08:30 / 17.03.2022
1 339

Рўзиқул Бердиев: "Меҳнатимиз учун кимдандир алоҳида табрик кутаётганимиз йўқ"

Рўзиқул Бердиев: "Меҳнатимиз учун кимдандир алоҳида табрик кутаётганимиз йўқ"
“Насаф” Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф босқичида меҳмонда БААнинг “Банияс” клубини ишончли тарзда енгиб қайтганидан ҳаммамиз жуда қувондик. Чунки “Пахтакор” сингари “Насаф” ҳам энди гуруҳ босқичида юртимиз шарафини ҳимоя қилади.

Қаршиликларнинг ғалабаси эса ўз навбатида “Сўғдиёна”га ОФК Кубоги эшикларини очиб берди. Демак, бу йил 3 та жамоамиз халқаро майдонда иштирок этади. “Насаф” сафардан қайтиб келгач, жамоа устози Рўзиқул Бердиевни табриклаган ҳолда айрим саволларни ўртага ташладик.

- Рўзиқул Саъдуллаевич, рақибни яхши ўрганиб чиққанингиз ўйин давомида исботини топди. Қўл остингиздаги футболчиларга қандай мотивация бердингиз?

- Бу нарсага кўпроқ эътибор қаратдик. Олдиндан бизнинг ҳам, йигитларнинг ҳам нияти Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичида қатнашиш эди. Шунинг учун барча керакли сўзларни топиб бердик. Ўзларинг кўрдинглар, футболчилар руҳий томондан тайёр эди. Бундай турнир, бундай ўйинларда руҳий тайёргарлик биринчи ўринга чиқади. Ҳозирги даражамиз, техник-тактик ҳолатимиз бўйича рақибникидан кам эмасмиз. Лекин руҳий ишонч биринчи ўринга чиққани сабабли футболчиларимиз эркин ва қўрқмасдан ҳаракат қилишди. Олдинлари халқаро учрашувларда руҳий тайёргарлик жойида бўлмасдан осонгина мағлубиятга учрардик. Бу сафар йигитларда ўзига бўлган ишонч, иштиёқ, рақибдан чўчимаслик - ғалабамизга асосий омиллар сифатида айтиш мумкин.

- “Насаф” “Е” гуруҳидан жой олди. У ерда “Ал-Садд”, “Ал-Файсали” ва “Ал-Виҳдат” каби клублар бор. Бу гуруҳ борасида фикрингиз қандай? Барча рақиблар тенг кучлими ёки “Ал-Садд” яққол фаворитми?

- “Ал-Садд”ни ўзимиз яхши биламиз. Бутун Осиё ҳам билади. Бу жамоага қарши икки марта ўйнаганмиз. Қолган икки жамоани ўрганишда давом этамиз. Лекин плей-офф ўйинидан олдин ҳали бу ҳақда бош қотирмагандик. Аниқ шуни биламизки, гуруҳ босқичида ҳеч қандай босимсиз, эркин ўйнашга ҳаракат қиламиз. Бу жиҳат жуда муҳим бўлади. Асосийси, биринчи вазифамизни бажардик. Иккинчи вазифамиз эса имкон қадар турнирда яхшироқ қатнашишимиз керак. Таркибимиздаги бир қанча ўйинчилар Осиё Чемпионлар лигасида илк бор қатнашишади. Бу улар учун катта мактаб бўлади. Осиё Чемпионлар лигасида ўзини кўрсатиш бўйича иштиёқ ҳам, мотивация ҳам йигитларимизда юқори даражада бўлади.

- Гуруҳ босқичининг тақвимини кузатганимизда барча олти учрашув апрелда бўлиб ўтади. Масалан, 8-куни сафарда ўйин, 11-куни эса Қаршида. Ўйинлар мана шундай тарзда тиғиз экан. Бу ноқулайликлар туғдирмайдими?

- Албатта, қийинчиликлар бўлади. Айтайлик, таркибимиз жуда бой эмас. Бу ҳам албатта таъсир қилиши мумкин. Бундан ташқари, об-ҳавонинг ҳам ноқулайлиги бўлиши мумкин. Балки ўша пайтга келиб янада иссиқ ҳавога айланиши ҳеч гап эмас. Лекин ҳозирги шароитимизда бор имкониятимиздан фойдаланамиз.

- “Насаф”нинг ғалабаси туфайли “Сўғдиёна” ОФК Кубогида қатнашиш имконига эга бўлди ва табиийки, ўзбек клубларининг халқаро майдондаги рейтингини оширишда ҳисса қўшяпсизлар. Қизиқ, плей-офф ўйинидан сўнг, шу пайтгача “Сўғдиёна”дан кимдир сизни табрикладими?

- Йўқ, ҳеч ким миннатдорчилик билдирмади, бу муҳим эмас. Бу меҳнатимиз учун кимдандир алоҳида табрик кутаётганимиз йўқ. Биз ўз ишимизни, ўз вазифамизни бажаряпмиз холос. Биламан, “Сўғдиёна” жамоаси ҳам, мухлислари ҳам бундан хурсанд. Тўғриси, ўзимиз ҳам бу вазиятдан мамнун бўлдик. Чунки халқаро майдонларда жамоаларимиз қанча кўпайса, бу футболимиз учун ҳам яхши. Мана шундай лицензияларни кўпайтиришда ҳисса қўшаётганимиздан жамоамиз билан бирга жуда хурсандмиз. Ўтган йили ОФК Кубогидаги ўйинларимиз ҳам бизга ўринлар берди. Бу йил иккита ўзбек клубини ОЧЛ гуруҳ босқичида қатнашиши ҳам бизга очколар келтиради. Ўйлайманки, “Сўғдиёна” клуби ОФК Кубогида ўз олдига юқори мақсадни қўйса керак.

- Олдинда жамоангизни Олмалиқда АГМКга қарши яна бир жиддий баҳс кутяпти. Сафардаги беллашувдан сўнг тикланиш қийин кечмайдими?

- Ўйинлар 5 кун оралиғида бўляпти, менимча, бу нормал ҳолат. Жамоамиз бемалол ўзига келиб, тикланишга улгуради. Тикланиш жараёнларини кечадан бошладик. Ўйлайманки, йигитларимиз АГМК билан бўладиган учрашувга нормал ҳолатда бўлишади. Жисмоний тарафдан барчаси жойида бўлади, деб умид қиламан.

- “Насаф”га халқаро майдонда барча ўзбекистонликлар мухлислик қилишяпти. Уларга нима деган бўлардингиз?

- Албатта, биз мухлислар учун ўйнаймиз. Плей-офф учрашувида аниқ билдик ва аниқ ҳис қилдикки, бутун ўзбекистонлик ишқибозлар биз учун қайғуришди, қўллаб-қувватлашди. Жамоамиздан ғалаба кутишди, барча ишқибозларнинг ишончини оқлаганимиздан хурсандмиз. Ҳар доим футболимиз мухлислар учун. Футболимиз даражаси БАА клублариникидан кам эмаслигини кечаги учрашувда исботладик. Бизда энг зўр мухлислар бор, улар футболни яхши кўришади. Барчамиз биргалашиб футболимиз даражасини кўтарайлик. Ҳар бир стадионда ўйинлар байрам даражасига чиқсин.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Рўзиқул Бердиев: "Меҳнатимиз учун кимдандир алоҳида табрик кутаётганимиз йўқ"