10 йил давомида Бердиевнинг "Насаф"и кўплаб футболчиларни янги даражага олиб чиқди. Шунга қарамай, келинг, ҳисоб-китоб қиламиз. Ҳар йили клуб академиясини 40-50 нафар ёш футболчи битиради. Уларнинг сони 10 йилда 400 ёки 500 бўлади. "Насаф" эса, нари борса 60-70 тасини жамоада олиб қолади. Бу тарбияланувчиларнинг атиги 20 фоизи катта футболда ўз "нон"ини топиб кетади, дегани. Академия Бердиевдан-да каттароқ куч бўлса, нега қолган 80 фоиз футболчилар МТЖ у ёқда турсин, Суперлиганинг грандлари даражасига ҳам кўтарила олмайди? Майли, бу савол ўз йўлига.

Мени бошқа нарса ўйга солди. Агар "юлдузлар фабрикаси" сингари истеъдодларни етказиб бераётган академияда аҳвол шу даражада оғир бўлса, қолган клубларда нималар бўляпти? Фақат бугунги кун билан фикр юритишдан йироқман, бироқ сўнгги 5 йил ичида "Насаф"нинг қайси ёш тоифасидаги жамоаси Ўзбекистонда тенгсизга айланди? Ўзбекистон U14 ва U16 жамоалари иштирок этган Ўзбекистон чемпионати баҳсларини тўлиқ томоша қилдим. Сизни ишонтириб айтишим мумкин-ки, клубнинг бу ёшдаги футболчилари асосий жамоа сингари ғолиблик учун даъвогарлик қила олмади.

Ҳа, "Насаф" U16 финалга қадар етиб борди, аммо "Пахтакор" билан ўйинда класс яққол кўзга ташланди. "Аждарлар" ўша баҳсда майдонда рақибга барча жиҳатларда енгилди. Ўсмирларнинг тактик кўникмаси, майдондаги интеллект ва фикрлаши, жисмонан ҳамда руҳан тайёргарлиги рақибникидан анча пастроқ эканлигини яққол кўзга ташланди. Бу "Насаф"нинг асосий жамоаси ютуқлари фонида кўринмай кетиши мумкин. (Видеода Ўзбекистон U16 чемпионати финал баҳсида қаршиликлар дарвозасига киритилган 4-гол).

Ёшлар футболи-ку, майли, аммо "Насаф"нинг футзал жамоаси-чи? Бу умуман бошқа мавзу, аммо ўрни келганида фикримни билдириб ўтаман. Яқинда иш юзасидан Ўзбекистон футзал олий лигасидан 5-туридан ўрин эгаллаган барча баҳсини томоша қилдим. Мен футзал мутахассиси эмасман, аммо оддий нарсаларни тушунаман. Юқори поғоналар учун кураш олиб борадиган жамоаларда футзалчилар сони камида 12-15 та бўлиши шарт. 2 та тўртлик ва уларни чарчаб қолганда алмаштиришга қодир яна 3-4 ўйинчи. Ҳар ҳолда, футзалчилар сони кўп бўлса, қолганлар паркетда "свежий"роқ тўп тепиши мумкин.

Очиғи, "Насаф"нинг АГМКга қарши учрашувини кўриб, қаршилик футзалчиларга раҳмим келди. Олмалиқликлар таркибида кучли футзалчилар билан биргаликда, тенг кучли иккита тўртлик бор. "Насаф" эса, ўша баҳсга бор-йўғи 7 та ўйинчи билан келди. Захирадигаларнинг даражаси ва улардан бири дарвозабон эканлигини инобатга олсак, 6 та футзалчи! Тасаввур қиляпсанми, Карл, 6та!

Ачинарлиси шунда-ки, "аждарлар"нинг асосий таркибидаги йигитлар класс жиҳатидан Ўзбекистон чемпионатидаги бирорта футзалчидан кам эмас, лекин кучли чарчоқ сабабли ўйин якунида голлар ўтказиб юбораверди. Наҳотки, бутун бошли Қашқадарёда тўлиқ 12 та футзалчи топилмаган бўлса? Рақиб сон жиҳатидан кўп эканлиги учунгина мағлубиятга учраётган "аждарлар"ни ташқаридан томоша қилиб, уларга ачиниб кетдим. Билмадим, балки клубда бир вақтнинг ўзида 15 футзалчидан иборат жамоага маош тўлаш имконияти йўқдир. Ёки бошқа сабаб бормикан?!

Жамоага оид бундан ҳам аччиқроқ ҳақиқатлар ҳақида ёзишим мумкин эди, аммо "Насаф" мухлислари бундан ортиғини ҳазм қила олмаслиги мумкин. Аслида, шу мавзуга оид журналистик суриштирув олиб бормоқчи эдик. Афсуски, клубга алоқадор ҳеч ким ёрдам беришни истамади. Кимдир ишини йўқотишдан қўрқди, бошқаси камерада кўриниш беришдан бош тортди. "Оч қорним тинч қулоғим" мақолини шиорга айлантирганлардан хафа эмасман. Барчанинг ўз ҳақиқати бор. Мен эса, булар ҳақида била туриб, индамай ўзимни футболимиз учун жон куйдираётган журналистдек кўрсатишни ўзимга эп кўрмадим.

"Насаф" тизимида бўлаётган ишлар ҳақида бир эмас, ўнлаб инсонлар айтган сўзлар кайфиятимни тушириб юборди. Мен бир томонни эшитиб хулоса чиқаришдан йироқман. Шу боис, агар клуб раҳбарлари вазиятга ва мен мақолада келтириб ўтмаган бошқа маълумотларга изоҳ бера олишса, уларни эшитишга тайёрман. Балки, улардан бири бизнинг "YouTube"даги жонли эфиримизда иштирок этиш ва саволларимизга жавоб бериш орқали вазиятга ойдинлик киритиш учун ўзида куч топар.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Манба: Sports.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Насаф" раҳбарлари ўзи ўтирган шохни арралаяпти(ми)?