12:12 / 12.02.2022
1 780

“Рома”да можаро: футболчилар мураббийдан норози, раҳбарият эса Жозе томонда

“Рома”да можаро: футболчилар мураббийдан норози, раҳбарият эса Жозе томонда
“Рома”да келишмовчиликлар келиб чиқмоқа бошлади. Кўп нарсага Жозе Моуриньо ҳиссиётларини босолмай, тилига эрк бериши сабаб бўляпти. Жсингизда бўлса, Конференциялар лигасида “Будё-Глимт” римликларни 6:1 ҳисобида мағлуб этганидан кейин португалиялик мутахассис шогирдларига қаттиқ гаплар қилган, учрашувдан кейин айбни Гонсало Вильяр, Борха Майораль, Амаду Диавара каби ўйинчиларга тўнкаган эди.

Яқинда “Ювентус”дан аламли мағлубиятни қабул қилиб олганидан кейин жавобгарликни Элдор Шомуродовга юклади. Ўша учрашувдан кейин легионеримиз гол уриб, йўқ айбни ювган бўлса-да, Моуриньо ҳамюртимизни ўйинга туширмай қўйди. “Рома”нинг охирги икки учрашувида Шомуродов захирада қолдирилди.

Италия кубоги чорак финалида собиқ жамоаси – “Интер”дан “калтак еган” римликлар бош мураббийи кийим алмаштириш хонасида ўз шогирдларини ҳақорат қилди.

Моуриньонинг “Биринчи ўн дақиқада синиб қолганларингни сабабини билмоқчиман. Ҳеч қайсинг эплолмадинг. Охирги икки мавсумда катта клублар олдида яроқсиз матоҳга айланиб қолганларинг сабабини билмоқчиман. Агар ўзимизни заиф ҳис қилсак, бошқаларга ҳам бизга шунақа муносабатда бўлади.

“Интер” суперклуб, унга қарши иштиёқ билан курашиш ўрнига 10 дақиқадаёқ таслим бўлдиларинг. Эркак кишининг энг катта камчилиги ўзлигини йўқотишида. Катта учрашувлардан қўрқсангиз, чемпионлар бўлмаган, катта стадионлари йўқ ва босимдан холи С Серияда ўйнанг", деган танқидлари матбуотда овоза бўлди.

Бош мураббий футболчиларнинг “пўстагини қоққан” ана шу мажлис кийим алмаштириш хонасида бўлган ва унда фақат ўйинчилар ҳамда мураббийлар штаби вакиллари бўлган. Футболчилар бу шармандали ҳолат матбуотга олиб чиқилганидан норози. Ҳозир ҳамма бу маълумотларни ким журналистларга сиздирганига қизиқмоқда.

Ўз навбатида, “Рома” футболчилари ҳам бош мураббийдан норози экани ошкор бўла бошлади. Il Messaggero нашрининг хабар беришича, ўйинчилар бош мураббийга бўлган ишончни йўқотган. Улар Моуриньонинг иш услуби эскирган ва самарасиз, деб ҳисобламоқда. Шунингдек, футболчилар январда амалга оширилган трансферлар жамоа ўйинини кучайтиришига ишонмаяпти.

Бундан ташқари, С Серияда иштирок этаётган “Читтаделла” клуби сардори Романо Пертиконе ҳам португалиялик мутахассис гапларига ўзига хос жавоб қайтарди, деб хабар бермоқда Football Italia нашри.

- С Серия ўйинларида бетимга тупиришди, кўзимга бармоқларини тиқишда, ўлим билан таҳдид қилишди. А Серияда бунақаси бўлмайди. Жаноб Моуриньо, агар солиштирсангиз, фақат техник кўрсаткичларга эътибор қаратинг, улар аниқ фарқ қилади, - деди Романо Пертиконе.

Романо Пертиконе ўз даврида машҳур клубларда ўйнаган. “Милан” тарбияланувчиси бўлган тажрибали ҳимоячи ўзини тарбиялаган клубдан ташқари турли лигаларда “Верона”, “Кремонезе”, “Ливорно”, “Сампдория”, “Модена”, “Новара”, “Эмполи”, “Трапани”, “Чезена”, “Салернитана” каби жамоалар шарафини ҳимоя қилган.

Айни пайтда Жозе Моуриньо ўз олдига қўйилган учта – Чемпионлар лигасига чиқиш, Конференциялар лигасида ғолиб чиқиш ва Италия кубогини қўлга киритиш вазифасидан иккитасини бажара олгани йўқ.

Ҳозир ҳеч ким “Рома”нинг А Серияда кучли тўртликка киришига ишонмаяпти. Италия кубоги ҳам армон бўлиб қолди. Моуриньо жорий мавсумда Конференциялар лигасида ғолиб чиқиб, бироз хотиржам тортиши мумкин.

Шунга қарамай, клубга эгалик қилувчи Фридкинлар оиласи Жозе Моуриньога ишонч билдиришда давом этишини маълум қилди. Дэн Фридкин ўз ишончини тасдиқлаш учун мураббийга ёзда янги ўйинчилар олиш учун маблағ ажратишни мақсадга мувофиқ, деб топди.

Португалиялик мутахассис уч йиллик лойиҳани муваффақиятли тарзда якунлаши талаб этилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Рома”да можаро: футболчилар мураббийдан норози, раҳбарият эса Жозе томонда