07:30 / 04.02.2022
1 696

Бу трансфер амалга ошса, Шомуродов “Ювентус” юлдузи билан рақобатлашади

Бу трансфер амалга ошса, Шомуродов “Ювентус” юлдузи билан рақобатлашади
“Рома” ёзги трансферлар вақтида асосий юлдузларидан бўлган Николо Дзаньолони қўлдан чиқариши мумкин. 22 ёшли футболчига анчадан бери Англия клублари, хусусан, италиялик мутахассис Антонио Конте бошқараётган “Тоттенхэм” жамоаси кўз тикмоқда. Мавсум якунлангач, уни “Ювентус” ва “Милан” ўз сафига қўшиб олиш учун ҳозирдан курашга киришди.

Рим клуби спорт директори Тьягу Пинто ҳужумкор футболчига жиддий клублардан қизиқиш борлигини таъкидлаб, ёзда Дзаньолони олиб қолишни уддалай олмаслиги мумкинлигини ҳам тан олди.

Жозе Моуриньо аввал ҳам бу ўйинчини қўйиб юборишга тайёр эканини билдирганди. Клуб хўжайинлари Дзаньоло трансферидан тушадиган даромадни ошириш учун футболчи билан шартномани янгилаб, унга ўзлари истаган бадал пулини қўшмоқчи. Ҳозирча, Дзаньолонинг трансфер суммаси 33 миллион еврони ташкил қилмоқда.

Италиялик футболчининг ўзини тарбиялаган клуб билан амалдаги келишуви 2024 йилнинг ёзигача давом этади. Тьягу Пинто мавсум охирига қадар етакчи ўйинчи билан битимни яна икки йилга узайтириб, унга 3,5 миллион евро маош беришни таклиф қилмоқчи бўлиб юрганди.

Сўнгги маълумотларга қараганда, “Милан” мутасаддилари ҳам қишки трансферлар ойнаси ёпилиши билан Дзаньолонинг агентларига мурожаат қилиб, ўйинчини ёзда харид қилиш ниятини билдирган. Миланликлар айни пайтда “Рома”га бериладиган таклиф устида иш олиб бораётгани маълум.

Ўйинчига жиддий қизиқиш билдираётган “Ювентус” ўз анъанасига содиқ қолган ҳолда трансфер суммасига туринлик ўйинчилардан бирини қўшиб беришни кўзлаяпти. Ҳозирча, туринликлар Дзаньоло “Ювентус”га келадиган бўлса, унинг ўрнига 21 ёшли марказий ҳужумчи Мойзе Кинни Римга жўнатишга қарор қилган.

Таъкидлаш жоизки, бу трансфер амалга ошса, Элдор Шомуродовнинг клуб ичидаги рақобатчилари орасига яна бир кучли футболчи қўшилади. Мойзе Кин марказий ҳужумчи бўлишига қарамай, худди легионеримиз каби қанот ҳужумчиси вазифасини ҳам яхши уддалай олади.

Кин ёш бўлса-да, Европа футболида ўз номига эга. У А Сериядаги дебютини 2016 йили 19 ноябрь куни “Ювентус” сафида нишонлаган. Италия гранди таркибида 16 та учрашувда 7 та тўп киритган ҳужумчи кейинчалик “Верона”, “Эвертон” ва “Пари Сен-Жермен” клубларида тўп тепди. Ўтган йили ёзда Туринга қайтиб келди.

Мойзе Кин жорий мавсумда А Серия ва УЕФА Чемпионлар лигасида жами 22 та учрашув ўтказиб, ўз ҳисобига тўртта гол ва битта голли пас ёздириб қўйди. Шунингдек, Италия миллий терма жамоасида ўнта учрашувда тўртта гол урган.

Табиийки, Жозе Моуриньо Италия, Англия ва Франция чемпионатларида тўпурарлик қобилиятини намойиш қилган ўйинчини ўз жамоасига қўшиб олишга қаршилик қилмайди.

Қолаверса, туринликлар захира варианти сифатида римликларга Уэстон Маккеннини олишни ҳам таклиф қилмоқда.

Америкалик ярим ҳимоячи майдон марказида бир неча позицияларда самарали ўйнашга қодир. Бундан ташқари, аввал Бундеслигада ҳам ўзини кўрсатган бу ўйинчи голли ҳужумларда иштирок этишни хуш кўради.

Маккенни бу мавсумда Италия чемпионати, мамлакат Суперкубоги ва Чемпионлар лигасида 23 маротаба майдонга тушиб, тўртта гол муаллифи бўлди.

Мутахассислар Николо Дзаньолонинг ўзи ҳам кучлироқ клубларда тўп тепишга қарши эмаслигини таъкидламоқда. Италия футболининг кўзга кўринган етакчиларидан бири бўлган ҳужумкор футболчи “Рома”да сафида 2018 йилдан бери тўп тепмоқда ва ҳали бирор совринни қўлга киритгани йўқ.

2019 йилнинг 23 март куни Италия терма жамоаси сафидаги дебютини нишонлаган Николо шу кунга қадар етти маротаба майдонга тушиб, икки марта гол уришга ҳам эришган.

Николо жорий мавсумда А Серия, УЕФА Конференциялар лигаси ва Италия кубогида жами 26 та учрашув ўтказиб, рақиблар дарвозасини тўрт маротаба ишғол қилди ва беш марта жамоадошларига голли пас узатди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Бу трансфер амалга ошса, Шомуродов “Ювентус” юлдузи билан рақобатлашади