14:06 / 13.03.2022
1 316

Эшмуродов: "Насаф"нинг "Банияс"га қарши ўйин учун режаси, Бердиев қандай руҳлантираётгани ва тайёргарлик ҳақида

Эшмуродов: "Насаф"нинг "Банияс"га қарши ўйин учун режаси, Бердиев қандай руҳлантираётгани ва тайёргарлик ҳақида
“Насаф” клуби чемпионатдаги иккита дурангдан кейин энди бор эътиборини Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф доирасидаги БААнинг “Банияс” клубига қарши учрашувга қаратган.

Бу йил Рўзиқул Бердиев жамоасида ОЧЛ гуруҳ босқичида иштирок этиш имконияти мавжуд. Фақат “Банияс”нинг тўсиғидан ўтиши керак. Бу эса жиддий рақиб. Аммо “Насаф”да ҳам халқаро майдонларда иштирок этиш бўйича тажриба бор. Бундай пайтда таркибдаги маҳоратли ўйинчиларни зиммасига ҳам катта масъулият тушади.

Айниқса, жамоа сардори Умар Эшмуродов ҳимоя чизиғини мустаҳкамлашда асосий ўйинчи. Қолаверса, у майдонда шерикларини ҳам руҳлантириб туриши даркор. Жамоа аъзолари БААга кетиши олдидан Sports.uz мухбири Эшмуродовнинг фикрлари билан қизиқди.

- “Насаф”нинг Осиё Чемпионлар лигаси плей-оффида БААнинг “Банияс” клубига қарши ўйинини мухлислар интиқлик билан кутишяпти. Бўлажак учрашувга тайёргарлик қандай бўлди? Рақибни қанчалик ўргандинглар?
- Муҳим ўйинга тайёргарлигимиз қониқарли бўлди. Рақибни ўйинларини кўриб чиқдик. Олдимизда яна икки кун бор ва ўрганишда давом этаверамиз. У ерга бориб жойлашганимиздан кейин иқлимни ҳам биламиз ва шунга қараб тайёрланаверамиз.

- “Банияс” сафида яхши савиядаги легионерлар борлигини биламиз. Сиз учун рақибнинг қайси футболчиси хавфлироқ кўриняпти?
- Тўғри айтасиз, уларнинг легионерлари бор экан, кўриб чиқдик. Ҳужумчи ва ҳужум ортидаги футболчилар бор, икки нафар аргентиналик ва швециялик. Уларда кўпроқ легионерлар ўйинни белгилаб, натижаларини ҳал қилиб беради. Ўзи араб жамоаларида шундай, кўпинча легионерлари кўп нарсани ҳал қилиб беришади. Шу боис таркибларида 5-6 нафардан хорижлик ўйинчилар тўп суради. Биз ҳам “Банияс”нинг легионерларини эшитдик. Аммо биз ҳам тайёрланяпмиз. Уларнинг легионерларни зўр экан деб жимгина қараб ўтирмаймиз.

- Ғолиб номи битта ўйиндан иборат. Ушбу учрашувнинг Қаршида эмас, сафарда ўтиши “Насаф”га устунлик берадими ёки аксинчами?
- Биласизми, уйда бўлса ҳам, сафарда бўлса ҳам барибир ўйиннинг битта баҳсдан иборатлиги учун қийин бўлади. БААдаги иссиқликни айтмаганда, менимча, унчалик фарқи бўлмаса керак. Агар бу Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи бўлганида бошқа гап эди. Чунки унда уй ва сафар тизимида ўйнайсиз ва бу яхши. Лекин плей-оффда ҳаммаси бошқача. Албатта, бу учрашувни Қаршида ўтказилиши жуда яхши бўларди. Ҳар холда ўзимизнинг об-ҳавоимиз бошқача ва мухлисларимиз кўз ўнгида, уларнинг қўллаб-қувватлаши остида тўп суришнинг гашти ўзгача. Аммо плей-оффда билиб бўлмайди, қандай майдонда бўлмасин, қайси жамоа яхшироқ тайёрланган бўлса, ўша клуб ютиб кетади.

- “Насаф” пенальтилар сериясига ҳам тайёрланяптими ёки барчасини 90 дақиқа ичида ҳал қилиб кетмоқчими?
- Биз ҳамма-ҳаммасига тайёргарлик кўряпмиз. Қўлимиздан келганини қиламиз, бор кучимизни бериб, ғалаба учун курашамиз.

- Лекин “Насаф” Суперлигани ғалабасиз бошлаб, кетма-кет иккита дуранг ўйнаб қўйди...
- Жамоаларни қишки йиғинда яхши тайёргарлик кўришгани кўриниб турибди. Бу мавсум бошланиши. Аммо биз кўпинча чемпионатни шунақа бошлаймиз. Ҳали футболчилар жисмоний томонлама жойига тушиб кетади. Ўтган йили ҳам шунақа бошлагандик.

- Бу дуранглар ОЧЛ плей-офф учрашуви олдидан жамоага ўз таъсирини кўрсатмайдими?
- Бу – футбол. Қўлимиздан келганича ўйнаймиз. Агар ўхшамай қолса, 2-3 кунлаб шуни ўйлаб сиқилиб юрмаймиз, дарҳол кейинги учрашувга тайёргарлик кўриб кетаверамиз. Албатта, ўша ўйинга ғалаба учун бор имкониятимизни сарфлаймиз. Натижа бўлмаса, шуни таъсирида юравермаймиз.

- Осиё майдонларида “Насаф”нинг асосий мақсади қандай? Осиё Чемпионлар лигасидаги юришини давом эттиришми ёки ОФК Кубогини ютишми?
- Йўқ, бизни мақсадимиз гуруҳ босқичига чиқиш. Бошқасини кейин ўйлаймиз. Барибир ОЧЛни даражаси бошқача, у ерда ўйнаш керак. Биз гуруҳ босқичида қатнашиш ҳақида ўйлаяпмиз ва шунга ҳаракат қиляпмиз. Лекин бу қанчалик ўхшашини Худо билади.

- Бу борада Рўзиқул Бердиев футболчиларни қандай руҳлантиряпти?
- Мураббийимиз ҳам жуда жиддий қараяпти ва шунга яраша тайёрлаяпти. Рақиб ўйинларини кўрсатиб, бизга ҳаммасини тушунтиряпти. Ўйинчиларга Осиё Чемпионлар лигасида тўп суриш қандай бўлишини тушунтиряпти. Бундай мусобақада ўйнаш кераклигини айтиб бизни руҳлантиряпти.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Эшмуродов: "Насаф"нинг "Банияс"га қарши ўйин учун режаси, Бердиев қандай руҳлантираётгани ва тайёргарлик ҳақида