20:25 / 01.03.2022
1 221

Чемпионларимиз Тошкентда қандай кутиб олинди? (видео)

Чемпионларимиз Тошкентда қандай кутиб олинди? (видео)
Нуфузли мусобақада умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллаган боксчиларимиз Ўзбекистонга қайтишди, улар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аеропортида тантанали равишда кутиб олинди.

Болгариянинг София шаҳрида “кичик жаҳон чемпионати” сифатида эътироф этиладиган анъанавий “Stranja Cup-2022” халқаро турнири бўлиб ўтди. 73-маротаба ташкил этилган мусобақада жаҳоннинг 37 та мамлакатидан 370 нафардан ортиқ эркак ва аёл боксчилар ғолиблик учун рингга кўтарилишди.

Мусобақа эркаклар ўртасида 13 та, аёллар ўртасида эса 12 та вазн тоифасида ташкил этилди. Ўзбекистон терма жамоаси мазкур турнирда 8 нафар эркак ва 5 нафар аёл боксчи билан қатнашиб, якунда 6та олтин ҳамда битта бронза медалини қўлга киритган ҳолда умумжамоа ҳисобида 1-ўринга сазовор бўлди.

Алоҳида қайд этиш керак, Россия, Қозоғистон, Украина каби терма жамоалар иккита таркиб билан иштирок этган “Stranja Cup-2022” халқаро турнирида вакилларимизнинг бундай натижа қайд этиши бокс ҳамжамияти орасида катта шов-шувга сабаб бўлди.

Бугун ярим тунда ушбу мусобақада иштирок этган чарм қўлқоп усталаримиз юртимизга қайтиб келишди. Улар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аеропортида тантанали равишда кутиб олинди. Маросимда Спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосарлари Шаҳрулло Маҳмудов, Абдулла Аслонов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон бокс федерацияси мутасаддилари, спортчиларимизнинг оила аъзолари, мухлислар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Эслатиб ўтамиз, терма жамоамиз сафида қуйидаги боксчиларимиз совриндор бўлишди:

Олтин медаль:
-51 кг: Ҳасанбой Дўсматов,
-57 кг: Абдумалик Ҳалаков,
-63,5 кг: Мужибилло Турсунов,
-80 кг: Одилжон Аслонов,
-92 кг: Мадияр Саидраҳимов,
+92 кг: Лазизбек Муллажонов,

Бронза медали:
-52 кг: Турсуной Раҳимова.

Маълумот учун, мусобақа ташкилотчилари томонидан олтин медаль соҳиблари 4 минг евро, кумуш медални қўлга киритган спортчилар 2 минг евро ҳамда бронза медалига сазовор бўлган боксчилар 1 минг евро миқдоридаги пул мукофотлари билан билан тақдирланишди. Қуйида ушбу жараёндан видеони томоша қилишингиз мумкин.


Болгария, София шаҳри, Странжа, Халқаро турнир, Бокс

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Чемпионларимиз Тошкентда қандай кутиб олинди? (видео)