23:30 / 13.02.2022
1 227

Чемпионатимизда янги "Режиссёр"лар ёхуд Суперлигада катта ваъдалар бераётган мураббийлар

Чемпионатимизда янги "Режиссёр"лар ёхуд Суперлигада катта ваъдалар бераётган мураббийлар
Фараз қилинг, майдондаги ўйинчиларни “актёр”ларга қиёсласак, “режиссёр”и бу - бош мураббий. Ҳа, мураббийга кўп нарса боғлиқ. Янги бошланажак мавсумда ҳам мураббийлар ўртасида ўзига хос “жанг” бўлиши муқаррар. Ҳар бир мутахассиснинг олдига қўйилган мақсади бўлгани каби, шунга яраша ҳаракат қилинади.

Бу йил Суперлигамизда янги мураббийлар иш бошлаяпти, демак янги номларнинг пайдо бўлиши чемпионатимиз савиясини ошишига хизмат қилиши мумкинлиги борасида умидимиз йўқ эмас. Олдинги йилларга таққослаганда, бу сафар сезиларли равишда янги бош мураббийларга ишонч билдирилмоқда. Хўш, бу йил кимлар расман янги бош мураббий сифатида ишга киришди?

Славче Войнески – “Пахтакор” бош мураббийи

Питер Хюистра ўтган йили “Шерлар”ни чемпион қилди. Лекин Кубок финалида ютқазди. Шундан сўнг нидерландиялик мураббий жамоадан кетишни хоҳлаб қолди. Раҳбарит эса унинг ўрнига Македониядан Войнескини топди. 48 ёшли мураббий УЕФА “Про” лицензиясига эга. Македонияда “Металлург” ҳамда “Скопье”да бир неча йиллар давомида ишлади. Македониянинг турли ёшдаги терма жамоаларида ҳам фаолият кўрсатди. Туркияда эса бир қатор клубларда ёрдамчи мураббий лавозимида кўринди. Энди эса у жиддий ишга киришди. Бу билан уни олдинги ишлаган жамоаларидаги вазифасини жиддий эмасди, деган фикрдан йироқдалигимизни ҳам қўшиб қўймоқчимимиз. Аммо ёрдамчи мураббий билан бош мураббий ўртасида қанчалик фарқ борлигини биз айтмасак ҳам сиз яхши биласиз.

Войнески эса энди “Пахтакор” бош мураббийи! Македониялик мутахассис Ўзбекистоннинг амалдаги чемпионини қабул қилиб олди. Энди у олдингидек ёрдамчи мураббий бўлиб юравермайди, балки бевосита натижага жавобгар шахсга айланди. “Пахтакор” у билан чемпионлик камарини ўзида сақлаб қоладими ёки бой бериб юборадими? Бу саволга жавобни мавсум охирида оламиз. Рости, ҳали Войнескининг қандай мураббий эканини ва нималарга қодирлигини билмаймиз, шахсан мен. Балки у чемпионатимизда ўзига яраша инқилобга қўл урар ёки ҳеч нимани ўзгартира олмас, бунисини олий ҳакам – вақт кўрсатади.

Денис Коростиченко – “Локомотив” бош мураббийи

Микаэль Секейрадан бўшаб қолган лавозимга эга чиққан Денис Коростиченко биз учун янги мураббий. Қайси маънода? Ҳа, уни қисман билардик, асосан иккинчи рақам остида. Энди эса “Локомотив” мутасаддилари Денис Владимировичга мустақил равишда ўзини кўрсатишга имконият яратиб беришди. У ҳали мураббий сифатида ёш, энди 36 ни “урди”. Коростиченконинг мураббийлик фаолияти ҳозирча у қадар кенг эмас. Илгари “Бунёдкор” академиясида ишлаган. 2019 йилдан бери “Локомотив”да меҳнат қилиб келаётганди. Ўтган йилги чемпионатнинг охирги турида сафарда “Насаф”га қарши учрашувда жамоани вақтинча бош мураббий сифатида майдонга бошлаб тушди ва 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Шундан кейин янги мавсумда уни расман бош мураббий этиб тайинладилар. Клуб нуфузини сақлаб қолиш ва мураббий сифатида ўзини кўрсата олиши бу энди Коростиченкога боғлиқ.

Предраг Роган – “Динамо” бош мураббийи

Суперлигага қайтиб чиққан “Динамо”нинг “иштаҳаси” чакки эмас. Самарқанд жамоаси йил бошидан буён селекцияда фаол ишлади. Барчаси эса янги бош мураббийни таништиришдан бошланди. Сербиялик 48 ёшли Предраг Роган “Динамо” таклифига ижобий жавоб қайтариб, клубни бошқаришга киришди. Энди у Ўзбекистон чемпионатида дебютини ўтказади. Роган шу пайтга қадар Сербиянинг қатор клубларини бошқарган. Адашмасак, у ҳали ўзини четда синаб кўрмаган. Мана, илк бор мураббий сифатида “легионер”га айланди. “Динамо” ўз олдига қўйилган катта марраларни сербиялик мутахассис билан босиб ўтмоқчи. Бунинг учун унга шароитлар яратиб бериляпти. Хабарингиз бор, клуб ҳозир Туркияда ўқув-машғулот йиғинини ўтказяпти. Энг катта нарса – бу ишонч. Раҳбарият ва самарқандлик мухлисларнинг Рогандан умиди катта.

Самвел Бабаян – “Навбаҳор” бош мураббийи

Ўтган йилнинг ярмидан наманганликлар жамоасида маслаҳатчи мураббий бўлиб ишга киришган Бабаян бу йилдан бошлаб расман бош мураббийга айланди. Ростини айтиш керак, бу йил “Навбаҳор” Бабаян бошқаруви остида қандай натижа кўрсатиши ҳамма учун қизиқ. Ҳозирданоқ чемпионат фаворитлари қаторида тилга олиняпти. Яхши селекция ишлари амалга оширилди. Мураббий таркибда ўзи кўришни хоҳлаган ижрочиларни йиғди. Қолгани энди мураббийнинг маҳоратига боғлиқ. Клуб раҳбарияти унинг талабларини бажарганча, қулай шароитларни муҳайё қиляпти. “Навбаҳор” қишки тайёргарлик жараёнида иккинчи хориж йиғинида қатнашаётгани ҳам эътиборга молик. Самвел Вячеславович бунгача қандай танқидларга учрагани барчага яхши маълум. Лекин ҳозирги пайтда у яна катта саҳнада.

Никола Лазаревич – “Қизилқум” бош мураббий

29 январь куни 44 ёшни қаршилаган Лазаревич “Қизилқум” клубиниг янги устозига айланди. Бу жамоани узоқ йиллар Ҳамиджон Актамов бошқарди. Бу сафар у жойини сербиялик мутахассисга бўшатиб берди, аммо ўзи клубда қолди ва раҳбарлик лавозимларидан бирида ишини давом эттиради. Никола Сербия, Тожикистон, Саудия Арабистони чемпионатларида ишлади ва тажриба орттирди. Оддий қилиб айтганда, яхши мутахассис. Лекин Ўзбекистон чемпионатида илк бор ишга киришяпти. Мослашув жараёни унинг учун қанча муддатни ўз ичига олишини билмаймиз. “Қизилқум” эса катта режаларни тузиб қўйган. Лазаревич қандай вазифа учун келганини яхши билади. Бошқа янги келган хорижлик мутахассислардан фарқли ўлароқ, Никола ўзбек футболи ва чемпионати билан олдиндан яхши таниш.

Анхель Лопес Перес – “Сурхон” бош мураббийи

Унга нисбатан Суперлигада ишлаётган мураббийлар орасида топ-савиядагиси дея таъриф бераётганларни ҳам эшитяпмиз. Яъни, “Сурхон”га янги бош мураббий бўлиб келган испаниялик Анхель Лопес Перес ҳақида ана шундай гаплар юрибди. 39 ёшли мураббий ҳақида яқинда сайтимиз орқали батафсил маълумот бергандик. Лопес Испанияда Ла Лига клуби – “Гетафе”да фаолият олиб борган. Шунингдек, “Рекреативо” клубига бош мураббийлик қилган. Экваториал Гвинея терма жамоасига ҳам устозлик қилди. Қолаверса, Хитой, БАА, Руминия, Эквадор чемпионатларида ҳам ишлади. Охирги йилларни Грецияда ўтказди. “Волос” ҳамда “Атромитос” клубларига бош мураббийлик қилди.

Энди навбат “Сурхон”га! У янги жамоаси билан аллақачон ишга киришган. Яхши мутахассислиги кўриниб турибди. Аммо “Сурхон”да ҳали яна бошқа ҳал қилиниши керак бўлган ишлар турибди. Испаниялик мураббийга ҳам табиийки вақт керак, ундан тезда натижа талаб қилиниши мантиққа тўғри келмайди. Сабаби, биринчидан, жамоа кишки йиғинни жуда кеч бошлади. Иккинчидан, Анхель Лопесни кеч таклиф қилишди. Унгача клубга испаниялик бошқа мураббий Валманья устозлик қилишни бошлаганди. Бироқ лицензия билан боғлиқ муаммо туфайли ортларига қайтишди. Янги келган мураббий учун жамоани чемпионатга тайёрлашда бир ой вақт бўлади ёки бўлмайди.

Клублармизда ишлайдиган янги бош мураббийлар ҳақида сўз юритдик. Уларнинг орасида беш нафари хорижлик. “Металлург”ни ҳам испаниялик Луисма Эрнандес бошқараётганидан хабардорсиз. Юқорида рўйхатга уни қўшмаганимизга сабаб Луисма ўтган йилнинг охирларда бош мураббийликка киришган. Биз эса бу йилдан эътиборан янги ишга киришган мутахассислар ҳақида сўз юритдик.

Қолган клубларимизда эса мураббийлари жойида. Миржалол Қосимов (АГМК), Рўзиқул Бердиев (“Насаф”), Шуҳрат Мақсудов (“Бунёдкор”), Улуғбек Бақоев (“Сўғдиёна”), Бахтиёр Ашурматов (“Қўқон-1912”), Илҳом Мўминжонов (“Нефтчи”) ва Тимур Кападзе (“Олимпик”) ҳам “режиссёр” сифатида “актёрлар”ини саҳнага тайёрлаяпти. Кўрамиз, кимнинг спектакли яхшироқ чиқаркин? Юқоридаги мураббийларнинг аксарияти билан суҳбатлар уюштирдик ва ўзига яраша жиддий мақсади борлиги билан бирга ваъдалар ҳам беришяпти.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Чемпионатимизда янги "Режиссёр"лар ёхуд Суперлигада катта ваъдалар бераётган мураббийлар