23:40 / 25.01.2022
1 139

“Рома”нинг собиқ футболчисидан “Рома” ҳужумчиларига маслаҳат...

“Рома”нинг собиқ футболчисидан “Рома” ҳужумчиларига маслаҳат...
“Рома”нинг собиқ футболчиси Роберто Пруццо “бўрилар”нинг ҳужумида ҳаракат қилаётган футболчиларга, хусусан, асосий тўпурарга айланган Тэмми Абрахамга ўйинининг айрим жиҳатларини кучайтариши бўйича маслаҳат берди.

- Тэмми Абрахам баъзан худбинлик қилади, айрим ҳолларда биргина хато уни ўзига бўлган ишончидан мосуво қилиши мумкин. У хотиржамликни сақлаб туришни ўрганиши керак. Абрахамда менга ёқадиган хислат ҳам бор. Тэмми жисмонан бақувват эмас ва шунинг учун кўп йиқилади, шунга қарамай, ўрнида туриб, курашни давом эттиради. Бу унинг жангчи эканидан далолат беради.

Шунингдек, Жозе Моуриньо “Рома”ни кўтаришга қодир ягона мураббий. Улар Чемпионлар лигасига йўлланма берадиган кучли тўртликдан унчалик узоқда эмас. Лекин буни уддалаш жуда қийин масала.

Шу боис, римликлар Италия кубогини қўлга киритишга ҳаракат қилиши керак. Бу ҳам жуда нуфузли соврин. Конференциялар лигасини унчалик хуш кўрмайман. Лекин мавсум охирида бирорта халқаро ютуқ сифатида у ҳам ёқимли кўриниш ҳосил қилиши мумкин
, - деди Роберто Пруццо.

Шу ўринда, Роберто Пруццонинг фаолиятида Элдор Шомуродовникига ўхшаш жиҳат борлигини таъкидлаш лозим. Бу ҳужумчи худди ҳамюртимиз каби “Рома”га ўтишдан аввал “Женоа” сафида ўйнаган. У 1973-1978 йиллар давомида Генуя клубида 143 та учрашувда 57 та гол урган. Кейин 10 йил давомида Рим клуби шарафини ҳимоя қилиб, 240 та ўйинда рақиблар дарвозасини 106 маротаба ишғол қилган. Бир мавсум “Фиорентина”да ўйнаб, 1989 йили фаолиятига якун ясаган.

“Рома” Жакани олишга яқин

Жозе Моуриньо Рим клубини қабул қилиб олганидан бери “Арсенал” ярим ҳимоячиси Гранит Жакани олиб келишга ҳаракат қилади. Ёзда португалиялик мутахассис ўз режасини амалга оширишга жуда яқин эди. Бироқ, швейцариялик футболчи лондонликлар билан келишувни узайтирди.

Энди “Рома” январь ойи якунлангунча Жака трансферини ҳал қилишга интилмоқда. Calciomercato нашрининг хабар беришича, “Арсенал” қишки трансферлар вақтида янги марказий ярим ҳимоячи олмоқчи. Агар уларнинг бу режаси ўхшаса, “Рома” спорт директори Тьягу Пинто Гранти Жакани Италияга олиб ўтиш учун жуда зўр имкониятга эга бўлади.

Гранит Жака ҳозир аввалгидек жамоанинг энг муҳим ўйинчилари қаторига кирмайди. У жорий мавсумда майдонда ўн марта кўриниш берди ва ўз ҳисобига битта голли пас ёздирди.

29 ёшли футболчи “канонирлар” сафида 2016 йилдан бери ўйнаяпти. Унгача тажрибали ярим ҳимоячи ўз юртида “Базель” ва Германия Бундеслигасида Мёнхенгладбахнинг “Боруссия” клуби шарафини ҳимоя қилган.

Шунингдек, Гранит Жака Швейцария терма жамоасида 2011 йилдан бери 98 та учрашув ўтказиб, рақиблар дарвозасини 12 маротаба ишғол қилди.

“Рома”ни чемпион қилган сўнгги мураббий Моуриньога ишонч билдирди
Фабио Капелло Италия футболининг энг зўр мураббийларидан. Бу мутахассис А Серияда “Милан”ни тўрт марта, “Ювентус”ни икки марта ва “Рома”ни бир маротаба скудеттога эга чиқишини таъминлаган.

Бундан ташқари, Фабио Капелло қўл остида “Реал” ҳам икки бор Испания чемпиони бўлган.

Ўз тарихида уч бор скудеттога эга чиққан “Рома”нинг охирги чемпионлиги – 2001 йили қайд этилган ва ўшанда рим “бўрилари”ни айнан Фабио Капелло шуғуллантирар эди. Бу мутахассис жамоанинг ҳозирги мураббийи Жозе Моуриньога катта ишонч билдирмоқда.

- Мен “Рома”даги қийинчиликларни яхши биламан. Моуриньо “Рома”га янги нарсаларни тадбиқ этишга ҳаракат қилди, мураккаб вазият шундоқ кўриниб турганди. Мана энди дастлабки мевалар ҳам бўй кўрсатмоқда. Жамоа унинг қўл остида қатъият ва шиддат касб этди.

Шундай бўлса ҳам, “Рома” бу мавсум чемпионликка эриша олмайди, лекин қолган жамоаларни анча қийнайди
, - деди Фабио Капелло.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Рома”нинг собиқ футболчисидан “Рома” ҳужумчиларига маслаҳат...