17:03 / 10.03.2022
1 585

Моуриньо “Витесс”га қарши тактика танлади. Унда Шомуродовга жой борми?

Моуриньо “Витесс”га қарши тактика танлади. Унда Шомуродовга жой борми?
Бугун тунда “Рома” Конференциялар лигаси нимчорак финал дастлабки учрашувини сафарда Нидерландиянинг “Витесс” жамоасига қарши ўтказади.
Италиянинг Il Tempo нашрининг хабар беришича, португалиялик мутахассис ўзи ёқтирган 3-5-2 тактик схемасини қўллайди.

Ҳимоя учун Жанлука Манчини, Крис Смоллинг ва асосий таркибдаги жойини қайтариб олган Мараш Кумбулла масъул.

Асли ҳимоячи бўлган Матиас Винья керак бўлганда чап қанот ҳимоячисига ёрдамлашади. Асосан, ярим ҳимояни мустаҳкам ушлаши талаб этилади.

Шунингдек, Моуриньо майдон марказида Генрих Мхитарян, Сержиу Оливейра ва Брайан Кристантенинг маҳоратига таянмоқда. Жамоа сардори Лоренцо Пеллегрини ҳужум ташкил этишдан ташқари ўзи ҳам рақиб дарвозасига мунтазам хавф солиши режалаштирилган.

Ҳужум чизиғида ўзгариш бўлмайди. Асосий тўпурар Тэмми Абрахам билан бирга Николо Дзаньоло ўйнайди.

Кўриниб турибдики, бугунги учрашувда Элдор Шомуродов бошланғич таркибга киритилмаслиги катта эҳтимол. Ҳамюртимиз захирадан майдонга тушиши мумкин. Бироқ, Моуриньо ҳужумчилар орасида ўзи кашф қилган Феликс Афена-Гьянга кўпроқ ишонч билдираётганини ҳам инобатга олиш керак.

Дзаньолонинг маоши ошади

Gazzetta dello Sport нашри “Рома” раҳбарияти клуб тарбияланувчиси Никола Дзаньолони ушлаб қолиш мақсадида унинг маошини кўтаришга қарор қилганини ёзмоқда.

Маълумотларга қараганда, айни пайтда бир мавсум учун 2,2 миллион евро олаётган ҳужумкор футболчига клуб мутасаддилари 3,5 миллион евро тўлашга тайёр.

Leggo нашри эса, қатор гранд клублар нишонида турган маҳоратли ўйинчини Римда қолишга ва янги битим тузишга кўндириш учун 4,5 миллион евроли маош ҳам етарли бўлмаслигини таъкидламоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, агар клуб футболчи билан келишувни янгилай олмаса уни ёзда сотиб юборишга мажбур бўлади. Чунки Дзаньлонинг амалдаги шартномаси 2024 йилнинг ярмигача тузилган. Агар трансфер масаласи кейинги йилга қолса, ўйинчининг нархи сезиларли даражада арзонлашади.

Спинаццола яна сабр қилади

“Рома”нинг энг маҳоратли ҳимоячиларидан Леонардо Спинаццоланинг қачон майдонга қайтиши ҳамон мавҳумлигича қолмоқда.

28 ёшли футболчи ўтган йили Европа чемпионати доирасида шикастланганидан кейин тикланишга улгургани йўқ. “Рома” мураббийлар штаби тиббиёт ходимлари рухсат бермагунича тажрибали ўйинчини таркибга киритмасликка қарор қилган.

Маълумотларга қараганда, Спинаццола20 март куни навбатдаги чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Ана шунда унинг машғулотларга тўлиқ киришиш вақти аниқланади.

Аввалига Леонердо ўтган йил охирида умумий гуруҳ машғулотларига қўшилиши айтилганди. Лекин ундай бўлиб чиқмади. Жорий йил бошида ўтказилган тиббий текширувлар футболчининг юкламаларга тайёр эмаслигини ва керак бўлса, келаси мавсумгача лазаретда қолишини кўрсатди.

Абрахам янги рекордга яқинлашди

Тэмми Абрахам “Рома” келганидан бери барча турнирларда 20 та гол урди. Англиялик ҳужумчи яна бир бор рақиб дарвозасини ишғол қилса, Рим клубининг афсонавий ҳужумчилари Виченцо Монтелла ва Габриэль Батистута рекордини такрорлайди.

Бу икки тўпурар Рим клубидаги дебют мавсумида ўз ҳисобига 21 тадан гол ёздириб қўйган.

Тэмми Абрахам уларни натижасини такрорлашдан ташқари, ўзининг рекордини ўрнатиш учун жуда яхши имкониятга эга. Чунки мавсум якунланишига ҳали анча бор. Абрахам эса, Моуриньонинг энг ишонган ўйинчиси сифатида деярли ҳар бир учрашувда майдонга тушиши кафолатланган.

Бир сўз билан айтганда, “Рома” тарихидаги энг қиммат трансфер соҳиби ҳисобланган Тэмми Абрахам ўзига сарфланган 40 миллион еврони муносиб оқламоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Моуриньо “Витесс”га қарши тактика танлади. Унда Шомуродовга жой борми?