11:30 / 03.03.2022
1 952

Моуриньо рақобатда Шомуродовни енгган ҳужумчини асосий таркибдан ҳайдади

Моуриньо рақобатда Шомуродовни енгган ҳужумчини асосий таркибдан ҳайдади
“Рома” бош мураббийи Жозе Моуриньо 19 ёшли ҳужумчи Феликс Афена-Гьянни яна ўринбосарлар таркибига қайтариб юборди.

Ганалик ҳужумчи жорий мавсумда асосий таркибга қўшилганди. У “Женоа”га қарши дебют учрашувида иккита гол уриб, Жозе Моуриньо ишончига кирган эди. Португалиялик мутахассис уни қўллаб-қувватлаш учун қимматбаҳо кроссовка ҳадя қилгани ҳам бош мураббийнинг ёш ўйинчига муносабатини билдириб туради.

Кейин пайтда Моуриньо Феликсни Тэмми Абрахамдан кейинги иккинчи ҳужумчига айлантирди. Унгача Элдор Шомуродов англиялик тўпурарнинг ўринбосари ҳисобланарди.

Жозе Моуриньо учун Элдордан устун кўринган Феликс хатога йўл қўйди. Бош мураббий унинг тунги дискотекаларда юрганидан хабар топди.

Il Messaggero нашрининг хабар беришича, Феликс ўринбосарлар таркибидаги дўстлари билан тунги дискотекаларга боргани учун Жозе Моуриньо уни асосий таркибдан ҳайдаб, яни иккинчи жамоага қайтариб юборган.

Ўйинчининг бундай қаттиқ жазоланишига клубдаги вазият ҳам таъсир қилди. Моуриньо жамоанинг ҳужумкор ўйинчилари Стефан Эл-Шаарави ва Николо Дзаньоло жароҳатларидан тўлиқ тикланмагани боис Феликсдан бор эътиборини жамоага қаратишни талаб қилган. Бироқ, ёш ўйинчи масала нақадар жиддий эканини тушунмай, кўнгилочар тадбирларга шўнғиб кетгани Моуриньони икки ҳисса ғазаблантирди.

Афена-Гьян жорий мавсумда А Серияда 12 та учрашувда иккита гол урди. Кубок баҳсларида ҳам икки бор майдонга тушди.
Ўринбосарлар жамоасида эса бешта баҳсда қатнашиб, рақиблар дарвозасини олти бор ишғол қилган эди.

Шу тариқа, “Рома” асосий таркибида икки марказий ҳужумчи Тэмми Абрахам ва Элдор Шомуродов қолди. Шунингдек уларга Карлес Перес ва Стефан Эл-Шаарави ҳам ёрдамлашади.

Моуриньога машҳур ўйинчи керак

Bild нашрининг хабар беришича, “Рома” мутасаддилари “Бенфика”да тўп тепаётган Юлиан Вайглни трансфер қилмоқчи. Бу мақсадга эришиш учун римликлар “Милан” билан рақобатлашишига тўғри келади.

26 ёшли ўйинчи “Боруссия”даги фаолияти билан танилган. “Бенфика” уни 2020 йилнинг январида дортмундликлардан 20 миллион евро эвазига трансфер қилган эди.

Вайгл бўйи баланд бўлишига қарамай, техник жиҳатдан кучли ўйин кўрсатади. У ҳар икки оёқда ҳам яхши ўйнайди. Иккинчи қаватдаги курашларда ҳам фаол. Моуриньо германиялик футболчи ёрдамида таянч зонани сезиларли даражада кучайтирмоқчи.

Юлиан Вайгл жорий мавсумда барча турнирларда 37 та учрашув ўтказиб, учта тўп киритди ва жамоадошларига бешта голли пас оширди.

Унинг “Бенфика” билан амалдаги шартномаси 2024 йилнинг ярмигача давом этади. Португалияликлар уни 20 миллион евро эвазига қўйиб юборишга тайёр.

“Рома” Мхитарянни олиб қоладиган бўлди

“Рома” раҳбарияти арманистонлик легионер Генрих Мхитарянга бир йиллик шартнома беришга қарор қилди. Аввалроқ, клуб хўжайинлари ёзда эркин агентга айланадиган плеймейкер билан хайёрлашишга тайёр эканини билдирганди.

La Gazzetta dello Sport нашрининг маълум қилишича, пойтахтликлар жорий мавсумда юқори савияда ўйнаётган ярим ҳимоячи борасида фикрини ўзгартирган. Клуб мутасаддилари яқин кунларда Мхитаряннинг агентлари билан ўзаро ҳамкорлик бўйича музокарани бошлаши кутилмоқда.

Жорий мавсумда Генрих барча турнирларда 32 маротаба майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига учта тўп киритди ва жамоадошларига еттита голли пас узатди.

Моуриньога бу ўйинчининг турли позицияларда ўйнай олиш маҳорати қўл келмоқда. У қанотлардан ҳужум уюштириш, жамоадошларини қулай позицияга чиқариш, ҳужумчи ортида ўйнаш ва плеймейкерлик қобилиятини намойиш қилиб келмоқда.

Мхитарян фаолияти давомида “Пюник, “Металлург Д”, “Шахтёр”, “Боруссия Д”, “Манчестер Юнайтед” ва “Арсенал” каби жамоаларда ҳам тўп тепган.

Жозе Моуриньо, Феликс Афена-Гьян, Шомуродов, Ўринбосарлар таркиби, Рома

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Моуриньо рақобатда Шомуродовни енгган ҳужумчини асосий таркибдан ҳайдади