13:14 / 01.02.2022
1 221

Ўзбекистон МТЖ ҳимоячиси аслида ҳужумчи бўлганини билармидингиз?

Ўзбекистон МТЖ ҳимоячиси аслида ҳужумчи бўлганини билармидингиз?
Ўзбекистон миллий терма жамоаси айни кунларда Дубайда хориж йиғини ўтказмоқда. Вакилларимиз машғулотлар давомида ўртоқлик ўйинлари ҳам ўтказишди.

ЎФА матбуот хизмати терма жамоа ҳимоячиси, Россиянинг "Нижний Новгород" клуби аъзоси Иброҳимҳалил Йўлдошев билан интервью ташкил қилди. Унда ҳимоячи футболга кириб келиши, дастлаб таэквондо билан шуғуллангани, ҳужумда ўйнагани, терма жамоадаги рақобат ҳақида гапирди. Қуйида интервьюнинг биринчи қисми билан танишинг:

- Футболга қандай кириб келдингиз? Унга қизиқишингизда асосий сабабчи ким? Бу соҳадаги илк қадамларингизни қаерда ташлагансиз?
- Футболга илк қадамимни 12 ёшлигимда ташлаганман. 7-8 ёшлигимда футболга қизиқиб юрганман. Лекин у пайтда мен бошқа спорт, яъни таэквандо билан шуғулланардим. Бу спортга мени дадам олиб келганлар. 5 ёки 6 ёшлигимдан шуғулланишни бошлаганман. Кейин менда футболга бўлган қизиқиш уйғонди. Унга бўлган эътиборим тобора ортиб борди. Таэквондода ҳам футбол ўйнаб юрардик. Шундай қилиб, 12 ёшимда таэквондо билан шуғулланишни тамомладим ва футболга ўтдим. Ўша пайт Янгиерда Икром Давлатов биринчи мураббийим бўлган. Эрталаб машғулотга қатнардим. Кейин 6-синфда мактаб интернатига кирдим. У ерда 1 йил ўқидим.

Ўша пайтлар Янгиерда турнир бўлган. Биз унда 1-ўринни олганмиз. Бу турнирга Тошкентдан селекционерлар келганди. Улар мени ўйиндан кейин чақирди ва мендан "8-рақамда сен ўйнайсанми?", - дейишди. Сўнг "Сени "Пахтакор"га чақирмоқчимиз. Келасанми?", - деб сўрашди. Албатта, мен рози бўлдим. Жуда хурсанд эдим, аммо рости ишонмаганман. Ота-онамга бу хақда айтиб, эртаси куни мураббийим билан бирга "Пахтакор"га борганман. 6-синфда ўқирдим у вақтлар. Кейин Тошкентга бордик. Эрталаб Станислав Кудряшов қўл остида машғулот ўтказилган ва мен ҳам унда қатнашганман. У менинг ўйинимни кўриб, олиб қолишга қарор қилган. Шу билан ўша ерда қолганман. 7-синфда ўша ердаги академияга ўқишга кирганман.

- Кўпчиликнинг ўйлашича, футбол билан 7-8 ёшдан бошлаб шуғулланиш керак. Сиз 12 ёшда футболга кириб келганингизда, сиздан олдин шуғулланган йигитлар билан киришиб кетишда муаммо бўлмаганми?
- Тўғри, қийинчилик бўлган. Машғулотларда ҳам анча фарқ сезилган. У ердагилар билан тил топишиб кетишда оз бўлса-да, қийналганман. Бироқ кейин ўзим ҳаракат қилганман. Бу мураббийга ҳам маъқул келган. Умумий олиб айтганда, бу борада менда жиддий муаммо бўлмаган.

- Ҳозирги кунда чап қанот ҳимоясида ўйнайсиз. Бу позицияда сизни ким биринчи бўлиб кашф қилган? Яъни сизнинг жисмоний ҳолатингиз, техника ва тезлигингизни инодатга олиб, ушбу чизиқда ўйнаб кета олишингизга ишонган инсон ким бўлган?
- Дастлабки ўйинларда мен ҳужумда ўйнардим. Янгиерда ҳужумчи бўлиб мактаб интернатига ўтганимда, мени ярим ҳимояга қўйишди. Ҳатто Тошкентга келганимда ҳам марказ футболчиси эдим. Кейин Кудряшов мени чап қанот ярим ҳимоясига ўтказди. Вақт ўтиб, ўнг қанот ҳимояси, ундан сўнг эса чап қанот ҳимояси менга топширилган. Шу тариқа, чап қанот ҳимоячиси бўлиб қолганман.

- Миллий терма жамоада ўйнаётганингизга ҳам анча бўлди. Яъни янги келганлардан эмассиз. Терма жамоага чақирилиш жараёнини эслай оласизми?
- Эслайман, албатта. "Бунёдкор"да эдим. У ерга Вадим Абрамов томонидан чақирилган вақтларим. Ёз фасли эди. Қўнғироқ бўлган. Термага чақирилганимни айтишган. Жудаям хурсанд бўлганман. Чунки ҳаммага ҳам миллий терма жамоага чақирилиш насиб этмайди. Бу барча футболчиларнинг орзуси.

Тошкентдаги йиғинда иштирок этганман. Дебют ўйиним ўртоқлик баҳсида бўлган. Тожикистон билан тўқнаш келганмиз. Шу баҳсда Абрамов мени асосий таркибда туширганди.

- Сизнинг позициянгизда характер кучли бўлиши керак, менимча. Сабаби бу чизиқда бизнинг терма жамоада бошқа жамоаларга қараганда рақобат жуда кучли. Тажрибали Фаррух Сайфиев, "Насаф"да зўр мавсум ўтказган Шерзод Насруллаев ва Россия чемпионатида ўйнаб юрган сизни "бир-бирига муносиб рақобатчилар", - дейишимиз мумкин. Сизда рақобатни енгиб ўтишда қандайдир қийинчилик бўлмаяптими?
- Ўйлашимча, соғлом рақобат бўлиши керак. Бу чизиқда 3 та футболчи чақирилган, аммо менимча, бу менга қийинчилик туғдирмайди. Фақат мураббийнинг айтганини бажаришим керак, деб ўйлайман. Футболчи учрашувларда ўзини кўрсатиши керак. Шу кифоя.

Давоми бор...
Бекзод Исаев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон МТЖ ҳимоячиси аслида ҳужумчи бўлганини билармидингиз?