“Рома” бош мураббийи Жозе Моуриньо кейинги пайтда Элдор Шомуродовга етарличи ўйин амалиёти бермаяпти. Легионеримиз захира ҳужумчиси мақомини 18 ёшли Феликс Афена-Гьянга бой берди. Албатта, бунда португалиялик мутахассиснинг танлови асосий сабаб бўлиб хизмат қилмоқда. Маҳорат ва тажриба бобида Элдорнинг устунлигини ҳамма билади.
Энди Рим клуби Шомуродов пишган чемпионат – Россия премьер-лигасидан ўйинчи олишга ҳаракат қилмоқда.
Corriere dello Sport нашрининг хабар беришича, “Рома” қисқа муддатга бўлса ҳам ЦСКА ярим ҳимоячиси Жан-Филипп Гбаменни ўз сафида ўйнатмоқчи. Манбанинг маълум қилишича, Моуриньога 26 ёшли ўйинчининг ярим ҳимоя ва ҳимоя марказида ишончли ўйнай олиш қобилияти маъқул келган. Бундан ташқари, Кот-д’Ивуарда туғилган футболчида Франция паспорти борлиги унинг кучли бешлик чемпионатларида ўйнашга имкон беради. Чунки бу чемпионатларнинг аксариятида Европа Иттифоқига кирмайдиган давлатлардан келган ўйинчилар сонига чеклов қўйилган.
“Рома”нинг бу ўйинчига эътибор қаратиши ФИФАнинг Россия чемпионатида ўйнаётган легионерларга амалдаги шартномаларини вақтинча тўхтатиб, бошқа жамоаларда ўйнаш ҳуқуқини бергани сабаб бўлди.
Гбамен ЦСКАга шу йилнинг февраль ойида қўшилган эди. Ярим ҳимоячи москваликлар томонидан мавсум охиригача “Эвертон”дан ижарага олинган. “Рома” ФИФАнинг қароридан фойдаланиб, уни 30 июнгача Римда ўйнашига эришмоқчи.
Моуриньо фикридан қайтгани йўқ
Жозе Моуриньо “Рома”га Англия чемпионатининг икки вакили – Гранит Жака ва Диогу Далотни олиб келиш фикридан қайтгани йўқ.
Италия матбуотининг ёзишича, португалиялик мутахассис клуб спорт директори Тьягу Пинтодан бу икки трансферни уддалашни сўрамоқда.
Диогу Далот “Манчестер Юнайтед”даги дебютини айнан Моуриньо қўл остида ўтказган. Гарчи манчестерликлар бир йилдан кейин тугайдиган шартномани узайтиришга ҳаракат қилаётган бўлса-да, португалиялик ҳимоячи доимий ўйин амалиётига эга бўлиш учун бошқа жамоага ўтишга тайёр.
Маълумотларга кўра, Далот Моуриньонинг жамоасига ўтишга мойил бўлиб турибди. Римликлар бу трансферни 10-12 миллион еврога амалга ошириши мумкин.
Гранит Жака трансфери бироз мураккаб бўлади. Ўтган ёзда “Рома” таклифини рад этган швейцариялик ярим ҳимоячи “Арсенал” билан янги битим тузганди. Бироқ, тажрибали ўйинчи жамоа бош мураббийи Микель Артета билан чиқиша олмаётгани римликларга қўл келиши мумкин.
“Арсенал” билан ҳамкорлиги 2024 йилнинг ёзигача тузилган 29 ёшли ўйинчини олиш учун “Рома” 20 миллион евро сарфлашига тўғри келади.
У ишончни оқламади
Қишки трансферлар вақтида Рим клуби икки тажрибали ўйинчи – “Арсенал” вакили Эйнсли Мейтленд-Найлс ва “Порту” ярим ҳимоячиси Сержиу Оливейрани мавсум охирига қадар ижарага олганди. “Рома”да ҳар икки футболчини ёзги трансферлар вақтида тўлиқ трансфер қилиш ҳуқуқи бор.
Клуб мутасаддилари бу ўйинчилар бўйича ҳозирдан бир қарорга келиб бўлган. Унга кўра, клуб мавсум якунланиши билан Мейтленд-Найлсни “Арсенал”га қайтариб юборади. Аслида бу ярим ҳимоячи “канонирлар” сафида асосий таркибга кира олмагани учун ижарага юборилганди.
Эйнсли ўзига берилган имкониятдан фойдалана олмади. Унинг хатти-ҳаракатлари Жозе Моуриньо ва унинг штабидаги мураббийларга ёқмагани айтилмоқда.
Сержиу масаласида муаммо йўқ. У жамоага муҳим ғалабалар келтиришда давом этмоқда. Римликлар ёзда уни “Порту”дан 15 миллион евро атрофидаги маблағ эвазига тўлиқ трансфер қилишни режалаштирган.
Моуриньо шогирдини ҳимоя қилди
Конференциялар лигаси доирасида “Витесс”га қарши ўтказилган учрашувнинг 66-дақиқасида Жозе Моуриньо 100-учрашувини ўтказаётган Николо Дзаньолони захирага олиб, ўрнига Лоренцо Пеллегринини туширди.
22 ёшли ҳужумкор футболчи захира ўриндиғига бормасдан, тўғри кийим алмаштириш хонасига кетди. Одатда, ўйиндан олинганига норози бўлган ўйинчилар шундай қилади. Журналистлар бу ҳолатга эътибор қаратди. Бироқ, Моуриньо ўз шогирдини ҳимоя қилди.
- Ичкарига кириб кетишини унга мен тайинладим. Чунки ҳаво харорати анча совуқ эди ва у терлаб кетгани кўриниб турарди. У яхши ўйнади, сизлар эса фақат ёмон томонини қидирасизлар. Ҳар доим мен ва Николо ўртасига совуқчилик солмоқчи бўласизлар, - деди Жозе Моуриньо. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
НАТО собиқ қўмондони: “Путин Украинанинг тахминан 20 фоизини қўлга киритади”
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
Украина ҚК бош қўмондони: “Фронтдаги вазият мураккаб ва кескинлашиши мумкин”
Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
Россия Курск вилоятидаги ҳудудларини қайтариб олишга 50 минг ҳарбий тўплади
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди